Мирзиёев МДҲ мамлакатлари махсус хизматлари раҳбарларини қабул қилди

726
0

Мирзиёев МДҲ мамлакатлари махсус хизматлари раҳбарларини қабул қилди

 7 ноябр куни, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгашининг Тошкентдаги йиғилишида иштирок этадиган делегациялар бошлиқларини қабул қилди.

 Президент меҳмонларни қутлаб, Ўзбекистонда МДҲ доирасидаги кўп қиррали муносабатларни, жумладан, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши кураш борасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга муҳим аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.

 Хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш Ўзбекистоннинг Ҳамдўстликда 2020 йилги раислигининг устувор йўналишларидан бири экани қайд этилди.

 Ташкилотга аъзо давлатлар махсус хизматлари ўртасидаги яқин ҳамкорликни давом эттириш, шу жумладан тезкор ахборот алмашиш ҳамда терроризм, экстремизм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликни бартараф этиш бўйича қўшма тадбирлар ўтказиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

 Изоҳ: Айрим хабарларга кўра, Тошкентда бўлиб ўтаётган МДҲ давлатлари махсус хизматлари раҳбарларининг йиғилиши аслида 2020 йилнинг май ойида ўтказилиши керак эди. Бироқ, Россия хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушевнинг 30-31 октябр кунлари Тожикистон ва Ўзбекистонга ташрифи ортидан бу йиғилиш 2019-йил 7-ноябр кунига кўчирилди. МДҲ давлатлари махсус хизматлари раҳбарлари йиғилиши бўлиб ўтадиган куни Тожикистонда “ИШИД” ташкилоти аъзолари дея иддао қилинаётган қуролли гуруҳ чегара постига “ҳужум” уюштирди. “Ҳужум” содирбўлиши билан МДҲ давлатлари махсус хизматлари Тожикистонга Афғонистон билан чегараларни мустаҳкамлашда кўмак кўрсатишга тайёр эканликлари ҳақида баёнот эълон қилишди…

 Маълумки, Николай Патрушев Путин ҳокимият тепасига келиш арафасида Россиянинг ларзага солган қатор терактларнинг асосий ташкилотчиси сифатида танилган. Патрушев Тожикистон ва Ўзбекистонга қилган расмий ташрифи ҳам бежизга бўлмаган. Каримов табиатидаги қўрқоқлик ва эҳтёткорлик сабабли барча етакчи давлатлар билан масофа сақлаб келган. Ўзбекистон бошқа давлатлар учун ёпиқ бўлиб қолаверган. Мирзиёев ҳокимият тепасига келгач Ғарб инвестицияси ва қўлловига эга чиқиш учун қисман очиқ сиёсат юрита бошлади. Ғарб ташкилотлари ва айрим инсон ҳуқуқлари ташкилотлари учун эшикларни очиб берди. Бундан фойдаланган АҚШ Ўзбекистон устидан ўз нуфузини мустаҳкамлашга киришди. Табиийки, бу Россия учун исталмаган ҳолат. Шу сабабли ҳам Россия ўзбек ҳукуматини ўз чангалидан чиқариб юбормаслик учун синалган усул “терроризм таҳдиди”дан фойдаланмоқчи бўляпти. Тожикистонда содир бўлган иш айнан Ўзбекистонга қаритилган эканлигига далил – Ўзбекистон расмий ахборот сайти uza.uz ходиса ҳақида бирорта ҳам хабар чоп этмади.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here