Шавкат Мирзиёевнинг қандай мақсадлари бор?

976
0

Ассалому алайкум

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой ўртасидаги темир йўл қурилишига Россиянинг муносабати қандай бўлади???

Ўзбекистонни Қирғизистон ва Тожикистон билан алоқаларини яхшилаб боришидан Ш.Мирзиёевнинг қандай мақсадлари бор? Нимага ўзгаришлар бундай тез содир бўляпти?

 

Ваалайкум ассалом

Ўзбекистон Каримов бошқаруви остида максимал даражадаги кучли диктаторлик режимининг зулми энг юқори чўққисига етиб борди. Охирги вақтларда Каримовнинг диктаторлик даражаси мамлакат иқтисоди ва ҳатто ташқи сиёсатидаги манфаатларга катта зарар олиб кела бошлади. Бу эса мамлакатда режимнинг диктатураси боши берк кўчага кириб бораётгани ва бу жуда кучли портлаши мумкин бўлган хавфли ҳолат пайдо қилиб бораётганини англатар эди. Чунки ҳар қандай ўта қаттиқ авторитар режимнинг ҳам чўққиси, интиҳоси ва якуни бўлади. Бутун халқаро сиёсат Ўзбекистон режимининг шу интиҳосини кутиб, уни қандай оқибатларга олиб бориши мумкин эканидан хавотирда эди.

Шу пайтда Каримов ўлди ёки ўлдирилди. Қандай бўлганида ҳам режим бошидан айрилди. Каримовнинг ижроий вазири бўлган ва охирги ўн йилликда мамлакат ички сиёсий кетувини деярли ўзи бевосита юргизиб борган Мирзиёевдан бошқа, вақтинчалик бўлса ҳам бошқарувни эплай олиши мумкин бўлган сиёсатчи топилмай қолди. Режим вакиллари деярли бир овоздан ҳокимият тизгинини унга топширишди.

Мирзиёев собиқ режимни йўқ қилаётгандек ҳаракатлар олиб боряпти, лекин ундай эмас. У режимни реформа қилиб, уни ўзига мослаб янгилаб бораяпти. У режимнинг асоси бўлган элита вакилларини сақлаб қолиб, Ғуломов сингари Каримовнинг хос югурдаклари бўлган ва элита вакиллари бўлмаган шахсларни жазога тортиб юборяпти.

Режим, фуқоролари устидаги босимларини қўйиб юбораётиб, ўзбек халқини иқтисодий ислохотлар ва иқтисодий ҳолатларини бир мунча яхшилаётгандек, ўзгаришлар киритиб бораяпти. Лекин у режимни хали ўзгартиргани йўқ! Барча реформалари асоссиз, оғзаки, халигача қонунийлаштирилгани йўқ. Яъни конституция ёки бошқа дастурларни халқ референдумига қўйиб ўзгартириш ҳақида гап бўлгани йўқ.

Ўзбекистонда ҳақиқий ўтиш даври бўлгани йўқ! Мирзиёев янгича сунъий ўтиш даврини пайдо қилиб боряпти. Халқаро сиёсат ҳам уни бу ишида қўллаб-қувватлаб келяпти. Шунинг учун у олиб бораётган ташқи ва ички реформалар, келишим ва шартномалари осон амалга ошиб боряпти. Қўшни давлатлари бўлган Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон ҳатто Россия, Хитой ва Афғонистон билан ҳам алоқаларни кучайтиряпти. Халқаро сиёсат қўллови бўлмаса бундай алоқалар ўта мувафаққиятсизликлар билан қийин кечади.

Демак, Мирзиёев Ўзбекистонда жуда катта бебошликлар билан бўлиши кутилган инқилобий халқ интиқомини олдини олиб қолди. Бу эса нафақат Ғарб олами учун балки Россия учун ҳам ўта манфаатли ўтиш даври бўлди десак тўғри бўлади. Мирзиёевнинг реформаларига Россия муносабатларига шу нуктадан қаралса тўғри ечилади. Яъни, Россия ҳам Мирзиёевнинг реформалари кутилган натижалар билан тинч амалга оширилишидан манфаатдор.

Шунинг учун у Мирзиёевнинг Хитой ва АҚШ каби давлатлар билан баъзи иқтисодий, сиёсий алоқаларига кучли қаршилик қилмайди ёки қила олмайди. АҚШ давлат котибининг Марказий Осиё бўйича маслахатчиси “Америка овози” радиосига берган баёнотида “АҚШ Ўзбекистон билан қўшни давлатлар туркумига кирмайди, демак, у қўшничилик иқтисодий алоқаларига аралашмайди”, деди. Демак, АҚШ Россиянинг Ўзбекистондаги иқтисодий манфаатларига қарши кескин ҳаракатлар олиб бормайди.

Мирзиёев 25 йил мобайнида қўлдан бой берилган имкониятлар ва вазиятларни ўнглаб олишга шошиляпти. Чунки бу имконият эшиклари унга ҳамиша ҳам очиқ турмайди. Халқаро сиёсат Мирзиёевнинг олиб бораётган реформаларидан рози. Лекин у Каримовнинг режимини ўз қўлига ўтказиб олмоқчи. Халқаро сиёсат ҳам унинг бу мақсадига қарши эмас.

Абдураззоқ

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here