Хитой босқинчилигига қарши стратегия лойиҳаси

1040
0

Хитой босқинчилигига қарши стратегия лойиҳаси

Асослари;

Гувоҳи бўлиб турганимиздек, Қирғизистон халқи Хитой босқинига қарши бир хил туйғуларга эга эканлигини кўрсатди. Албатта, бу туйғулар воқеда бўлаётган айрим ҳақиқатлардан келиб чиқди. Масалан, Хитойнинг Кирғизистонни қарзга ботириши, Хитой сармоядорларининг зиёдалашиши, давлат ичида хитойларнинг кўпайиши, Хитой фуқароларининг Кирғизистон фуқароларига зўравонлик қилишлари, хитойликларнинг Қирғизистон фуқаролигини олишлари ва ҳакоза. Бундай кўринишлар қирғизистонликларни ғазаблантириб, баъзи фуқаролар айрим ҳолларда куч ишлатишгача етиб боришди. Аммо бу ишларнинг ҳаммаси туйғуларга асосланган ва тартиб-интизомсиз ҳаракатлар бўлиб, якка шахслар ёки айрим жамоалар томонидан ҳеч қандай стратегиясиз олиб борилмоқда.

Шунинг учун, Хитой босқинига қарши курашда ҳокимият халқ томонда бўлиши керак ва бу борада стратегия ишлаб чиқиши шарт.

Шу асосда, қирғиз ҳокимиятига ва Қирғизистон халқига қуйидаги стратегия лойиҳасини хавола қилмоқчимиз.

Эслатма: Лойиҳада зарур асосларгина айтиб ўтилди. Бошқа тафсилотлар лойиҳадан келиб чиқувчи режа ва услубларга қолади.

Халқаро стратегияга мурожаат қилиш

Ҳар бир сиёсий вокеага назар ташлашда, аввало, ҳалқаро стратегияга мурожаат қилинади. Халқаро стратегияга боқар эканмиз, ҳозирда Ўрта Осиёда, жумладан Кирғизистонда, учта держава мустамлакачиликда рақобатлашаётгани гувоҳи бўламиз. Улар Ўрта Осиёга нисбатан янги мустамлакачи – АҚШ, эски мустамлакачи – Россия ва ўз ҳудудидан ташқарига кенгайиш стратегиясини қабул қилган Хитой давлати.

Халқаро стратегия борасида авваламбор дунёдаги биринчи давлатнинг стратегиясига қаралади.

АҚШ ҳозирда дунёда биринчи давлат. Собиқ Совет Иттифоқи қулагач, Американинг Россияга нисбатан стратегияси – унинг колонияларини сиёсий воситалар орқали тортиб олиш бўлган. Шу боис Россиянинг Ўрта Осиёдаги таъсир қувватини синдириш учун Хитойни бу ҳудудга иқтисодий томондан кириб келишга қизиқтириб келган. Масалан, 1999 – йил АҚШ “Ипак йўли” лойихасини ишлаб чиқди. Бунинг маъноси Хитойнинг Россия мустамлакалари томон кенгайиши АҚШ билан маъқуллашилганлигини англатади. Лекин, Хитойнинг иқтисодий ва сиёсий димоғи кучайиб, 2010 – йил “Бир камар, бир йўл” лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу эса Хитойнинг АҚШ лойиҳаси доирасидан чиқиб кетишини англатар эди. Шундан сўнг Америка Хитойни биринчи рақиб деб билди ва унга қарши стратегия қабул қилди. Демак-ки, ҳозирги пайтда Америка Хитойнинг Ўрта Осиё томон кенгайишига йўл қўймасликнинг чораларини кўрмоқда.

Россия эса мусламлакачилик давридан буён Ўрта Осиёни ўз чангалида ушлаб келади. Иттифоқ вайрон бўлгач катта таъсир қувватини бой берган бўлса ҳам, у худудда бевосита мустамлакачи ҳолда қолмоқда. Ғарблик рақиблари қаршисида Россия Хитой билан ҳамкор бўлишга мажбур бўлмоқда. Шунинг учун ҳам Хитойнинг Ўрта Осиёга иқтисодий томондан қириб келишига бевосита қаршилик қила олмаяпти.

