Россиядан тобутда қайтаётган ўзбекистонликлар сони ортмоқда

569
0

Озодлик радиосининг хабар қилишича, биргина Андижон вилоятига ой бошидан буён камида 10 меҳнат муҳожирининг жасади келтирилган. СанктПетербургдаги “Ёшлар” ҳаракати фаолларининг ҳисобича, 4 йил ичида турли сабаблар билан Россиядан юртига ўлиги юборилган ўзбекистонликлар сони 48 минг 674 кишига етган.

 Андижон шаҳри аэропорти юкларни қабул қилиб олиш бўлими ходимларидан бирининг Озодликка айтишича, энг сўнгги икки жасад 23 июл куни Москвадан Ўзбекистонга юборилган.

 “Уларни иккалови ҳам андижонлик экан. Бириси 47 ёшли эркак Пахтаободдан, яна бири 35 ёшли йигит Андижон туманидан. Биттаси газдан заҳарланиб ўлган, иккинчиси юрак хуружидан. Андижонга келган жасадларни охиргилари бу. Шу ойни ўзида ўндан кўпроқ жасад келди. Ҳаммаси Россиядан”, – деди Андижон аэропортининг ходими.

 Наманган вилоятида ҳам сўнгги тўрт ой ичида Россиядан ўнлаб мардикорнинг жасади олиб келинган. Наманган Ички ишлар бошқармасидагилар Россиядан ўзбекистонликларнинг жасадлари мунтазам келишини тасдиқлашди, лекин бу борада конкрет рақамни келтира олмасликларини айтишди.

Наманганлик журналист Носир Зокир Россиядан жасадлар келиши сўнгги йилларда одатий ҳолга айланганини айтади.

 “Мана биттаси Поп туманидан, яна биттаси Поп туманининг сал чеккароғидан. Кейин Янги Қўрғон, Наманган шаҳрини ўзидан новвой болларни ўлиги келди. Ўзимиз бориб фотиҳасини қилиб келдик. Беш-олти ой олдин Россиядан ота-боланинг ўлиги келди. Улар ишга кетишганида боласини ўрис миллатчилари урганда. Боласини тарафини оламан деб, отаси қўшилганида, уни ҳам ўлдириб қўйишган экан. Менинг қариндошимни ўлиги ҳам келди, уч-тўрт ой олдин. Уни Россияда милатчилар ўлдириб, балчиққа тиқиб ташлашган. Расмларини ҳам кўрдим”, – дейди Носир Зокир.

 Санкт Петербургдаги “Ёшлар” ҳаракати деб аталувчи ташкилот раҳбари Махсуд Абдужабборов ҳам ватанига тобутда юборилаётган ўзбекистонликлар сони ошмоқда, деб ҳисоблайди.

Абдужабборовга кўра, Россиядан Ўзбекистонга жўнатилган “Юк-200”, яъни турли нохуш ҳодиса ва касалликлардан нобуд бўлиб, юртига юборилган ўзбекистонликлар жасади сони 164 кишидан (2008-2010 йилларда) 48 минг 674 кишига (2012-2014 йилларда) етган.

 “Сўнгги тўрт йил ичида 49 мингга яқин ўзбекистонлик Россия ҳудудида оламдан ўтди. Шулардан 47 фоизи қотиллик қурбони бўлди. 20-30 фоизи қурилишлардаги бахтсиз ҳодисалардан ўлди. 4-5 фоизи заҳарланиш, қолгани ўз жонига қасд қилганлар. Булар асосан аёллардир”, – дейди Абдужабборов.

“Ёшлар” ҳаркати раҳбари Махсуд Абдужабборовнинг айтишича, агар жасадлар вақтида темир тобутда олиб кетилмаса, уларни ўша ернинг ўзида дафн этишади.

 “Санкт-Петербургдан Ўзбекистонга бир жасадни юбориш 48 минг рубль (бу қарийб бир ярим минг доллар)га тушади. Ўликхона ҳаражатлари бунга кирмайди. Агар жасад ўликхонада бир ҳафтадан кўпроқ туриб қолса, ҳаражатлар яна ошади. Владивостокдан жасад юбориш 90 минг рублгача боради”, – дейди Абдужабборов.

 Россияда турли ҳалокат ва миллатчи тақирбошлар ҳужуми оқибатида вафот этган ва яқинлари аниқланмагани натижасида маҳаллий ўликхоналарга олиб келинган меҳнат муҳожирларининг жасади ёқиб юборилмоқда ёки оммавий қабристонларга жанозасиз кўмиб юборилмоқда.

