Назарбоев Қозоғистоннинг янги иқтисодий сиёсатини эълон қилди

565
0

  Бугун Қозоғистонда президент Нурсултон Назарбоевнинг халққа кутилмаган мурожаати эълон қилинди. Авваллари бундай мурожаат январ ёки феврал ойида бўлар эди.

  “Яқин йиллар мамлакатимиз учун осон келмайди, шунинг учун янги йилдан нималар қилишимиз кераклигини олдиндан айтмоқчиман. Бунга вақт бўлиши учун мурожаатим йил охирида эълон қилинмоқда”, – дея тушунтирди давлат раҳбари. Назарбоев вақт ҳақида гапирганда, энг аввал ҳукуматни назарда тутди – ҳукумат 2014 йилнинг қолган 50 куни ичида ўз режаларини тузиб олиши ва 2015 йилда ишларга зудлик билан киришиши лозим.

  “Мен ўзимнинг катта тажрибамдан сезяпманки, яқин йилар дунё, жумладан, биз учун ҳам глобал синовлар палласи бўлади. Дунё архитектураси ўзгаради. Бу мураккаб босқичдан фақатгина кучли, бирлашган халқлар ва мамлакатлар ўта олади”, – дейилади президентнинг мурожаатида.

  Назарбоев халққа мурожаатида Қозоғистоннинг янги иқтисодий сиёсати – “Нурли йўл” ҳақида эълон қилди.

  Президентнинг таъкидлашича, Қозоғистон геосиёсий тарангликлар маркази яқинида жойлашган ва дунёда рўй бераётган жараёнларнинг салбий таъсирини ҳис қилмоқда.

  “Дунё бозорларида нарх-наво пасаймоқда, умуман олганда иқтисодий ўсиш секинлаяпти. Маълумки, Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки дунё иқтисодиёти ривожланиши тўғрисида 2014 йил ва келгуси икки йилга оид прогнозларни қайта кўриб чиқиб, аввалгидан паст прогнозларни эълон қилди. Бу бизга ҳам таъсир кўрсатади. Шунинг учун айрим позицияларни қайта кўриб чиқишимиз, келгуси давр режаларига тузатишлар киритишимиз керак. Ўйлаб ўтиришга вақтимиз йўқ. Бугун сўз бораётган режалар 2015 йилнинг 1 январидан эътиборан бажарила бошланиши керак. Салбий тенденцияларнинг олдини олиш, халқнинг ишончини оқлаш учун зудлик билан чоралар кўришимиз зарур”, – деди Назарбоев.

  Қозоғистон президенти 2015, 2016 ва 2017 йилларда ҳар йили миллий фонд ҳисобидан республика бюджетига 3 миллиард долларгача маблағ ажратилишини маълум қилди. Уч йил ичида авария ҳолатидаги мактабларни таъмирлаш учун 70 миллиард тенге ($386 млн), мактабгача таълим муассасаларида ўринлар танқислигини камайтириш учун 20 миллиард тенге ($110,5 млн), турар жой-коммунал хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилишга камида 200 млрд тенге ($1,1 млрд), кичик ва ўрта бизнесга қўшимча имтиёзли кредитлар ажратиш учун 100 млрд тенге ($552 млн) ажратилади.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here