Тошкентда “Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўл лойиҳаси бўйича биринчи йиғилиш бўлиб ўтди

77
0

Тошкентда “Мозори Шариф – Кобул – Пешовар темир йўл лойиҳаси бўйича биринчи йиғилиш бўлиб ўтди

 Жорий йилнинг 2 феврал куни Тошкентда “Мозори Шариф-Кобул-Пешовар” темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати хабар қилмоқда.

 Йиғилишда халқаро молия институтлари вакиллари ҳам сўзга чиқиб, лойиҳанинг стратегик аҳамиятини таъкидлаб, уни амалга ошириш жараёнида ҳамкорликда иштирок этишга тайёр эканликларини билдиришган.

 Шу билан бирга, лойиҳаолди ҳужжатларини юқори сифатли қилиб тайёрлашни таъминлаш ва пухта илмий-иқтисодий таҳлил ўтказиш зарурлиги қайд этилган. Бу темир йўл йўналишининг аксарият қисми тоғли ҳудудлардан ўтгани сабабли лойиҳа мураккаблиги билан изоҳланган.

 Йиғилишда халқаро молиявий ташкилотлардан Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки вице-президенти Константин Лимитовский, Европа тикланиш ва тараққиёт банки вице-президенти Алан Пиллоу, Ислом тараққиёт банки вице-президенти Мансур Мухтор, Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Лилия Бурунчук, Осиё тараққиёт банки департаменти Бош директори Евгений Жуков ва Европа инвестиция банки президентининг маслаҳатчиси Флавия Паланзалор иштирок этган.

 Аввалроқ, Покистон бош вазири Имрон Хон Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги Транс-афғон темир йўл қурилиши лойиҳасини тасдиқлагани, бу лойиҳага халқаро молия ташкилотларидан ташқи қарз сўрагани маълум қилинганди.

 Покистон бош вазирининг савдо ва инвестиция масалалари бўйича маслаҳатчиси Раззоқ Довуднинг маълумотларига кўра, Имрон Хон 2020 йил 29 декабрда лойиҳани ишга тушириш мақсадида халқаро ташкилотлардан қарз сўраб, хат йўллаган.

 Изоҳ: 2018-йилнинг 3-4- декабр кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Афғонистон ва Покистон темир йўллари маъмурияти раҳбарлари “Мозори Шариф-Қобул-Пешавор” янги темир йўлини қуриш бўйича қўшма ишчи гуруҳ ва молиявий консорцум тузиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолашган эди.

 Лойиҳанинг умумий қиймати 4 миллиард 800 миллион доллар бўлиб, бу лойиҳага хорижий инвесторларни жалб этиш зарурати қайд этилган. Темир йўл қурилиши учун Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ҳукумати қўшма равишда АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси ҳамда бошқа халқаро молия ташкилотлари иштирок этишлари лозим.

 Халқаро темир йўлини қуриш лойиҳаси АҚШга тегишлидир. АҚШнинг Афғонистонни босиб олишдан кўзлаган мақсадларидан бири – Марказий Осиё республикаларидаги хом-ашёни Россияни четлаб ўтиб Афғонистон орқали темир йўл ва нефт қувурларини Мозори-Шариф – Қобул – Пешовор йўналиши бўйича океанга олиб чиқиш эди. Агар АҚШ шу ишни амалга оширишга муваффақ бўлса Россиянинг МО республикаларига бўлган таъсирини жиддий заифлаштиради. Шу сабабли ҳам АҚШ Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва темир йўлини имкон қадар тезроқ қуришга интилмоқда.  

 Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегациянинг 2020-йил ноябр ойида Вашингтон шаҳрида АҚШ Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (ДФC) бош ижрочи директори Адам Болер билан учрашганида кўтарилган асосий масалалардан бири – йирик инфратузилма лойиҳаларини илгари суришга йўналтириладиган Марказий Осиё инвестиция жамғармасини ташкил этиш масаласи бўлди.

 2021 йил 9-январ куни Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов АҚШнинг Халқаро тараққиёт бўйича молия корпарациясининг (DFC) ижрочи директори Адам Болер билан учрашди. Учрашувда “Марказий Осиё нвестициявий шериклиги” доирасида АҚШ Ўзбекистонга темир йўл лойиҳаси учун 1 миллиард доллар ажратиши маълум қилинди.

 Халқаро темир йўл қурилиши Марказий Осиё мамлакатлари учун манфаатли. Чунки у дунёда денгиз орқалик амалга ошириладиган юк ташишдан кейинги ўринни эгаллаб турган стратегик аҳамиятга эга ва таннархи арзон йўналиш ҳисобланади. Аммо бу лойиҳа мустақил амалга оширилмай, мустамлакачи давлатлар ва халқаро молиявий ташкилотлар кўмаги билан қуриладиган бўлса минтақадан бир босқинчи давлат нуфузи заифлашиши эвазига бошқа давлатга қарам бўлиб қолаверади.

 Абдураҳмон Одилов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here