Россия Тожикистондаги ҳарбий базасини дронлар билан таъминлайди

582
0

Россия Тожикистондаги ҳарбий базасини дронлар билан таъминлайди

 “Интерфакс” ахборот агентлигининг хабар қилишича,  Россиянинг Тожикистондаги 201-ҳарбий базаси йил охиригача учувчисиз бошқариладиган учоқ (дрон)лар батальонига айлантирилади. Бу ҳақида марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, генерал-полковник Владимир Затрудницкий маълум қилди.

 Қўмондоннинг сўзларига кўра, батальонга “Орлан” ва “Элерон” замонавий комплекслари  келтирилади. Владимир Зарудницкий учувчисиз бошқариладиган учоқ (УБУ)ларнинг умумий сонини тилга олмаган.

 “Бўлинма ягона информацион тизимда бир неча УБУ кучларидан фойдаланиш, шунингдек, мотоўқчилар, артиллерия ва авиация ҳаракатининг самарадорлигини ошириш имкониятини яратади”,- деди Владимир Затрудницкий.

 Генерал, шунингдек, Тожикистондаги 201-ҳарбий база “Ураган” бираваракайига ўт очиш ракета тизимлари дивизионига ҳам эга бўлгани ҳақида айтиб ўтди. Бу ўт очиш тизими тоғли рельеф шароитларида 35 км узоқликкача бўлган нишонни бехато уриш имконини беради.

 Россия ОАВлари генерал-полковник Владимир Затрудницкийга асосланиб, 201-ҳарбий база жанговар имкониятлари “Ураган” тизими ҳисобига жиддий равишда ошганини ёзишмоқда, бироқ ҳарбий база шахсий таркибининг сони халқаро битимлар доирасидан четга чиқмайди.

 Маълумки, 201-ҳарбий база Россиянинг хориждаги энг йирик ҳарбий объекти ҳисобланади. Унинг бўлим ва бўлинмалари Душанбе ва Қўрғонтепа шаҳарларида жойлашган. Икки томонлама битимга кўра, Россиия ҳарбий базаси Тожикистонда 2042 йилгача фаолият кўрсатади.

 Сўнгги йилларда Тожикистоннинг турли ҳудудларида йирик ҳарбий машқлар ўтказилди. Уларнинг энг йириги Тожикистон жанубидаги Қабодиён туманидаги “Ҳарбмайдон” полигонида тожик-рус ҳарбийлари томонидан ўтказилган қўшма машқ бўлди. Ўтган йилнинг март ойида ўтказилган ҳарбий ўқув-машқларнинг асосий мақсади афғон-тожик чагарасидан бостириб киришга уринувчи қуролли жангарилар гуруҳига муносиб қаршилик кўрсатиш бўлган.

 Расмий маълумотларга кўра, қўшма машқларда 950 бирликдаги ҳарбий техника, 20 та зарбдор ва транспорт самолётлари, 12 турли вертолётлар, шунингдек учувчисиз бошқариладиган учоқлардан фойданилган. Унда Тожикистоннинг 15 минг зобити, захирадаги аскарлардан 30 минг  киши, шунингдек, Россиянинг 2 мингга яқин ҳарбий хизматчиси иштирок этган.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here