Баткен вилоятида ўзбекистонлик фуқаролар билан бўлган тўқнашувда Қирғизистон чегарачиси жароҳатланди

387
0

001

Баткен вилоятида чегарачилар ва Ўзбекистон фуқаролари ўртасида тўқнашув бўлиб ўтган, бу тўқнашувда қуролдан фойдаланилган.

Қирғизистон республикаси Давлат чегара хизматининг матбуот хизмати хабар қилишига кўра, 12 ноябр куни Баткен вилояти Баткен тумани Вариган ҳудудида чегарачилар қирғиз-ўзбек чегарасидан 100 метрча масофадаги Қирғизистон фуқаросининг уйида “Дамас” русумли автомашинадан пахта тойларини туширишаётганини пайқаб қолишган.

Ноқонуний савдога йўл қўймаслик учун чегарачилар тартиб бузарларни “Бел” чегара қисмига олиб бориш чорасини кўришган. Аммо қишлоқ йўлида кетаётган вақтда Ўзбекистон фуқароси машинани кескин буриб, қўшни ҳудудга ўтиб кетган. Чегарачилар ва улар ўртасида муштлашув бошланган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг чегара ҳудудида яшовчи фуқаролар куч ишлатиб Қирғизистон чегарачисининг қуролини тортиб олишган. Улар ортидан етиб келган бошқа чегарачилар бир неча бор осмонга огоҳлантирувчи ўқ отиб, ҳарбий хизматчини оломон орасидан ажратиб олишган ва Хайдаркондаги шифохонага жўнатишган. Хозир унинг саломатлиги қониқарли.

Содир бўлган ходисани ўрганиш учун воқеа жойига Баткен чегара бўлинмаси командири ва Баткен вилояти бўйича ҳудудий чегара бошқармаси вакили жўнаб кетишган. Музокаралардан сўнг, ўзбек чегарачилари тортиб олинган қуролни қайтариб беришган.

Содир бўлган ходисани ҳамкорликда текшириш учун Қирғизистон томони Ўзбекистон чегарачилари билан маҳаллий бошқарма даражасида ишчи учрашувини ташкил этиш таклифини киритган.

Айни вақтда мазкур ҳудудда вазият барқарор.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here