Жээнбеков расмий сафар билан Ўзбекистонга боради
Президенти матбуот хизматининг хабар беришича, президент Сооронбай Жээнбеков 11 декабр куни мамлакат ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаевни қабул қилди.
Эрлан Абдилдаев учрашув давомида Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти иштирокчи давлатлари ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Австрия пойтахти Вена шаҳридаги йиғилишидаги иштироки якунлари, шунингдек, Сербияга расмий ташриф ҳақида ҳисобот берди.
Бундан ташқари, ташқи ишлар вазири давлат раҳбарига президент Сооронбай Жээнбековнинг Ўзбекистонга расмий ташрифига тайёргарлик жараёни ҳақида ҳам маълумот берган. Қайд этилишича, ташриф жорий йилнинг 13-14 декабр кунлари бўлиб ўтади.
Сооронбай Жээнбеков бўлиб ўтган учрашувда, ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаевга президентлар учрашувига синчиковлик билан тайёргарлик кўришни топширди, дейилади хабарда.
Бундан аввалроқ, 7 декабр куни Шавкат Мирзиёев давлат мукофотларини тантанали топширишга бағишланган йиғилиш вақтида Ўзбекистонга қўшни давлат раҳбари келиши кутилаётгани ҳақида маълум қилган эди.