ХИЁНАТ НИМА?

953
0

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

ХИЁНАТ НИМА?

Хиёнат амонатдорликнинг зидди (антоними)дир. Олимларнинг таърифлашича, хиёнат – бир шахс тарафидан бошқа бир шахсга ё одамларга ёки ҳукуматга зарар етказишдир.

Шариатдаги истилоҳий маъноси эса: الخيانة مخالفة الحق بنقض العهد في السِّر – «хиёнат – ҳуфёна(сирран) ўртадаги ақдни бузиш сабабли ҳақиқатга қарши иш тутишдир». Хоин хиёнатини очиқ-ойдин қилишдан қўрққанлиги учун ҳуфёна қилади. Очиқ ҳаракат қилиш хиёнат бўлмайди, балки қарши ҳаракат деб баҳоланади ва унинг муомаласи бошқача бўлади. Шунинг учун таърифда “ҳуфёна” деган сўзни қўшиб ишлатилди. Аммо Аллоҳ Таолога ҳеч нарса сир эмас. Аллоҳ Таоло айтади:

  يَسْتَخْفُونَ مِنْ النَّاسِ وَلَا يَسْتَخْفُونَ مِنْ اللَّهِ وَهُوَ مَعَهُمْ إِذْ يُبَيِّتُونَ مَا لَا يَرْضَى مِنْ الْقَوْلِ وَكَانَ اللَّهُ بِمَا يَعْمَلُونَ مُحِيطًا

Улар (ўзларининг жиноятларини) одамлардан яшира оладилар, аммо Аллоҳдан яшира олмайдилар. У Ўзи рози бўлмайдиган гапларнинг режасини хуфёна тузаётган пайтларида ҳам улар билан бирга бўлур. Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини иҳота қилгувчи бўлган зотдир. [4:108].

Хиёнатни тушуниш учун мисол тариқасида шуни айтаманки; масалан, бирор киши уйи, машинаси ёки бирор жиҳозини сизга “амонатга қўйса”, сиз унга зиён етказмасдан сақлаб беришингиз амонатдорлик ҳисобланади. Шунингдек, бирор нарсани “ориятга” (яъни ҳақсиз, савоб умидида фойдаланишингизга вақтинчалик ишлатиб туришга) ёки ижарага (яъни бирор нарсани пул ёки нарса эвазига вақтинчалик фойдаланиш)га олган бўлсангиз, ундан келишилганидек фойдаланишингиз, яъни ақдга вафо қилишингиз амонатдорлик ҳисобланади, аксинча, бепарво бўлишингиз ёки ўз манфаатингизни кўзлаш натижасида унга зиён етишлиги, яъни ақдга вафо қилмаслигингиз шу нарсани эгаси учун хиёнат ҳисобланади. Аллоҳ Таоло айтади:

يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَخُونُوا اللَّهَ وَالرَّسُولَ وَتَخُونُوا أَمَانَاتِكُمْ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ

Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига хиёнат қилмангиз ва билган ҳолингизда сизларга ишониб берилан нарсаларга (яъни, динга ва бошқа ҳар қандай омонатларга) хиёнат қилмангиз![8:27].

 Хиёнат фикрларда ҳам бўлади, масалан; Ислом ва ундаги ҳукмлар ҳам амонат бўлиб, уни ўзгартирмасдан эгаларига етказилмаса ҳам хиёнат бўлади. Лекин бу хиёнатни қилишдан аввал Аллоҳ Таолога берган аҳдларини бузишган бўладилар. Масалан: баъзи сарой уламолари каби Қуръон ёки ҳадисларни оммага бошқача қилиб тушунтириш Аллоҳга, Росули(с.а.в)га осий бўлганларидан сўнг уларга ишонган омма мусалмонларга ҳиёнат қилиш ҳисобланади. Ҳизб фикрларини ҳам ҳизб қабул қилгандан бошқача қилиб ифодалаётган ҳизбийлар аввал қасамини бузган, яъни қасамидаги сўзларга амал қилишни бузиб, сўнг фикрларни яхши ва тўғри ўрганмасдан ҳизбга ва мусулмонларга хиёнат қилган бўладилар. Аллоҳ Таоло айтади:

وَإِنْ يُرِيدُوا خِيَانَتَكَ فَقَدْ خَانُوا اللَّهَ مِنْ قَبْلُ فَأَمْكَنَ مِنْهُمْ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ

Агар улар сизга хиёнат қилмоқчи бўлсалар — бас, (билингизки) улар илгари Аллоҳга ҳам хиёнат қилган эдилар. Шунда Аллоҳ (сизни) уларга ғолиб қилди. Аллоҳ билим, ҳикмат соҳибидир. [8:71].