 Буларнинг барчаси ер усти ва ости бойликларга сероб бўлган заминда яшовчи ўзбек халқи устида содир бўлмоқда.

  Ўзбекистон олтин, уран, мис, табиий газ, нефть ва бошқа фойдали қазилмалар заҳираси бўйича нафақат МДҲ давлатлари ўртасида, балки дунёда етакчи ўринларни эгаллаб келади. Жумладан, олтин заҳираси бўйича дунёда тўртинчи, уни қазиб олиш бўйича еттинчи (2012 йилда 90 тоннадан зиёд олтин қазиб олинган), мис заҳираси бўйича ўнинчи, уран заҳираси бўйича еттинчи, қазиб олишда ўн биринчи ўринни эгаллайди.

  Бундан ташқари Ўзбекистонда 1800 кондан иборат фойдали қазилмалар бўлиб, уларнинг мингга яқинидан фойдаланилмоқда ва 118 турдаги минерал хомашё мавжуд бўлиб, уларнинг 65тасидан фойдаланилмоқда. Мутахассислар томонидан Ўзбекистоннинг минерал заҳиралари қиймати тахминан 3,5 триллион доллар деб баҳоланади. “Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси табиий газ қазиб олиш бўйича дунёда 11 ўринни эгаллайди ва ҳар йили 60-70 млрд метр.куб газ қазиб олади.

 Ўзбекистонда нефтнинг геологик заҳираси – 5 млрд тонна, тасдиқланган заҳираси – 530 млн тонна, табиий газни геологик заҳираси – 5 трлн метр. куб, тасдиқланган заҳираси – 3,4 трлн метр.кубни ташкил этади ва ҳар йили 3,5 млн тонна нефт қазиб олинади.

 Буларга қўшимча, Ўзбекистонда ҳар йили 3,5 миллион тоннага яқин пахта етиштирилади ва 1 миллион тонна атрофида пахта толаси олинади. Ўзбекистон ҳар йили 15 миллиард долларликдан зиёд пахта, олтин, уран, табиий газ ва минерал ўғитлар экспорт қилади.

  Ўзбекистон халқининг ризқига зулукдек ёпишиб олган, халқни сиёсий ва иқтисодий зулмлар остида қашшоқлик даражасига тушириб қўйган Каримов бошчилигидаги сиёсат мамлакатни бугунги ахволга олиб келиб қўйди. Баъзи манбаларда келтирилишича, олтин ва уран қазиб олишни ўз назоратига олган, қанча олтин ва уран қазиб олинишини давлат сири даражасига кўтарган Каримов оиласининг бугунги кундаги умумий бойлиги 20 миллиард доллар атрофида баҳоланади.

  Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей эътироф этганидек, Ўзбекистон иқтисодиёти ўта даражада ёпиқ бўлганлиги сабабли Каримов оиласи бойлигининг ҳақиқий миқдорини билишлик имкони йўқ. Унинг бойлиги бундан бир неча баробар кўп бўлишлиги эҳтимолдан ҳоли эмас.

 Буни натижасида миллонлаб ўзбекистонликлар чет ўлкаларда сарсон-саргардонлик, хору зорлик исканжасида қора ишларда ишлашга ва шу йўл билан оила боқишга мажбур бўлмоқдалар. Ўз халқи учун зарур шарт-шароит, иш жойи ва рўзғор тебтариш учун етарли бўлган иш ҳақи билан таъминлашга қодир бўлмаган Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати эса лоақал ўз-ўзини эплаётган халқнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб беришни ҳам хоҳламайди.

 Россия ва бошқа давлатларда фақатгина номига фаолият юритаётган ўзбек элчилари эса ҳудди Ўзбекистон ичкарисида бўлгани каби халқдан узилиб қолган. На Ўзбекистон ичкарисида ва на ташқарисида оддий халқ дарди ва муаммоси билан қизиқадиган бирорта амалдор қолмади.

1 COMMENT

  1. Kamiga endi chetga chiqish ham yo`qqa chiqmoqda, bekor qolgan halq esa huddi o`rmon qonunini asosida yashashga mahkum etiladi, yani kuchlilar kuchsizlarni talon taroj qilib hayot kechiradi, bu narsaga esa ochlik turtki bo`ladi. Davlatdan o`z haqqini talab qilganlar esa halq dushmani deyilib umirbod qamoqqa mahkum etiladi.

  2. Ey O`zbekiston musulmonlari !  Qachon va yana Qachon bu zulmlarni his qilamiz.

    Chunki zulm isyonni keltirib chiqarmaydi balki zulmni HIS qilinsa isyon kelib chiqadi.
    Demak bu zulmlarni his qilishligimiz lozim

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here