Қирғизистоннинг Қорасув шаҳридаги Каримжон Раҳимов номли 68-мактабда ўқийдиган муслима қиз Нафиса Назарова бошига румол ўраб, узун юбка кийганлиги учун қирғиз тилидан дарс берадиган Ўқитувчиси Таттыгүл Ормонова томонидан калтакланиб дарсдан қувилди.
Бу ҳақида қизнинг онаси Хафиза Назарова Озодликка маълум қилди.
– У аёл қирғиз тили ўқитувчиси, ҳам зовуч бўлиб ишлайди. Узун юбка кийгани учун дарсдан чиқарворган. Директорига йиғлаб киргани учун орқасидан бориб бехосдан урворган. Уч-тўрт марта урган, бошига қаттиқ урган. Директори билан кутубхоначиси зўрға қўлидан тортиб олибди қизимни, – дейди қизнинг онаси озодликка берган интерьвюсида.
9 – синф ўқувчиси Нафиса Назарова шаръий либос кийганлиги учун анчадан буён тазйиқ остида эканлигини айтади. “Мактаб очилгандан буён менинг румолим ва узун юбкамга осилади. Қирғиз тили дарсида Эжеке дарсга кириб узун юбка кийганлар чиқиб кетсин, деди. Мен чиқмай қўйдим. Лекин ўқитувчи китоб дафтарлиримни йиғиштириб, мени судраб ташқарига олиб чиқди. Дарсдан қувгани етмагандай, дректорнинг хонасида мени калтаклади”, дейди Нафиса Назарова
Нафиса ўша кунги калтакланишидан буён ўзини ёмон ҳис қилаётгани ва мактабга боришдан чўчиб қолганини айтади.
Воқеа юзасидан ота-оталар прократурага арз қилишган. Аммо ҳали бери жиноий иш очилган эмас. Фақат милиция ва прократура воқеа юзасидан суриштирув олиб бораётгани айтилмоқда.
Қирғизистон жанубида аксариятни ташкил қилувчи муслима ўқувчилар ҳақида 24 сентябр куни чиқиш қилган Ўш шаҳри мэри Мелис Мирзакматов ўқувчиларга нафақат рўмол, балки ҳижоб тақиқланмагани ҳақида гапирган эди.
Ҳоким мамлакатда махсус мактаб кийими ҳақида қонун бўлмагани боис, ўз қўли остидаги мутасаддиларни рўмолли ва ҳижобли ўқувчиларнинг ҳаққини бузмасликка ҳам чақирган.
Мамлакат жанубидаги мактабларда ўқувчи қизларнинг рўмол ва узун кийим кийишларига қаршилик кўрсатиш ҳоллари мунтазам равишда кузатилади.