Ўзбекистон ва Россия Хавфсизлик кенгашлари ўртасида ҳамкорлик режаси имзоланди

675
0

Ўзбекистон ва Россия Хавфсизлик кенгашлари ўртасида ҳамкорлик режаси имзоланди

Тошкентда 31 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши аппаратлари ўртасиданавбатдаги икки томонлама маслаҳатлашув бўлиб ўтди.

Мулоқотлар Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ва Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев раислигида ўтди.

Ушбу мулоқотлар минтақавий хавфсизликни, Марказий Осиёда, жумладан, Афғонистондаги вазиятни инобатга олган ҳолда, барқарор ривожланишни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида қайд этилди.

Тадбирда, шунингдек, ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, келажакда ушбу йўналишда ҳамкорликка оид ҳукуматлараро битим имзолашга келишиш муҳимлиги таъкидланди.

Томонлар хавфсизлик соҳасидаги кенг кўламли Ўзбекистон – Россия ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш, шу жумладан, келажакда шартномавий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш ва биргаликдаги амалий ҳаракатларнинг икки томонлама ишчи механизмини такомиллаштиришга тайёр эканини тасдиқлади.

Маслаҳатлашув якуни бўйича тегишли протокол ва Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати билан Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши аппарати ўртасида 2020-2021 йилларга мўлжалланган хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича аниқ чора-тадбирларни назарда тутувчи Ҳамкорлик режаси имзоланди.

Таҳлил: Ўзбекистон Россиянинг Евроосиёга қўшилиш таклифини рад эта олмади. Лекин Ғарб оламининг қаршилигини рўкач қилиб, иттифоққа қўшилишдан бўйин товлай бошлади. Шунга кўра Патрушев Мирзияевга босим ўтказгани келди.

Марказий Осиё мамлакатларида Россиянинг таъсири камайиб боряпти. АҚШ жаҳон банки орқали Ўзбекистонга қарз бериш эвазига уни ўз манфаатларига қаратилган оламий капиталистик иқтисодий система тизимини қабул қилишга мажбурлаб боряпти! Хитой ҳам, Марказий Осиё давлатларида ўзининг инвестициялари билан иқтисодий ва молиявий таъсирини кучайтириб боряпти.

Россия Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистонга бошқа мамлакатлар сингари бор имкониятларидан келиб чиқиб босим ўтказишга ҳаракат қилади. Унинг босим бериш имкониятлари асосан ҳарбий қувватига таянган эканлигидан, у мамлакатда ҳарбий ва стротегик бўшлиқ пайдо қилишга уринади. Шунинг учун Россия, Ўзбекистон ҳукуматини Афғонистон томондан келаётган ҳарбий хатарга эътиборини тортмоқчи бўляпти. Тўғрироғи Россияда хизмат кўрсатишаётган Ўзбек меҳнат муҳожирларига ва мавсумий ҳўл мева маҳсулот савдосига шароит яратиб бериш эвазига, Ўзбек ҳокимиятини ўша қалбаки хавф хатарга ишонишга мажбур қилмоқчи бўляпти.

Патрушев тўқсонинчи йиллар охиридаги Путин режими томонидан Россиянинг турли минтақаларида уюштирилган қатор қўпорув амалиётлари вақтида ФСБ директори этиб таъйинланган ва ушбу қўпорувларнинг асосчиларидан бири бўлган. Шунингдек собиқ совет иттифоқидан қолган Россияга тобет давлатларда содир бўладиган (чегара муаммолари, миллий низолар, террорлик амалиётлари ва қўпорув ишлари) барча хунрезлик амалиётлари ҳам, ҳозиргача Патрушев бошчилигида уюштирилади ва амалга оширилади.

Ўзбекистонга айнан Патрушевнинг келиши, Афғонистонни рўкач қилиб, мамлакат ичида атайин террор хавф хатарларини пайдо қилиш устида келишишиб олишни англатади. Бу билан Россия Ўзбекистонни Ғарб мустамлакаси босимидан қутқариб, уни Евроосиё иттифоқига киритмоқчи бўлади.

Бу мақсадига етиш учун Патушев икки йўналишда ҳаракат қилиши мумкин. Ўзбекистон режими ва президенти суянган етакчи гуруҳ ҳануз давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) эканлиги сабабли, Патрушев ДХХ билан ҳали қувватга эга бўлмаган президент командаси ўртасида кескинлик пайдо қилади. Иккинчи ҳолатда, президент етакчи гуруҳ билан бирга, Ғарб босимидан қутилиш мақсадидаги Патрушев маслаҳатига розилик билдиради. Ҳар икки ҳолатда ҳам Патрушев Ўзбекистонни аввалги Каримов режимига ( мамлакат Ғарб учун ёпиқ режимига) қайтишга даъват қилади ва қайтиш учун ифлос йўллар ва лоиҳалар таклиф қилиши кутилади. Мақсади қандай қилиб бўлмасин Ўзбекистонни Евроосиё иттифоқига қўшилишга ундашдир.

Абдураззоқ Мўъмин.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here