Исломий ўлка раҳбарларининг ўрнига Шимолий Корея раҳбари баёнот берди
АҚШ президенти Доналд Трампнинг Қуддусни яҳудий давлатининг пойтахти сифатида тан олиши ва АҚШ элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга кўчириш қарори ҳақида Ислом ўлкалари раҳбарларидан кутилган баёнот Шимолий Корея раҳбари тарафидан берилди. Трампни “ахмоқ чол” деб атаган Шимолий Корея раҳбари Ким Жонг-ун унинг қарорини “мулоҳазасиз ва ахмоқона ҳаракат” сифатида баҳолади.
“Исроил деган давлат бормики, унинг пойтахти Қуддус бўлса”, деди Ким Жонг-ун.
Шимолий Корея Ташқи ишлар вазири Ри Ёнг Ҳо яҳудий давлатини тан олмаслигини айтиб, Қуддусни Фаластиннинг пойтахти деб қабул қилишларини билдирди. “AFP” ахборот агентлигининг хабарига кўра, Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котибларидан бири Қуддус ҳақида берган баёнотида Трампнинг Қуддус ҳақидаги қарорини “ноаниқ ва шайтоний” дея таърифлаган. Баёнотда айтилишича, АҚШнинг бу ҳаракати дунё тинчлигига ва глобал хавфсизликка ким таҳдид туғдираётганини аниқ равшан кўрсатмоқда.
“БМТ таркибидаги тамоман суверен давлат (Шимолий Корея)ни йўқ қилишга чақирган руҳий касал аҳмоқ (Президент Доналд Трамп)нинг бу ҳаракатидан ҳайрон бўлмадик. Бу ҳаракат дунё тинчлигига ким таҳдид солаётганини аниқ курсатиб турибди”, “Биз қонуний ҳуқуқларига эга бўлиш учун курашаётгган Фаластин ва Араб халқларини қўллаб-қувватлаймиз ва улар билан ҳамжиҳатмиз”, дейилади Шимолий Корея ташқи ишлар вазирлигининг тавсифномасида.
Трамп 6 декабр куни берган баёнотида Қуддусни яҳудий давлатининг пойтахти сифатида тан олганини билдирган эди. Трамп ўз баёнотида АҚШ ташқи ишлар вазирлигига Тел-Авивдаги Америка элчихонасини Қуддусга кўчириш учун тайёргарлик бошлаш ва бу ишга муҳандисларни жалб қилиш ҳақида буйруқ берганлигини билдирди.
Ажабланарли жойи шундаки, маълум бўлишича, Трамп Қуддус ҳақида баёнот беришдан аввал, ўзларича Қуддус ва Ақсо масжидига жон куйдириб, дод-вой солаётган кўпгина Ислом ўлкаларининг раҳбарлари билан телефон орқали суҳбатлашган. Бу раҳбарлар орасида Саудия Қироли Салмон бин Абдулазиз, Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос, Иордания қироли Абдуллоҳ, Миср президенти ас Сисилар бор. Трамп улар билан билан суҳбатлашаётганда бир неча соатдан сўнг Қуддусни Исроилнинг пойтахти сифатида эълон қилишни маълум қилган.