Атамбаев номаълум муддатга меҳнат таътилига чиқди

453
0

Атамбаев номаълум муддатга меҳнат таътилига чиқди

 Президент маъмуриятининг хабар қилишича, Алмазбек Атамбаев 5 декабр куни меҳнат таътилига чиқди.

 “Интерфакс”нинг ёзишича, маъмурият президент қанча муддат таътилда бўлишига ойдинлик киритмаган.

 Атамбаев 1 декабр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида мамлакатни 2040-йилга қадар тараққий эттирувчи янги стратегия устида ишлаш учун яқин вақт ичида таътил олишини маълум қилган эди.

 Маълумки, Қирғизистон президентининг бундан олдинги таътили сентябр ойида, кўкрак қисмида пайдо бўлган оғриқ сабаб бўлиб ўтган эди.

Туркистон:

Қирғизистон сиёсий инқироз остонасида турган бундай пайтда президент ўз тарафдорларини жанг майдонида қолдириб ташлаб чиқиб кетибди. Қирғиз элитаси ва сиёсатчиларининг бир неча бўлакка бўлиниб, бир бирларига душман бўлишларининг асосий нуқтаси референдум эди. Унинг қай даражада ўтиши етакчи гуруҳнинг тақдирий масаласи бўлиб турибди.

Президентнинг шу вақтда таътил олиши умидсизлик ва хавф хатарнинг сезиларли даражада эканига далолат қилади. Унинг ортидаги гуруҳ эса, унчалик қувватга ва обрўй эътиборга эга эмас. Демак, улар бош қўмондонларига бўлган охирги умидларидан ҳам воз кеча бошлашади. Бу ҳолат сиёсий бўшлиқни кенгайтириб бораверади. Сиёсатчилар қўлларидаги салтанатга ишона олмай қолишди. Ҳаммаси янги келаётган етакчи гуруҳни изламоқда. Топганлари ҳозирча махфий бўлса ҳам, улар билан ҳамкорлик қилиш йўлларини излай бошлашди.

Етакчи гуруҳнинг жиноятлари ичида қолиб кетган бир тоифа сиёсатчилар эса, борарга жойи йўқ. Улар охиригача туришга ҳаракат қилишади. Лекин уларнинг кўп қисми қочиш йўлакларини қидира бошлади. Махфий равишда албатта.

Булардан ташқари, Мадумаров сингари (ўлимтикхўр) сиёсатчилардан иборат яна бир гуруҳ бор. Булар ҳам, ўзларига  ўхшаш тоифаларини қидириб топиб, сиёсий бўшлиқни тўлдиришга ҳаракатини кучайтиришяпти. Улар миллатчи ва шимолда тан олинмаганлиги сабабли жанубпараст кучлар йиғиндиси бўлиб, популистик чиқишлар қила бошлашди. Мақсадларидан бири, вазиятнинг кетувига қараб Қирғизистонни иккига бўлиб юборишни режалаштириши мумкин бўлган ташқи кучларга ўзларини таклиф қилиш ёки жамиятда шу фикрни пайдо қилиш орқали ички сиёсий гуруҳларни хавфга солиб, ўзлари билан ҳисоблашишга мажбур қилишдир. (Ўз вақтида Мелс Мирзаакматов худди шу йўналиш билан Ўш шаҳрини манаполия қилиб, ҳукуматни бир қанча йиллар ўзи билан ҳисоблашишга мажбур қилган эди.)

Ҳақиқий мухолиф кучлар ҳам бир неча йўналишлар бўйлаб иш олиб боришга ҳаракат қилишяпти. Улар ҳам ҳозирча АҚШ ёки Россия тарафидан аниқ бир таклифни имзолашга журъат қилишгани йўқ. Лекин кутишяпти. Жиянбеков, Байсалов сингари бир қаторлари сиёсатчилар ўзларини АҚШпараст эканликларини яширишаётгани йўқ. Лекин уларнинг таъсир қувватлари ҳозирча унчалик кучли эмас. Чунки улар Ғарбпараст кучларнинг ҳокимиятга фақат рангли инқилоб йўли билан кела олишлари мумкин эканини англаб етишяпти.

Россия Атамбаевни тўпалонсиз ҳокимиятни конструктив мухолиф кучларга ўтказиб беришини талаб қиляпти. Чунки русларга Атамбаевнинг шахсини кераги йўқ. Уларга Қирғизистондаги барча тармоқларда турган манфаатларининг хавфсизлиги керак. Рангли инқилоб эса, унинг деярли барча манфаатларига хавф солади. Авваламбор стротегик жиҳатидан.

Лекин, Атамбаев кечиктириб юборди. У вазиятни ўзим ўнглай оламан деб, Русларни ҳам кечиктирди. Ҳозирги ҳолатда тинчгина бирор руспараст етакчига ҳокимиятни ўтказиб бериш деярли мумкин эмас. Фақат мухолиф қувватларнинг бирига ўтказиб бера олади. Шунинг учун руслар энди мухолиф кучлар билан тил бириктириш ҳаракатларини кучайтиришади. Мадумаров ва деярли бошқа барча сиёсатчилар ҳам худди шуни, яъни ўзларини бозорга солиш орқали, халқаро эътиборга эга бўлган учинчи кучлардан бўлган харидор кутишяпти. Мана шу ҳолатни сиёсий инқироз ҳолати дейилади.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here