Эрон-Туркия муносабатларида тўсиқлар олиб ташланди

503
0

Шанба куни Туркия бош вазири Аҳмад Довудўғли Теҳронда сўзлашувлар ўтказди. Сўзлашувларда асосий эътибор икки давлат ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга ҳамда нефт, газ, энергетика, транспорт, туризм, божхона ва банк масалаларига оид ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилди. Айниқса, савдо айрбошлаш ҳажмини йилига 30 миллиард долларга кўтариш учун барча тўсиқларни олиб ташлаш механизми муҳокама қилинди.

«Ўрта Шарқдаги қардошларимиз ўртасидаги жангга барҳам бериш ҳамда ирқий ва мазҳабпарастлик низоларини тўхтатиш учун биргаликда ҳаракат қилмоғимиз лозим», деди Довудўғли Эрон президенти ўринбосари Исҳоқ Жаҳонгирий билан бирга ўтказган матбуот конференциясида. Кейин «дунёқарашларимиз баъзан зиддиятли ҳам бўлмоқда, бироқ биз ўтмишдаги тарихимизни ёки жуғрофиямизни ўзгартира олмаймиз», дея қўшимча қилди.

Туркия бош вазири бевосита муштарак сармоядорликнинг оширилишига умид қилар экан, «чунки бизнинг мақсадларимизга етишимизга тўсиқ бўлиб келган халқаро санкциялар олиб ташланди, бу эса ўтмишда кўзлаганимиз иккитомонлама савдо ҳажмини йилига 30 миллиард долларга етказишимизга қулайлик яратади», деди. Маълумки, Туркия статистика институти икки давлат ўртасидаги савдо айрбошлаш ҳажмини 2015 йилда 9.7 миллиард доллар қилиб белгилаган эди.

Туркия Эронга асбоб-ускуналар, автомобиллар, темир ва пўлат маҳсулотлари экспорт қилади. Эроннинг Туркияга қиладиган экспортининг 90 %ини нефт ва газ ташкил қилади. Эроннинг Европагача чўзилиб борувчи газ қувури линияси Туркиядан ўтади.

Жаҳонгирий ҳам Довудўғли баёнотини қўллаб-қувватлаб, «Регионал масалаларда орамизда зиддият бор, лекин биз Эронга ҳам, Туркияга ҳам фойдали бўлган минтақа барқарорлигини рўёбга чиқариш учун ўзаро яқинлашув омилларини яратишга қарор қилдик», деди. «Террористик ташкилотларнинг мавжудлиги минтақа хавфсизлиги ва тинчлигини издан чиқармоқда», дея қўшимча қилди. Довудўғлининг бош вазир лавозимини эгаллагандан бери унинг Теҳронга қилган илк сафари «алоҳида аҳамият касб этишини ҳамда Эрон билан Туркия ўртасидаги муносабатларда асосий бурилиш ясашини, бу икки давлат Туркиядаги Адолат ва Тараққиёт партиясининг ҳокимиятга чиққанидан бери доимо яхши қўшничилик алоқаларида бўлиб келганини»ни билдирди. (Ҳаёт газетаси).

Роя газетаси шарҳи:

Адолат ва Тараққиёт партияси ҳукумати даврида баёнотларга зид ишларнинг амалга оширилиши Туркия ҳукмдорларининг энг муҳим сифатларидандир. Улар қаршилик кўрсатувчи ва курашга чорловчи позицияни эълон қила туриб бирдан бу позицияга зид ишларни амалга оширадилар. Эрон билан бўлган муносабатларга доир баёнотлари ҳам шулар жумласидандир. Анчадан бери Туркия ҳукмдорлари Эронга қарши тилда ҳужуми қилиб, Эроннинг минтақадаги, хусусан, Суриядаги сиёсатини, ўз жангарилари билан бирга Сурияда мусулмонларни қирғин қилаётганини танқид қилиб келди. Кейин ҳеч қанча вақт ўтмаёқ, кутилмаганда Туркия бош вазири Эронга сафар қилди… Туркия бош вазирининг бу сафари амалга оширилишидан бир неча кун олдингина эълон қилинди. Довудўғли сафари чоғида «Эрон билан Туркия ўртасидаги тарихий ва маданий алоқалар мавжудлиги ҳамда икки давлат ўртасидаги савдо алоқалари савиясини кўтариш зарурлиги, Сурия билан боғлиқ зиддият иккала томон ўртасидаги муносабатларни бузиши мумкин эмас»лиги ҳақида гапирди. Шубҳасиз, Туркия раҳбарлари билан Эрон раҳбарлари ўртасида фарқ йўқ. Чунки улар Исломни татбиқ этмайдилар, Ғарбнинг исломий юртлардаги сиёсатини амалга оширадилар. Уларнинг бир-биридан узоқлашиши ҳам, яқинлашиши ҳам мусулмонларга яхшилик келтирмайди, балки бу фақат Ислом ва мусулмонлар душманлари фойдасига хизмат қилади. Эрон билан Саудия ўртасидаги муносабат ҳам худди шундай.

Роя газетасининг 2016 йил 9 март чоршанба кунги 68-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here