Абу Ҳурайра(р.а.) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар(с.а.в) шундай деганлар:

«قَالَ اللَّهُ تَعَالَى: ثَلاَثَةٌ أَنَا خَصْمُهُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ: رَجُلٌ أَعْطَى بِي ثُمَّ غَدَرَ…»

«Аллоҳ Таоло айтади: «Уч тоифа одам борки, қиёмат кунида Мен уларнинг душманиман. Улар Менинг номим билан (қасам ичиб, ваъда) бериб, кейин хиёнат қилган киши…». Бухорийдан.

Хиёнат амалларда ҳам бўлади, масалан: Халифа шариатни умматга одилона тадбиқ қилмаслиги ёки мусулмонлар ўз раҳбарларининг буйруқларини тўғри ва тўлиқ ижро қилмаслигиклари, амир ва масъуллар ёки уй раҳбари; ота ёки эр ўз қўл-остидагиларни меҳрибонлик билан бошқармасликлари, эр-хотинларнинг никоҳ ақдига риоя қилмасликлари, дўстлар бир-бирларига бўлган ишончларига риоя қилмасликлари амаллардаги хиёнат бўлади. Аллоҳ Таоло айтади:

إِنَّا أَنزَلْنَا إِلَيْكَ الْكِتَابَ بِالْحَقِّ لِتَحْكُمَ بَيْنَ النَّاسِ بِمَا أَرَاكَ اللَّهُ وَلَا تَكُنْ لِلْخَائِنِينَ خَصِيمًا

Албатта, Биз сизга ушбу Ҳақ Китобни (Қуръонни) одамлар орасида Аллоҳ қўрсатган йўл билан ҳукм этишингиз учун нозил қилдик. Сиз хоинларни ҳимоя қилгувчи бўлманг. [4:105].

Хиёнат икки турли бўлади; кичик ва катта. Шахсларга қилинган хиёнат кичик бўлиб, Умматга, давлатга қилинган хиёнат катта хиёнат бўлади, айниқса амирлар, олимлар ва масъулларнинг мусулмонларга қилинган хиёнатидан катта хиёнат йўқ. Уммат ишлари ҳам уларга боғлиқ, агар олим ва амирлар тақводор, ўз ишларида хиёнат қилмасалар ҳаётнинг ҳамма соҳаси тезда  ўнгланади. Бу маънони Росулуллоҳ (с.а.в) шундай ифодалаганлар: «Икки тоифа инсонлар борки, агар улар тузалиб ўнглансалар, инсонлар ҳам ўнгланадилар. Агар улар бузилсалар, инсонлар ҳам бузилади. Улар уламолар ва амирлардир». Демак, жамоатнинг бузилиши масъуллар ва уламоларнинг хиёнатидан, ўз масъулиятидаги ишларини қилмаганидандир. Ислом одилона, тўғри ва холис бошқаришни раҳбарлардан қаттиқ талаб қилган, хиёнатлари сабабли – Росулуллоҳ (с.а.в) хабар берганидек – Аллоҳ Таоло уларга жаннатни ҳаром қилди: Росулуллоҳ(с.а.в) огоҳлантирди: “Аллоҳ раиятга бирор бандасини бошлиқ қилса ва у раиятга сидқидилдан муомила қилмаса (яъни иккиюзлик, хиёнат қилса) унга жаннатни ҳаром қилади”, Яна бир ривоятда; “… жаннат ҳидини топмайди, деб келган. Абу Саъид Худрий(р.а.) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар(с.а.в) шундай деганлар:

«لِكُلِّ غَادِرٍ لِوَاءٌ عِنْدَ اسْتِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ, يُرْفَعُ لَهُ بِقَدْرِ غَدْرِهِ, أَلاَ وَلاَ غَادِرَ أَعْظَمُ غَدْرًا مِنْ أَمِيرِ عَامَّةٍ»

«Қиёмат кунида ҳар бир хоиннинг думбасида бир байроғи бўлиб, хиёнатига қараб юқорироқ кўтарилиб бораверади. Огоҳ бўлингларки, омма амирининг хиёнатидан кўра буюкроқ хиёнат йўқдир». Муслим ривояти.

Ғариб Муслим

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here