Ҳукумат кимнинг ноғарасига ўйнамоқда?

424
0

  Сўнг вақтларда Қирғизистон оммавий ахборот воситалар орқали мустақил тахлилчи, ҳукумат аъзолари куч органларининг Қирғизистонда вужудга келган ва “жиддий таҳдид” пайдо қилаётган “исломий хатар” тўғрисидаги хабарлари тез-тез пайдо бўлмоқда.

  Қирғизистонда фаолият олиб бораётган “Дин, ҳуқуқ ва сиёсат” маркази директори Қодир Маликов 21 январ куни Бишкек шағрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида, “Ироқ ва Суриянинг бир қисмини ишғол этган “Исломий давлат” террор гуруҳи Марказий Осиёда нобарқарорликларни келтириб чиқаришга 70 миллион доллар ажратгани” ҳақида маълум қилган эди.

  Қирғизистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Тойирбек Сарпашев эса Ўш вилоятига қилган иш сафари вақтида Қорасув ва Аравон туманларини Луганск ва Донецк шаҳарларига қиёслаб, “бу ердаги вазият ўта хавфли ва жойлашиш ўринлари ҳам бир хил эканлигини” айтиб, куч органлари учун миллий ва диний айирмачиликка кенг йўл очиб бериб кетди.

  Хўш, расмий ҳукумат вакиллари ва мустақил тахлилчилар башорат қилишаётгандек, Қирғизистонда диний вазият ўта жиддийми?

  Авваламбор, Россия ва Ғарб давлатлари томонидан бўрттириб кўрсатишга ҳаракат қилинаётган Афғонистон “хатари”га тўхталадиган бўлсак; АҚШ 2001 йил 11 сентябрдаги “террористик ҳужум”ни уюштириб, бу ҳужум ортидан Афғонистонга бостириб киргунга қадар 10 йилга яқин вақт ҳокимият тепасида турган Толибон ҳаракати бирор марта ҳам қўшни республикаларга таҳдид қилмаган ёки бостириб киришга ҳаракат ҳам қилмаган. Ҳолбуки ўша вақтда бу иш Толибон учун унчалик қийин кечмас эди. Бунга мисол қилиб, 1999-2000 йилги воқеаларини келтириш мумкин. Ўша йиллари “Ўзбекистон исломий ҳаракати”нинг бир неча ўн жангариси Қирғизистоннинг Боткен вилояти ва Ўзбекистоннинг Сариосиё ва Узун туманларига бостириб кириши бу давлатларнинг ҳарбий қуввати қанчалик эканлигини ошкор этиб қўйган эди. “ЎИҲ” га солиштирганда ўн баробар кўп кучга ва ҳарбий қувватга эга бўлган Толибон ҳаракати эса Марказий Осиё республикаларидан бирортасига таҳдид туғдиришга интилмади.

  Бугунги кунда бутун дунёга “олабўжи” қилиб кўрсатилаётган “Исломий давлат”га келсак, бу ташкилот томонидан илгари сурилаётган такфир фатволарини Марказий Осиё республикалари, хусусан Қирғизистонда кенг тарқалиши учун шароитлар мавжуд эмас. Чунки, бу  ўлкаларда мусулмонлар адашишлари билан кофир бўлиб қолмайди, уларни умумий равишда куфр нисбати билан айблаб бўлмайди, деган исломий дунёқараш вакиллари бор. Аммо бу республика раҳбарлари Россия ва Ғарб давлатлари талабларни кўр-кўрона бажаришлари орқали бундай муҳитни ўзлари пайдо қилиб беришлари мумкин.

  Ўзбекистон президенти Ислом Каримов томонидан Ислом ва мусулмонларга қарши олиб борилаётган шавқатсиз кураш, мусулмонларни тўғри йўлга бошловчи холис диний етакчиларни йўқ қилиниши, оддий халқни ҳар қандай инсоний ва диний ҳуқуқлардан маҳрум қилиниши, бу республикадаги мусулмонларни бошқа республикаларга қараганда кўпроқ радикаллашишига олиб келди. Бугунги кунда эълон қилинаётган расмий ва норасмий ҳисоботларга кўра, Марказий Осиё республикаларидан бориб Ироқ, Сурия ва бошқа давлатларда жанг қилаётганларнинг ичида кўпчилигини ўзбекистонликлар ташкил этиши бежизга эмас.

  2010 йилги июн воқеалари ва бу воқеа ортидан миллий айиримачилик кенг қулоч ёйгунга қадар Қирғизистондан бирорта мусулмонни чет ўлкаларга жиҳод қилиш учун чиқиб кетиши ходисаси қайд қилинмаган эди. Аммо расмий ҳукумат томонидан миллатчиликни йўқ қилиш йўлида бирорта ҳам амалий қадам ташланмагач, бир неча юз мусулмонлар чет ўлкаларга чиқиб кетишга ва қўлларига қурол олишга мажбур бўлишди.

  Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 7 феврал куни Сочи шаҳрида Россия президенти Владимир Путин билан учрашиб қайтди. Мазкур учрашувда Путин Атамбаевдан аввал қўйилган талабнинг бажаришни тайинлаган кўринади. Эҳтимол шундан иборатки, Владимир Путин Қирғизистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлгунга қадар Атамбаевдан мамлакатда диний вазиятни “изга солишни” талаб қилиб келмоқда. Путин талабини бажариш ва Россия кўрсатаётган моддий ёрдамларни қўлга киритиш илинжида Атамбаев катта сиёсий хатога йўл қўймоқда.

  Шу сабабли ҳам икки президент учрашганидан икки кун ўтмай туриб, 9 феврал куни Қирғизистоннинг қатор шаҳар ва туманларида мусулмонларга қарши бир нечта амалиётлар бўлиб ўтди. Жумладан, Иссиқкўл вилояти Еттиўғиз туманининг Оқтерак қишлоғида Ҳизб ут-Таҳрирга алоқадорликда гумон қилинган тўрт нафар мусулмоннниг уйида тинтув ўтказилиб, қўлга олинган бўлса, Боткен вилояти Лайлак тумани Янги ер қишлоғида ҳам бир мусулмоннинг уйида тинтув ўтказилди. Айнан шу куни Ўш вилояти Қорасув шаҳрида ҳам Ҳизб ут-Таҳрирга алоқадор деб 15 мусулмоннинг уйига куч органи ходимлари “ташриф буюришди”. Бу мусулмонлар билан бир вақтда уйида тинтув ўтказилган Қорасув шаҳридаги “Ас-Сараҳсий” масжиди имоми Рошод қори Камолов эса ҳозирга қадар қамоқда қолмоқда. Ҳолбуки, Қирғизистоннинг жанубий минтақасида миллатчилик авж олиши ва “Исломий давлат” томонидан илгари сурилаётган такфир тушинчасига қарши туриши мумкин бўлган шахслардан бири айнан шу Рошод қори эканлигини расмий ҳукумат ҳисобга олмаяпти.

  Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ўз қўшниси бўлган ва бугунги кунда Ўзбекистонни порох солинган бочкага айлантириб қўйган Ислом Каримов йўл қўйган хатолардан ўзига хулоса чиқариб олиши керак эди.

1 COMMENT

  1. киргизстон диктатура киламан деб оёклари йирилип кетмаса эди. ўзи ўлолмай зорга турган пайтида. 🙂

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here