Хитой “Бир камар, бир йўл” лойиҳасини қабул қилиб, 2013- йилдан буён уни ишга оширишга киришди. 2017- йил коммунистлар съездида Си Цзин Пин: “Хитой ҳозирда дунёда етакчи кучга айланди ва у инсоният тарихида аҳамиятли роль ўйнайди”, деди… Шунингдек “юксалишнинг Хитойча модели ривожланаётган давлатларга янги танлов имкониятини беради” деб билдирди. Бу дегани, Хитой янги колонияларга эга бўлишда бошқа мустамлакачилар билан рақобатлаша бошлайди деганидир.

Шундай қилиб, Хитой ўзига қарашли ҳудуддан ташқарига кенгайиш стратегиясини қабул қилди.

Қирғизистоннинг тобелик асослари

1. Россия-Қирғизистон:

Сиёсий томондан, Қирғизистон етакчилари ҳокимиятга Россиянинг рухсати билан келишади. Ташқи алоқалар Россиянинг ташқи сиёсати доирасида олиб борилади. Ҳатто, Россиянинг ички ишларимизга аралашишида ҳам ҳеч бир тўсиқ йўқ. Иқтисодий томондан, Қирғизистон ташқи савдосидаги Россиянинг улуши 23%. Ҳарбий томондан, Кирғизстонда Россиянинг тўртта ҳарбий объектини бирлаштирган ҳарбий базаси бор. Кирғизистоннинг қурол-яроғини ҳам Россия таъминлайди.

2. АҚШ-Қирғизистон:

Сиёсий томондан, Қирғизистонда етакчилар тайинланишига АҚШ бевосита таъсир қилмайди. Аммо, унинг кадрлари сиёсий элитада, ҳокимият курсиларида кўпайиб бормоқда. Шунингдек ахборот воситалари ва нодавлат ташкилотлари халққа таъсир ўтказа оладиган даражага чиқган. Иқтисодий томондан араб давлатлари ва Туркиянинг кириб келиши орқали билвосита таъсирга эга бўлиш услубини ишга солган.

3. Хитой-Қирғизистон:

Хитой Кирғизистонда сиёсий томондан бевосита таъсирга эга эмас. Аммо, пули билан сиёсатчиларни ўзига жалб қилиб келади. Иқтисодий томондан, Хитой Қирғизистоннинг ташқи савдосида 1 поғонани (32%) эгаллайди. Ҳозирги пайтда Қирғизистондаги ташқаридан келган сармояларнинг 40%и Хитойга тегишли. Қирғизистоннинг Хитойдан қарзи $1.7млрд (ташқи қарзнинг 42%ини ташкил этади).

Хитой мустамлакачилигининг мақсади бошқа мустамлакачиларникидан фарқ қилади. Бошқа мустамлакачилар учун хом ашё базаси, орзон ишчи кучи, бозор зарур. Хитой босқинида бундан фарқли улароқ, унда текин ишчи кучи улкандир. Шунингдек, ҳозир Хитой хом ашёларимизни ташиб, бозорларимизни эгаллаётгани билан, аммо, унинг асосий мақсади – ерларни босиб олишдир. Негаки, босиб олганидан кейин, ҳаммаси унинг мулкига айланади. Шунда ўзининг ошиқча халқини олиб келади ва уларни бизнинг еримизга жойлаштиради. Унга етишнинг йўли ҳозирги Хитой мусулмонларига нисбатан қўллаётган сиёсатдан кўринади. БМТ ҳисоботи бўйича, ҳозирда Хитой лагерларида сақланаётган инсонлар сони миллиондан зиёд. Демак, Хитой Қирғизистоннинг ишга қодир фуқароларини биттагина лагерга сиғдира олади ва улар текин ишлаб берадиган қулларга айланишади ҳамда ерлари Хитой келгиндиларининг шахсий мулкига айланади. Аллоҳ бундан асрасин.

