Ғазо қамалини бузиш керакми ёки ватарпарварлик бутларини синдиришми?!

672
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Ғазо қамалини бузиш керакми ёки ватарпарварлик бутларини синдиришми?!

Муҳандис Висом Атраш

Сўнгги пайтларда «яҳудий вужудининг Ғазо секторини қуруқлик, денгиз ва ҳаводан ўрнатган қамалини қандай бузишимиз мумкин, зотан, бу вужуд Ғазо аҳлини турли услублар билан қатли ом қилишда устаси фаранг бўлиб кетган ва бутун дунё буни томоша қилишдан бошқа нарсага ярамаётган бўлса?» деган савол кўпчиликни қийнамоқда. Айтганча, бу савол аввалги Ғазо урушларида ҳам кўтарилган ва баъзилар унга жавоб тополмаган. Хўш, яҳудийлар ўз ҳужумларида ҳар қандай чегарани топташаётган бир пайтда, Уммат бу сафар қандай ечим топади?

Яҳудий вужудининг пайдо бўлиш тарихи 1917 йилдаги Балфур декларациясига, яъни бепоён исломий юртларни тор зиндонларга ҳамда бўғиб ташловчи миллий қафасларга парчалаб ташлаган Сайкс-Пико шартномасидан атиги бир йил кейинга бориб тақалади. Шундан сўнг, исломий юртлар тепасига ранг-баранг латталар илиниб, Росулуллоҳ ﷺнинг рояси пастга туширилди. Инсон ўйлаб топган дастурлар ишлаб чиқилиб, Аллоҳнинг шариати бекор қилинди… Мусулмон миллий қафасдан ташқарига чиқиши, баъзан ундан кириш визаси талаб қилиниши билан мусулмон қардоши олдида ёт ажнабийга айланди! Шундай қилиб, миллий байроқлар бутнинг муқаддас рамзига айланди. Бу нарса мустамлакачилик ўз танкларини олиб чиқиб кетиб, исломий юртларга ўзи хоҳлаган вакиллари ва малайларини ҳоким қилиб тайинлаганидан сўнг, яъни Ислом ҳокимиятини ағдариб, Усмоний Халифаликни бекор қилиш орқали исломий юртларни илмонийлаштирганидан ва ватанпарварлик бутларини ўрнатганидан кейин бўлди. Ўз навбатида, бу нафақат Уммат танасига, балки Фаластиннинг уриб турган юрагига анави саратон безини экиш ва яҳудий вужудини араб ва исломий минтақага қориштиришга уриниш жараёни бошланишига замин тайёрлади.

Урушлар ва бўҳронлар юз берган пайтда эса, бу ватанпарвар ҳукмдорлар одатда қўшни давлатда юз берган ҳодисаларга ўзлари учун бегона-хорижий масала, деб қарашади. Уларга ёрдам бериб, қўллаб-қўллашмайди… Фақатгина сохта, алдамчи шиорлар ва дипломатик воситаларни ҳамда Американинг халқларни тиз чўктиришдаги қуроли бўлган халқаро ҳамжамият ва Хавфсизлик кенгаши томонидан ишлаб чиқилган ва маъқулланган мустлакачилик ечимларини тақдим қилишлари мумкин.

Ақида ва дин ришталари тупроқ риштасидан устун қўйилгани учун бу малай ҳукмдорлар Умматнинг Ислом асосидаги бирлиги миллий бирликни, миллий ҳамжиҳатликни ҳамда ватаннинг барча қонун-қоидаларини нишонга олган фитна, деб ҳисоблайдилар. Ҳолбуки, бу ҳукмдорларнинг ўзлари мустамлакачи кофир қўлидаги қўғирчоқ бўлибгина қолмай, ҳатто ҳокимиятда қолиш учун шу ватанларини ўзлари сотган кимсалардир. Ҳатто ҳар қандай ақли расо киши бу ҳукмдорлар балонинг сабабчилари ҳамда мажлисларга фақат ёмонлик учун тўпланадиган фитна ва мунофиқликнинг бошчилари дея тушунадиган бўлиб қолган. Гўё Аллоҳ Субҳанаҳунинг мунофиқун сурасидаги ушбу каломи шу ҳукмдорлар тўғрисида нозил бўлгандек:

