АҚШ ҳукумати Сурияда террорчи (Исломий) гуруҳларнинг Сурия ҳокимиятини қўлга киритиш таҳликаси борлиги сабабли Асад режимининг қулашини истамайди. Бу ҳақида АҚШ марказий разведка бюросининг раҳбари Жон Бреннан маълум қилди.
“Қилишимиз керак бўлган охирги иш уларни (Исломий гуруҳларни) Дамашққа юришларига йўл қўймасликдир. Ҳеч биримиз, Россия ҳам, АҚШ ҳам, коалиция давлатлари ҳам, минтақа давлатлари ҳам Сурия режимининг қулашини истамайди”, деди Жон Бреннан очиқчасига.
Бреннан Ню-Йорк ташқи алоқалар кенгашида қилган нутқида АҚШ ҳукумати агар Асад режими қулайдиган бўлса унинг ўрнини ким эгаллашидан хавотирда эканлигини очиқлаб, “менимча бу ўринли хавотир”, деди.
“Шу боис ҳам Сурия мухолифати сафидаги радикал бўлмаган (мўътадил) гуруҳларни кучайтириш муҳим аҳамият касб этади”, дея қўшимча қилди у.
АҚШ давлат котиби Жон Керри ҳам Сурияда сиёсий ўзгарувни вужудга келтириш учун давлат президенти Башар Асад билан музокара ўтказишга мажбур эканлигини билдирди.
“Алал-оқибат музокара олиб боришга мажбурмиз. Женева 1 конференцияси контекстида ҳар замон музокара олиб бориш ниятида бўлдик”, деди Керри Американинг “CBS News” телевизион каналига берган интервьюсида.
Жон Керри Сурия инқирозини тўхтатишга қаратилган дипломатик жараённи янгидан жонлантиришнинг йўлларини излаётганини маълум қилар экан, музокарага рози қилиш учун Башар Асадга босим ўтказишга тўғри келиши мумкинлигини очиқлади.
“Асаднинг бу ишни қабул қилиши (музокара столига ўтириши) учун ҳаракат олиб боряпмиз. Бу амалга ошиши учун унга турли босимлар ўтказиш керак бўлиши ҳам мумкин. Бу босимларни вужудга келишига имкон яратадиган қадамлар ҳақида бош қотираётганимизни инсонларга аниқ ифодалаб бердик”, деди.
Керри Асад билан ўтказиладиган музокара ўта муҳимлигига урғу берди. Унга кўра, Сурия масаласига ҳарбий эмас, сиёсий ечим топиш кераклиги борасида барча тараф ҳамфикрдир.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, шу вақтгача АҚШ Суриянинг келажагида Асад учун ўрин йўқ деган позицияни олға суриб келаётган эди. Аммо энди Асад билан музокара ўтказишга мажбур эканлигини очиқламоқда.