Аҳолига тезак, ўтинларингни тайёрланглар деганмиз

551
0

00

Ўзбекистонда ҳар йилгидек бу йил ҳам одамлар қиш мавсумида газ тақчиллигидан азият чекишмоқда. Қишнинг барвақт кириб келиши ва Ўзбекистоннинг кўп қисмида шаррос ёққан ёмғир қорга айланиши ортидан кириб келган совуқ ҳаво аҳолини қийин аҳволга солиб қўйди. Газдаги узилишлар ортидан одамлар қишни яна ўз муаммолари билан қарши олмоқда.

Жонли эфир орқали халқ билан телемулоқот ўтказган Самарқанд вилоятининг ҳокими газ ва электрдаги муаммолардан хабари борлигини ва уни аҳолининг ўзи ечиши кераклигини билдирди. “Қишда қийинчилик бўлади деб биз олдиндан айтганмиз, аҳолига таппи тезак, ўтинларингни тайёрланглар деганмиз”, деди Вилоят ҳокими.

Ҳозирда Ўзбекистон қишлоқларида одамлар мевали дарахтларни ҳам кесиб ёқишмоқда. Сабаби – газ йўқ, бозорда ўтин ё кўмир олиш кўпчилик учун қиммат. Таппи тезак эса бу совуқларни иситишга дош бера олмайди.

Энергетика хавфсизлиги бўйича Британиялик таҳлилчи Жон Робертсга кўра, Ўзбекистонда газ захираси ўта кўп. “Ўзбекистонда иш олиб бораётган халқаро мутахассислар мамлакатдаги газ захиралари ҳозирги ҳисоб-китобларга қараганда, камида 6-7 баравар кўплигини айтишади” – дейди халқаро таҳлилчи.

Экспертлар фикрича, Ўзбекистонда ҳозирги кунда газ қазиб олиш  ҳажми 62,9 миллард кубометрга тенг. Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Россияга сотадиган газ миқдори оширилди. Хитой янги харидор сифатида ўртага чиқди.

Аммо Ўзбекистоннинг қатор қишлоқ ҳудудларида одамларнинг уйларига борувчи газ қувурлари кесилаётгани ҳақида хабарлар бор. Мутахассисларга кўра, бу ерда ҳамма гап пулга бориб тақалади. Чунки Хитой ва Россия жаҳон нархида нақд пул тўлайди. Ўзбекистон халқи эса халқаро бозорлардаги нархда газ сотиб олишга қодир эмас.

 

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here