﴿وَإِذَا رَأَيۡتَهُمۡ تُعۡجِبُكَ أَجۡسَامُهُمۡۖ وَإِن يَقُولُواْ تَسۡمَعۡ لِقَوۡلِهِمۡۖ كَأَنَّهُمۡ خُشُبٌ مُّسَنَّدَةٌ يَحۡسَبُونَ كُلَّ صَيۡحَةٍ عَلَيۡهِمۡۚ هُمُ ٱلۡعَدُوُّ فَٱحۡذَرۡهُمۡۚ قَٰتَلَهُمُ ٱللَّهُۖ أَنَّىٰ يُؤۡفَكُونَ﴾

«Қачон сиз уларга боқсангиз уларнинг жисмлари (кўринишлари, кийган кийимлари) сизни ҳайратга солур, сўзлаганларида эса сўзларига (оҳангдор, фасоҳатли бўлгани учун берилиб) қулоқ солурсиз. (Лекин уларнинг диллари имон ва яхшиликдан холи бўлгани учун) улар гўё (деворга) йўлаб қўйилган (чирик) ёғочларга ўхшайдилар. Улар (юраксизликлари сабабли) ҳар бир қичқириқ-овозни устларига (тушаётган бирон бало-офат деб) гумон қиладилар. Ана ўшалар (сиз учун) душмандир, бас, улардан эҳтиёт бўлинг, уларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин! Қандай адашмоқдалар-а!»                                                                                [Мунафиқун 4]

Ислом тарихи давомида Аллоҳ йўлида жанг қилиб келган, шунингдек, саҳобалар ва фотиҳ саркардалардан ибрат олиб, Набиюл Амин ﷺнинг минҳожига эргашган ҳолда ўз Уммати учун қаҳрамонлик ва ғалабаларни намойиш қилган қўшинлар бугунга кунга келиб, ўз фарзандларини ватанпарварлик йўлида ўлиб-тирилишга, яъни Халифалик давлати ағдарилганидан кейин мустамлакачи томонидан бўлиб ташланган тупроқ йўлида жон беришга мажбурлашмоқда… Жиҳод ва шаҳидлик учун «ватан йўлида» деган янги тушунчани пайдо қилишди. Шаҳидларни ватанпарварлик бути бўлмиш ранг-баранг байроқлар билан дафн қиладиган бўлишди… Шундай қилиб, ватанпарварлик тўнини кийган функционал режимлар Аллоҳ ва Росулига бўлган садоқат ўрнига «ватанга садоқат» уруғини экишга ва буни ҳаёт-мамот қарорлари олинадиган ҳарбий доктринага айлантиришга муваффақ бўлишди. Натижада илмоний фикрий «демагогия» қурбонлари мустамлакачи ўрнатган чегараларни қўриқлаш ҳамда байроқ ва ҳукмдорлардан иборат ватанпарварлик рамзларини мудофаа қилиш йўлида ўлиб кетадиган бўлишди… Бу эса, том маънода тарих, география, сиёсат ва дин тушунчасини монополия қилиш демакдир. Бу, шунингдек, тобелик, омадсизлик, хорлик ва хўрликни ҳамда буларнинг оқибатида келиб чиқаётган «буюк озод ватан» душманларига хиёнат қилишдан иборат нарсаларни ўзида акс эттириш ҳамдир.

Демак, ватанпарварлик бути Ғарб мустамлакачилиги саноатининг ижоди бўлиб, уни ҳар доим мустақиллик иллюзияси билан ҳамда миллий товламачилик ва сеҳргарлик, хоин режимларга хушомадгўйлик маросимлари билан ниқоблаб кўрсатишга уриниб келишди. Шу бут сабабли Уммат армиялари Ғарб истаги билан Ғазога нусрат беришдан ман этилди. Шунча даҳшатли қирғинларга, жирканчли жиноятларга ва илонлар пўст ташлайдиган даражадаги аянчли манзараларга қарамай, ҳатто аёллар фарёдлари, шаҳидлар карвонлари ва душманнинг чор атрофдан кўппаклардек ёпиришларига қарамай, армияларимиз ўз қўмондонлари ва ҳукмдорлари фармони билан казармаларида биқсиниб қолди. Мудом нишонга олинган томон ватан эмас экан, мудом тупроққа қорилаётган ва кўмилаётган таналар латта байроқлар эмас экан, армияларимиз бу даҳшатларга гўё ҳеч нарсадек, гўё фалон ажнабий давлатда ажнабийлар ўлаётгандек қарайдиган бўлиб қолди… Ёки оёқ-қўллари душманлари томонидан, яъни қўмондонлари томонидан кишинланган, ўзларини ким қутқаришини кутиб турган армияларимизни мусулмонларга шундай бефарқ қилиб кўрсатишмоқчи! Хуллас, бу ватанпарвар режимларнинг роли ёрдам ниқоби остида айрим ушоқларни сочиб бериш ва кафанлар жўнатиб туришдан нарига ўтмаётган бўлса, ҳукмдорларнинг роли ўлганларни санаш, фожианинг якуни ва ечими сифатида «миллий давлат» ечимини таклиф қилишдан нарига ўтмаяпти. Чунки минбарлар ва экранлардаги ватанпарвар элитага икки вариант берилган: ё яҳудийлар билан муносабатларни нормаллаштириш ёки жим туриш!

