Таклиф хитоби

397
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

Таклиф хитоби

  Таклиф – луғатда – التَكْلِيف – топшириш, зиммага юклаш, жавобгарликни юклаш деган маъноларни англатади. Хитоб – эса, خَطَبَ “сўзини айтди”, яъни тинловчиларга қарата мақсадини ифодалади деган маънодаги сўздан олинган бўлиб, у “айтилган сўз”, “мактуб” деган маъноларни ифодалайди. Таклиф хитоби: Шореъ (шариат эгаси)нинг талаб ёки ихтиёр беришга, яъни бажариш ёки тарк этиш талабига ёки қилиш ва қилмаслик ўртасида ихтиёр беришга алоқадор бўлган хитоб (айтилган сўзи, мактуб)и бўлиб, улардан қатъий хитоб бўлганлари тўрт турлидир:

Биринчи тури Қуръондир. Ундаги айтилган сўзлар ҳам, маънолари ҳам Аллоҳ Таолодан:

وَمَا يَنْطِقُ عَنِ الْهَوَى *  إِنْ هُوَ إِلاَّ وَحْيٌ يُوحَى

Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳй қилинаётган бир ваҳйдир“, [53:3-4]

Аллоҳ Таоло яна айтади:

يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَخُونُوا اللَّهَ وَالرَّسُولَ وَتَخُونُوا أَمَانَاتِكُمْ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ

Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига хиёнат қилмангиз ва билган ҳолингизда сизларга ишониб берилан нарсаларга (яъни, динга ва бошқа ҳар қандай омонатларга) хиёнат қилмангиз! [8:27].

Иккинчи тури Ҳадислардир. Улардаги маънолар Аллоҳ Таоло тарафидан, лекин улардаги маъноларни Росулуллоҳ (с.а.в) ўз томонидан бўлган сўзлар билан ифодалаган. Ҳадислар Аллоҳдан ваҳий эканлиги Қуръонда очиқ баён қилинган. Аллоҳ Таоло айтади:

قُلْ إِنَّمَا أُنذِرُكُمْ بِالْوَحْيِ

– „Айтинг: «Мен сизларни фақат ваҳй билан қўрқитиб-огоҳлантирурман»“, [21:45]

 إِنْ أَتَّبِعُ إِلاَّ مَا يُوحَى إِلَيَّ

– „Мен фақат ўзимга ваҳй қилинадиган нарсага эргашурман“, [46:9]

إِنَّمَا أَتَّبِعُ مَا يُوحَى إِلَيَّ مِنْ رَبِّي

– „Мен фақат Парвардигоримдан келган ваҳйгагина эргашурман“, [7:203]

Учинчи тури саҳобалар ижмоъсида ифодаланган. Яъни бирор ишни саҳобалар ҳеч қандай қарши фикрсиз, бир фикрга қелиб қилишган ишлар ҳам Шореънинг хитобидир. Бу хитобларни: “фақат ҳукми бизларга етиб келгану, лекин ривоят қилинмаган ҳадислар” деб тушунилади. Ҳақ Таоло уларни қуйдагича сифатлаган:

وَالسَّابِقُونَ الْأَوَّلُونَ مِنْ الْمُهَاجِرِينَ وَالْأَنصَارِ وَالَّذِينَ اتَّبَعُوهُمْ بِإِحْسَانٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ

 وَرَضُوا عَنْهُ وَأَعَدَّ لَهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي تَحْتَهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَدًا ذَلِكَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ

Муҳожир ва ансорлардан бўлмиш аввалги пешқадамлар, ҳамда уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар — Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна (Аллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк бахтдир. [9:100]

Туртинчи тури қиёсдир. Яъни нусусда келган бир ишнинг ҳукмини иккинчи бир ишга таққослаб, нусусдаги иллат (боис-сабаб) унда ҳам бўлгани учун ўша ҳукмни иккинчи ишга ҳам қўллаш. Аллох Таоло бандаларнинг зиммасига юклаётган ишларни баён қилиш чоғида баъзи ҳукмларни талаб қилишга ундовчи боис (иллат-сабаб)ларини ҳам баён қилган. Шу иллат бор жойларда ушбу ҳукмлар қучга киради. Иллат йўқолиши билан ҳукмлар ҳам йўқ бўлади. Омидийнинг “Аҳком”ида Набий (с.а.в):

«بَعَثَ مُعَاذاً وَأَبَا مُوسَى إِلَى الْيَمَنِ قَاضِيَيْنِ، كُلّ وَاحِدٍ مِنْهُمَا عَلَى نَاحِيَةٍ، فَقَالَ لَهُمَا: بِمَ تَقْضِيَانِ؟ فَقَالاَ: إِذَا لَمْ نَجِدِ

الْحُكْمَ فِي الْكِتَابِ وَلاَ السُّنَّةِ قِسْنَا الأَمْرَ بِالأَمْرِ، فَمَا كَانَ أَقْرَبَ إِلَى الْحَقِّ عَمِلْنَا بِهِ، فَقَالَ عَلَيْهِ الصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ: أَصَبْتُمَا».

 “Муоз ва Абу Мусони Яманнинг ҳар бирини бир тарафига икки қози қилиб юборди. Уларга: нима билан ҳукм қиласиз-деб сўраганида, агар ҳукмни Китобда ҳам, суннатда ҳам топмасак бир ишни иккинчи ишга таққаслаймизда, улардан ҳаққа яқинроғига амал қиламиз – деб жавоб беришди. Шунда; тўғри айтдинглар – деб жавоб бердилар” деган ривоят келади.

