АҚШ Марказий Осиё мамлакатларига 25 млн доллар ажратади

2618
0

АҚШ Марказий Осиё мамлакатларига 25 млн доллар ажратади

 Хабар: Қозоғистон пойтахтида минтақадаги беш давлат ташқи ишлар вазирлари иштирокида бўлиб ўтган С5+1 вазирлар йиғилишида АҚШ Давлат департаменти раҳбари Вашингтон минтақа мамлакатларига 25 миллион доллар миқдорида янги ёрдам пакети тақдим этишини маълум қилди.

 Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳарбий бостириб кириши фонида, шунингдек, Блинкен Қўшма Штатлар Марказий Осиё халқларининг “суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини” қўллаб-қувватлашини айтди.

 Қозоғистон президенти матбуот хизмати хабар беришича, президент Қосим-Жомарт Тоқаев Блинкеннинг ташрифини мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликка “қўшимча туртки” деб атади.

 АҚШ Давлат департаменти 27 февралдаги баёнотида ушбу учрашувни минтақа доирасидаги ҳамда АҚШ ва Марказий Осиё ўртасида “ҳамкорликдаги умумий муаммоларни ҳал этувчи мустақил, фаровон ва хавфсиз “ҳамкорликни мустаҳкамловчи” саммит сифатида баҳолади.

“С5+1 Қўшма Штатлар С5 суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайдиган воситалардан биридир”, – дейилади баёнотда.

 Изоҳ: Ўтган йилнинг сентябр ойида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессияси доирасида Марказий Осиёнинг беш давлати – Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлари билан учрашув ўтказган эди. Америка санкциялар сиёсати координатори Жеймс О’Брайен ушбу учрашув тафсилотларини маълум қилиб:  

“Биз уларга санкцияларимизга риоя қилиш бўйича кўрсатмалар бердик. Биз ташвишга соладиган аниқ ҳолатларни батафсил кўриб чиқдик. Биз улар билан кейинги мулоқотларда аниқ нима қилишлари мумкинлиги ҳақида суҳбатлашамиз”, -деган эди. У шунингдек, мазкур беш мамлакатнинг барчаси илгари Москва билан бўлган муносабатларига алтернативлар пайдо бўлганидан фақат хурсанд бўлишини қайд этиб, Марказий Осиё давлатлари билан бу борадаги ишларни давом эттиришни ваъда қилганди.

 Кейинчалик, АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Нед Прайс 10-январда Америка ташқи сиёсатининг Марказий Осиёдаги 2023 йилга мўлжалланган асосий йўналишларини маълум қилган эди. У Америка Марказий Осиё мамлакатлари учун ишончли шерик бўлишга интилаётганини ва Марказий Осиё давлатларининг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлаганди.

 “АҚШ C5+1 дипломатик платформасини 7 йилдан кўпроқ вақт олдин ишга туширган, бу форматдаги ҳамкорлик минтақа ва ундан ташқарида янада самарали ва барқарор ечимларга олиб келади”, – деган эди Прайс. У шунингдек, Марказий Осиё ҳозирда ўзининг энг кучли ҳолатда эканини, ҳукуматлар минтақавий ва глобал муаммоларни биргаликда ҳал қилаётганини ва бу платформа ҳар қачонгидан ҳам долзарблигини таъкидлади.

 “Иқтисодий соҳада АҚШ минтақага катта сармоя киритишда ва ўз ҳамкорлари билан ишлашда давом этмоқда. Марказий Осиё давлатларининг салоҳиятини ошириш, янги савдо йўлларини кенгайтириш ва минтақада хусусий секторни мустаҳкамлаш учун 25 миллион доллар ажратилгани бунга яққол мисол бўла олади”, – деди Прайс…

  АҚШ бу ҳаракатлари билан минтақани Россия чангалидан бира тўла юлиб олишга муваффақ бўлмаса ҳам Россиянинг заифлашиб бораётганидан фойдаланиб қолган ҳолда минтақа давлатларини сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан қарамликдан узоқлаштиришга уриниб, ўзининг Россияга қарши қўллаган санкцияларига қўшилишларига ундамоқда. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Россияга нисбатан бўлган табиий қўрқув ҳиссидан келиб чиқиладиган бўлса минтақа давлатларининг Россиянинг Украинага қарши олиб бораётган босқинчилик урушига нисбатан бетарафлик позициясида қолиши ва Россияга санкцияларни айланиб ўтишда ёрдам беришларининг эҳтимоли юқори.

 Абдураҳмон Одилов  

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here