Албатта, Ғазо воқеалари чоғида баъзи режимларнинг асл башаралари фош бўлиб, авратлари очилиб қолди. Улар ватанпарварлик бутини ўз қўллари билан синдиришди. Чунки ҳужумлар уларнинг ерларигача чўзилиб, муқаддас жойлари оёқ-ости қилинди ва барча қизил чизиқлари бузиб ташланди. Шунга қарамай, бу режимлар армияларни сафарбар қилишмади, душманга ҳам қарши туришмади. Тўғрироғи, улар худди туяқушдек бошларини миллий замин тупроғи остига тиқиб олишди. Бундай режимларнинг биринчи сафида «қаршилик ўқи» ва майдонлар бирлигини даъво қилувчилар туради. Агар баъзи тўқнашувларни ҳамда ўз обрўларини сақлаб қолиш илинжида оммавий ахборот воситаларида кўрсатиб қўйиш учун улар томонидан отилган ракеталарни истисно қилмасак, улар ўз тарафдорларига «сабр билан кутиб туриш стратегияси» ва «миллий донолик» иллюзияларини ўтказишди.

Бунинг энг ёрқин мисоли шуки, Ғазога қўшни давлатлардаги ҳукмрон ҳарбий қўмондонлар босқинчига қарши битта ўқ отишга ҳам журъат қилишмади. Уларнинг ўзлари даъво қилган қаҳрамонликлари кўргазма учун ўтказилган ҳарбий парадлардан нарига ўтмади. Булар худди ватанпарварлик бутига сиғиниш маросимларига ўхшайди. Шундай қилиб, миллий режимларнинг барчаси ўзларининг тил бириктирув ва лоқайдликлари билан ўйин тўрини қайта тўқишга киришишди. Улар яҳудий вужуди ҳақидаги «енгилмас армия» деган ҳикояни шармандаларча қайта тиклашга уринишди. Ҳолбуки, 2023 йил 7 октябрнинг эрта тонгида яҳудий вужудининг бутун дунё олдида обрўси тушиб, ҳайбати синган эди. Яҳудий вужуди ҳайбатининг синиши шов-шувли стратегик синиш бўлди.

Шунинг учун яҳудий вужуди Ғарбнинг Ислом юртларидаги шунчаки илғор ҳарбий базаси ва Уммат кўксига санчилган заҳарли ханжар бўлибгина қолмади. Аксинча, у қўлга киритган илғор қуроллари, Ғарбнинг сахийлик билан қўллаб-қувватлаши ва ватанпарвар араб режимларининг тил бириктирувлари туфайли, айниқса, малай ҳукмдорлар Умматнинг умумий тасаввурига «енгилмас армия» ҳақидаги ёлғон эртакни сингдирганидан кейин, мусулмонларнинг бирлашишига тўсқинлик қилувчи энг хавфли ва самарали қуроллардан бири бўлиб қолди. Бугунги реал воқелик Ҳизб ут-Таҳрир асосчиси Тақийюддин Набаҳоний роҳимаҳуллоҳнинг «(Исроил) араб режимларининг соясидир. Агар соя солувчи нарса йўқолса, унинг сояси ҳам йўқолади», деган сўзини тасдиқлаб турибди.

