«Ўзбекнефтгаз» хорижий инвесторлар ўртасида тендер эълон қилди

444
0

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги бир қанча нефт-газ конларида геологик қидирув ишларини олиб бориш, тадқиқот юритиш ва қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш учун тендер эълон қилди.

Ўзбекнефтгаз миллий холдинги компанияси тарафидан берилган баёнотда айтилишича,  тендер эълон қилишдан мақсад мамлакатнинг Сечанкўл, Оқжар ва Чимбой инвестиция блокларида геологик қидирув ишларини олиб бориш, шунингдек Урга, Оқчалоқ ва Чандир конларида қазиш ишларини жадаллаштиришдир. Бу лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий инвесторлар таклиф қилинган. Ушбу лойиҳага қизиқиш билдирган хорижий компания ёки инвесторлар шу ҳафта охиригача  танловда иштирок этиш учун мурожаат қилишлари мумкиндир.

Мазкур лойиҳалар Ўзбекнефтгаз билан хорижий инвесторлар ўртасида қўшма корхоналар ташкил этиш йўли билан амалга оширилади. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 700 миллион доллар бўлиши кутилмоқда.

Бутун мамлакат бўйлаб 200 атрофида нефт-газ майдони аниқланган. Ўзбекистонда  нефт ва газ конларининг 100дан ортиғи айни пайтда ўз фаолиятини давом эттирмоқда. 50га яқин кон эса фойдаланиш учун тайёрланмоқда. 30дан ортиқ жойларда қидирув ишлари олиб борилмоқда. 10га яқин нефт ва газ конининг фаолияти тўхтатиб қўйилган.

Айни пайтда рус ахборот агентликлари Россиянинг “Газпром” ширкати 2016 йилда Ўзбекистондан табиий газ сотиб олишни кўпайтириши ҳақида ёзмоқда. Хабарларда айтилишича, Газпром ширкати Россияга экспорт қилинадиган ўзбек гази ҳажмини ошириш бўйича ўзбек газчилари билан ўтган ойда келишувга эришганлар. Газпром ширкатининг раҳбари Алексей Миллер газ соҳасида Ўзбекистонни “ишончли ҳамкоримиз” деб атади ва келишув натижасини юқори баҳолашини билдирди.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here