Нурсултан Назарбаев Атамбаевнинг сўзларига жавоб берди

433
0

Нурсултан Назарбаев Атамбаевнинг сўзларига жавоб берди

 “Казинформ” тарқатган хабарга кўра, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбаев Қирғизистон билан чегара 2010 йилда нега ёпилганига изоҳ берди.

Назарбаевнинг сўзларига кўра, 2010 йилда ҳақиқатдан ҳам чегара ёпилганди. “Келажакда яна шундай вазият кузатилса, биз яна чегарани ёпамиз. Қайси давлат бундай ҳолатда чегарани ёпмайди? Бугун Туркия ҳам чегараларни ёпмоқда, ўшанда эса Қирғизистон билан чегарани Ўзбекистон ҳам, Тожикистон ҳам ёпди, шунинг учун бунда айбдорлар йўқ, ҳаммасига бу давлатдаги ҳолат айбдор эди”, – дея аниқлик киритди у.

Қозоғистон президентининг айтишича, қирғиз ва қозоқлар биродар халқлар бўлиб, буни қўллаб-қувватламайдиганлар йўқ. “Биз қўшни давлатлармиз. Президентлар ва давлат раҳбарлари кетади, халқларимиз эса қолади, шунинг учун ҳозирда бунга катта эътибор қаратиш керак эмас. Уларда ҳозирда сайловлар ўтмоқда, ҳаммаси ўзгармоқда, бундай ҳолатда шундай вазиятлар бўлиб туради”, – дея айтиб ўтди Нурсултон Назарбаев ОАВ вакилларига берган интервьюсида.

Аввалроқ Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Euronews телеканалига берган интервьюсида журналистнинг “Сиз бу иттифоқ (Евроосиё иқтисодий иттифоқи) кўпроқ Россия манфаатларига хизмат қилади деб ҳисобламайсизми?” деган саволига жавоб қайтарар экан, “Ким биландир савдо қилиш керак, биз қўшнилар билан қандайдир ишлашимиз керак. Агарда Евроосиё иқтисодий иттифоқига кирмаганимизда, бизга қамал (блокада) таҳдид қилаётганди. 2010 йилда, Қозоғистон бизга бир ярим ойлик қамал ташкил қилиб берганида, бизда ҳаттоки инсонлар қурбон бўлган. Бу рўй берди, шунинг учун қамал – бу ёмон нарса”,- деган эди.

Туркистон:

Нурсултон Назарбаев босим билан гапираётгани кўриниб турибди. У сиёсат устида ўтирган одамлар ҳис-туйғуларини жиловлай олишлари керак, деб Атамбаевга танбеҳ беряпти.

Алмазбек Атамбаев расмий баёнотларида ҳис-туйғуларини боса олмай кўп хатоларга йўл қўяпти. У сиёсий терминларни ўз ўрнида ишлатиш, сиёсий вазиятни нозик тушуна билиш ва сиёсий этика тартибларини билмайди. Охирги вақтда юз бераётган сиёсий жараённинг кескинлашиб бориши унинг руҳиятига ёмон таъсир кўрсата бошлади шекилли. У ҳатто болалар билан ёки чет давлат элчилари билан расмий-норасмий учрашувларида, мавзуга ёки протоколга алоқаси бўлмаган гапларни гапириб юборяпти.

Қозоғистон Қирғизистонда юз бераётган жараёнларга нисбатан бефарқ эмас. Аксинча, таъсир ўтказишга ва Қирғизистонни ўзининг стротегик манфаатлари томон юргизишга ҳаракат қилади. Назарбаев юқорида шуларни айтиб, илгари ҳам шундай бўлган, бундан буён ҳам шу йўналишда ҳаракат қиламиз, демоқчи бўляпти.

Атамбаев Путиннинг мулозаматли сўзларидан таъсирланиб кетди. Бу тарихда Саддам Ҳусайн катта Бушдан телефон орқали Қувайтни босиб олишга рухсат сўраганида, Бушнинг“у сизнинг ички муаммоингиз” деган жавобини тўғри тушуниб, Қувайтга ҳарбий юриш қилиб юборганини эслатади. Шунда АҚШ вазиятдан фойдаланиб Ироққа биринчи ҳарбий юришини бошлаган эди.

Сиёсатда сиёсий этика, сиёсий мулозаматлар бўладики, бу сўзлар баъзида ёлғон, баъзида эса мақсаднинг тескарисини ифодалайди. Қирғизистоннинг ҳолатида  Путиннинг айтган сўзлари вазиятлар ўзгариши билан ўзгариб кетиши мумкин бўлган сиёсий терминлар эди холос. Чунки Путиннинг эндиги муносабатларига Назарбаев, Рахмонов  ва Мирзияевларнинг таъсири жуда катта. Бундан ташқари Қирғизистондаги ички сиёсий ҳолатнинг ўзгариши кескинлашиб бораётгани ва Ғарб системаси томонидан кириб келаётган сақофатнинг таъсири ҳам салмоқли аҳамият касб этади. Чунки Ғарб сақофати рангли инқилоб шаббодасини олиб келяпти. Бу эса, нафақат Қирғизистон, балки бутун минтақага ўз таъсирини кўрсатиши аниқ.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here