Халқдан талаб қилинадиган сиёсий ҳаракатлар

1) Давлат қанчалик заиф бўлмасин, модомики давлат ҳисобланар экан, унинг ҳокимияти бўлади. Бу ҳокимият бошқа томонга қанчалик тобе бўлмасин, барибир у ўз халқининг қўллаб-қувватлашига таянади. Чунки, халқ бўлмаса ҳеч қандай ҳокимият ҳам бўлмайди. Шунинг учун, халқ давлат учун нечоғли аҳамиятли эканини тушуниши керак ва ҳақ-хуқуқларини талаб қила олишлари зарур. Бу масала, яъни ҳитойликларга тобе бўлиш ёки бўлмаслик масаласи – умумхалқ масаласидир. Агар халқ бу масалани бундай деб тушунмаса, у ҳолда эртага уларнинг ҳар бири Хитойга қул бўлади. Шунинг учун, бу борада халк ҳокимиятни қаттиқ муҳосаба қилиши керак. Токи, ҳокимият халқга ҳисоб-китоб берадиган бўлсин.

2) Хитой босқинини айрим вокеалар туфайли аниқ ҳис қилаётган бўлсак ҳам, аммо, бу етарли эмас. Биз бу хавф-хатарни фикрий тушуниб етмоғимиз даркор. Бунинг учун ҳокимиятдан Хитой билан Қирғизистоннинг ўртасидаги шартномаларни очиққа чиқаришини талаб қилишимиз керак. Бу борада “давлат сири” деган баҳона ўтмайди. Қулчиликка олиб борадиган “сир”лар бизга керак эмас. Ҳокимият ходимлари ичидан халқ томонга ўтиб, шартномаларни фош этувчи мардлар чиқади, инша Аллоҳ. Чунки, улар ҳам бизнинг фарзандларимиздир. Бир вақтларда улар бу шартномаларни халқ учун фойдали ҳисоблаган бўлиши эҳтимол, аммо, унинг зарари фош бўлгач, у мардлар халқ манфаатига хизмат қилишга қайтишади. Кимки шундан кейин ҳам, шартномаларнинг фош қилинишига ва курашга қарши чиқса, унда улар хоинлардир. Ҳамда бундай шартномаларнинг касофатларидан хабардор зиёлилар мавжуд. Улардан ҳам шубҳали шартномаларни фош қилиб беришини талаб қилиш керак. Шартномаларнинг фақат фойдали кўринган томонларинигина кўрсатиш ёки баъзи бир шартномаларнигина ошкор қилиш ярамайди, балки ҳаммасини фош қилиш керак. Негаки, улар заминимиз ва халқимиз устидан чиқарилган ҳукмлардир. Мана шундай фош қилишлардан сўнг, бизни қандай хавф, качон, қай тарзда кутаётганини аниқ била оламиз. Мана шундан сўнггина бу босқиндан қутулиш режаларини, чораларини аниқ ишлаб чиқиш имконияти туғилади.

Демак, ҳокимият шартномаларни фош қилиб, улардан чиқиб кетиш, уларни зарарсизлантириш чораларини кўрсатсин. Ундай қилмаса, халқ талаб қилсин.

3) Бошқа мустамлакачиларнинг манфаатларига хизмат қилиб қолишдан сақланиш керак

а) Америка Хитойга қарши халқнинг ғазабини қўзгашда жон жахди билан ҳаракат олиб боряпти, аммо, яширинча. Бу йўлда ўзига қарашли аҳборот воситаларини, интернет тролларини ишга солмоқда. Улар халқни туйғулантиришга урғу беришяпти. Бир куни халқнинг сабр косаси тўлгач, АҚШ яна бошқа услубларини ишга солиб, ўлкада беқарорлик яратишга киришади. Бундай беқарорлик Хитойнинг қириб келишига албатта тўсқинлик яратади. Аммо, бу нарса халқимиз учун катта қийинчиликларни олиб келиши аниқ. Лекин, у Американи ўйлантирмайди, у бўйнига ҳеч қандай жавобгарчилик олмайди.