Таклиф хитобидаги шаръий ахкомлар фақат бешта турли бўлади:

1. Агар хитобда бажаришни талаб қилиш қатъий талабга алоқадор бўлса, вожиб (жавобгарлик) ёки фарз (талаб, топшириқ) бўлади. Фарз ва вожиб иккиси ҳам – шариат эътиборида – бир маънода.  Вожибни қасддан бажармаган, тарк қилувчи шаръан мазаммат қилинади-қораланади. Уни мазаммат қилишнинг шаръан маъноси; тарк қилгани учун камчиликка йўл қўйган ва маломатга лойиқ эканлиги бўлиб, у Аллоҳнинг Китобида, Росули (с.а.в)нинг суннатида ёки саҳобалар ижмосида келган бўлишидир. Бирор ишни тарк қилгани учун одамларнинг мазаммат қилишининг эътибори йўқ. Балки эътибор шариатда келган мазаммат-қоралашдир. Қатъий талаб қилинган ишнинг вожиблиги жиҳатидан фарзи айн билан фарзи кифоя орасида фарқ йўқ. 

2. Агар Шореънинг хитоби бирор ишни бажариш қатъий бўлмаган талабга алоқадор бўлса, яъни Шореъ бирор ишни қилишни талаб қилсаю, лекин қатъий эмас бўлса у мандубдир. Ибодатларда суннат дейилади. Мандубни қилувчи шаръан мақтовга лойиқ бўлиб, уни тарк қилувчи шаръан мазаммат қилинмайди-қораланмайди. Уни яна нафл деб ҳам номланди.

3. Агар Шореънинг хитоби феълни тарк қилиш учун бўлиб, қатъий талабга алоқадор бўлса, у ҳаром ёки махзурдир. Масалан: судҳўрлик ҳаром, бу ҳукм ибн Можа ривоят қилган ҳадисда: «Пайғамбар (с.а.в) рибони еювчини, едирувчини, гувоҳларини ва ёзувчини (котибни) лаънатладилар» деб хитоб қилинган. Ҳаромни қилувчи шаръан мазаммат қилинади.

4. Агар Шореънинг хитоби қатъий бўлмаган талабга алоқадор бўлса, у макрухдир.  Уни тарк этувчи шаръан мақталса, уни қилувчи шаръан мазаммат қилинмайди.

5. Агар Шореънинг хитоби қилиш ёки қилмаслик орасида ихтиёр беришга алоқадор бўлса, гарчи амр сийғасида келган бўлса ҳам у мубоҳдир. Ихтиёр бериш учун келган насс очиқ-ойдин бўладими, масалан: байнинг ҳукми мубоҳ бўлиб, уни Аллоҳ Таоло “Бақара” сурасида баён қилган каби:

وَأَحَلَّ اللَّهُ الْبَيْعَ وَحَرَّمَ الرِّبَا

– „Аллоҳ байъни ҳалол ва судхўрликни ҳаром қилди“.  [2:275]

Ёки талаб сийғасидан ихтиёрлик тушуниладими, фарқи йўқ, худди икки хил ҳолатдаги битта ҳукм(бай) ҳақида нахийдан кейин амр келганидек, масалан: “Жумъа” сурасида Аллоҳ Таоло жумъа намози вақтида савдо билан шуғулланишликни ҳаром экани ҳақидаги ҳукмини нозил қилди:

يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا نُودِي لِلصَّلَاةِ مِنْ يَوْمِ الْجُمُعَةِ فَاسْعَوْا إِلَى ذِكْرِ اللَّهِ وَذَرُوا الْبَيْعَ ذَلِكُمْ خَيْرٌ لَكُمْ إِنْ كُنتُمْ تَعْلَمُونَ

Эй мўминлар, қачон Жумъа кунидаги намозга чорланса (яъни азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар! Агар биладиган бўлсангизлар, мана шу (яъни Аллоҳнинг зикрига — Жумъа намозини ўқишга шошилиш) ўзларингиз учун яхшироқдир. [62:9]

Буоятда бай каби жумъадан машғул қилувчи ишлардан қайтариб келган бўлса, қуйидаги оятда ўшандек ишларни қилишга амр қиляпти. Шундан жумъадан кейин бай каби ишлар билан шуғулланиш мубоҳлиги келиб чиқади:

فَإِذَا قُضِيَتْ الصَّلَاةُ فَانتَشِرُوا فِي الْأَرْضِ وَابْتَغُوا مِنْ فَضْلِ اللَّهِ وَاذْكُرُوا اللَّهَ كَثِيرًا لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

 Энди қачон намоз адо қилингач, ерга тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар. Аллоҳни кўп зикр қилингларки, шояд нажот топурсизлар. [62:10]

Аллоҳ Таоло бандаларининг зиммаларига юклаган вазифаларни тўрт ҳил шаклда йўллаган бўлиб, уларда беш турдаги: фарз-вожиб, суннат-нафл, мубоҳ, макруҳ ва ҳаром ишларни баён қилган. Кимики Аллоҳ Таолонинг рисолатидаги кўрсатмаларига риоя қилса нажот топади – унинг жойи мангу жаннатдир. Кимики бандалигини унитиб, Ҳожасини кўрсатмаларига эътибор бермаса ҳолига вой – жойи абадий дўзаҳ бўлади.

Ғариб Муслим

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here