Катта ватанпарварлик ёлғони билан яшаб, жиҳод бурчини тарк этган халқлар бугун Ақсо тўфони сабабли жуда катта фикрий изтиробдан кўзини оча бошлади. Чунки ўзлари ва фарзандлари хавфсизлигини уларга ишониб топширган, улар билан «ватан» ери, ҳавоси ва осмонини баҳам кўрган кишиларнинг ўз ватанларига энг кўп хиёнат қилувчи эканлиги, шунингдек, пода чўпони эмас, балки ўрмон бўрилари эканлиги фош бўлгач, ҳайратдан ёқа ушладилар. Хўш, уларга ва ақидадаги биродарларига қарши пайт пойлаётган, ватан номидан душман билан тил бириктираётган кимсалардан қандай ёрдам сўрайди? Яҳудий вужуди ва унинг ортида турган салибчи коалиция давлатлари бу жангнинг чегара жанги эмас, балки тирик қолиш жанги эканлигини ва муайян гуруҳга қаратилмаганини эълон қилишмадими? Ғарб ҳукуматлари «терроризм» рўйхатини қайта кўриб чиқишга ва экстремизмга қайта таъриф беришга, шунингдек, мусулмонларнинг якка шахсларига ҳам, жамоаларига ҳам душманлик қилиб, ҳазорий альтернатива деган эътиборда Исломга очиқ уруш эълон қилишга шошилишмадими?

Ҳа, Уммат халқларининг ватанпарварлик ғоясини енгиб ўтиши осон кечмайди. Чунки бу ғоя уларга ўнлаб йиллар давомида сингдирилди. Уларга бу ватанпарварлик оғуси бўйсуниб, таслим бўладиган, ҳатто кўнгли айниб, қусадиган даражага тушгунларига қадар берилди. Шунинг учун бир мунча вақтгача бу ғоянинг уйқудан кейин уйғонишга ярамайдиган тубан робита эканини унутишди. Унинг бўлиниш, заифлик ва тарқоқлик сабабчиси эканлигини, шунингдек, куч-тоқатларни кишанлаб, беҳуда кетказишини билишмади. Ватанпарварлик ибодатхонаси томлари остида узоқ вақт яшаб, унинг тимсолларини муқаддаслаш, эшик ва деворларини қўриқлаш, шунингдек, ҳукмдорларни Аллоҳнинг ўрнига парвардигор бўлиб олгунларига қадар илоҳийлаштириш, шундан кейин эса, остидан Ғазодаги бегуноҳ инсонлар қонидан бўлган дарёлар оқадиган жаннатда тўсатдан кўзини очиш улар учун осон кечмади. Ҳа, замонавий жоҳилият бутлари ҳақиқатини, Халифалик қулатилганидан бери мусулмонларга келган барча мусибатлар сабабчиси шу бутлар бўлганини, шунингдек, бу бутларнинг ҳомийлари бўлган ҳукмдорлар ҳақиқатини, уларнинг ғалаба ва ғолиблик ваъда қилинган Уммат тарихидаги шармандали чизиқ эканлигини англаш улар учун осон кечмади. Мусулмонлар у билан ҳимояланиб, унинг ортида туриб жанг қилинадиган имомга байъат бергунларига қадар ушбу онг катта тўловлар билан шаклланишда ва қонли ҳарфлар билан ёзилишда давом этади.

Шунинг учун, демократия, инсон ҳуқуқлари, аёл ва бола ҳуқуқи бутлари Ғазо воқеаларини ҳамда Ислом ва куфр ўртасидаги кураш моҳиятини англаш олдида дош беролмай парчаланганидек, ватанпарварлик бути ҳам синдирилиб, одамлар онгидан йўқ қилиниши лозим. Шу билан Ислом юртларида бу мустамлакачи бутларни яратиб, Ислом Умматидан Исро ва Меърож заминини тортиб олган кимсаларнинг жирканч юзи фош бўлади.

Яқинда бу тарқоқ Уммат Аллоҳнинг изни ила бирлашиб, жароҳатларига малҳам топади, хотираларини қайта эслаб, ўзининг шонли тарихини ёдга олади. Шунингдек, Ғазо ва бутун Фаластин қамалини бекор қилиш аввало зарар келтириб, фойда келтирмайдиган, бўлиб ташлаб, бирлаштирмайдиган ватанпарварлик бутларини парчалашдан бошланишини англаб етади. Натижада, чегаралар бузилиб, мағрур армиялар Ақсога ёрдам кўрсатиш учун ҳаракатга келади. Шунда Уммат рисолатни адо этиш ва душманларни мағлуб қилувчи Халифалик давлатида исломий ҳаётни қайта бошлаш учун соғлигини тиклаб, ғафлатдан уйғонади.

﴿وَيَوۡمَئِذٍ يَفۡرَحُ ٱلۡمُؤۡمِنُونَ * بِنَصۡرِ ٱللَّهِ﴾

«Ўша кунда мўминлар Аллоҳнинг нусрати сабабли шодланурлар» [Рум 4-5]

Роя газетасининг 2024 йил 10 апрел чоршанба кунги 490-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here