б) Россия ҳам Хитойнинг кириб келишига зимдан қаршидир, аммо, у ҳам билвосита қаршилик қилади. Бунга 2016- йилда Қозоғистон вокеаси ёрқин мисол бўлади. Ўша вақтда қозоқ ҳокимиятининг хитойликларга ер бериши Қозоғистон халқинини ғазаблантирган эди. Россия фурсатдан фойдаланиб, ўз одамлари орқали инсонларни кўтара олди. Қозоқ ҳукумати халқ намойишини бостириб, охири “террористлар”га буриб юборди. Бу билан намойишга чиққан халқни қўрқитиб, қолганларини чалғитиб кўйди. Аммо Россиянинг кўзлагани юзага чиқди, қозоқ ҳукумати ҳитойликларга ер беришга мораторий эълон қилиш билан ортга чекинди. Хитойнинг кириб келиши вақтинча бўлса ҳам орқага сурилгандек бўлди. Аммо у хуфёна давом этмоқда. Алал-оқибат, зарар кўрганлар фақат қозоқ фукароларигина бўлиб қолди.

Шу боис, куч ё қурол қўллашга чақирувчи томонлардан ва беқарорликка олиб борадиган ҳаракатлардан узоқ бўлиш керак. Шунинг учун Хитойга қарши чақирувчи қайси томон бўлмасин, улардан келажакни аниқ кўрсата оладиган лойиҳа талаб қилиш лозим. Токи лойиҳа кўрсатишсин, ёки лойиқ лойиҳага келиб кўшилишсин.

в) Провокациялар Ҳитойга малайлик қилаётган ҳокимият вакиллари томонидан бўлиши ҳам мумкин. Улар шу бахонада халқни бостиришади. Бундан Ҳитой ҳам манфаатдор.

г) Кураш фақатгина сиёсий ишлар билан бўлиши керак (баёнотлар, конференциялар, тинч намойишлар, комитет, комиссиялар ташкил қилиш, учрашувлар уюштириш ва ҳакозо). Ҳокимият – биздан вакилдир. Хитойга қарши сиёсатни халқ бевосита юрита олмайди. Уни ҳокимият орқалигина олиб бора олади. Шунинг учун, сиёсий ишларнинг йўналиши ҳокимиятга қаратилади. Айни пайтда, сиёсий ишлар ҳокимият билан халқнинг орасини ажратадиган эмас, балки халқ билан ҳокимиятни бирлаштирадиган, уларни биргаликда Хитойга қарши йўналтирадиган ишлар бўлиши зарур. Бахс-мунозаралар ҳикматли (ҳужжатга суянган ҳолда) ва ҳақоратларсиз олиб борилиши лозим. Агар ҳокимият халқга нисбатан куч қўлласа, бу балодир. Чунки, хамма мустамлакачиларнинг пойлаб турган нарсаси ҳам мана шу. Улар халқни ҳокимиятга гиж-гижлаб қўйиб, заифлашган давлатда ўз билганларини қилишга ўтади. Шунинг учун, ҳокимиятнинг халқга нисбатан куч қўлланишига сиёсий ишлар орқали тўсиқлар қўйилиши керак. Масалан, ҳозирда баъзи бир ҳокимият вакиллари – шартномалардаги мажбуриятларига биноан – Хитой манфаатларини ҳимоя қила бошлашди. Президент бош бўлган зиёлилар Хитойнинг мустамлакачи эмаслигини исботлаб беришнинг ўрнига (аслида, ҳеч қачон исботлай олишмайди ҳам), ишониб бўлмайдиган баҳоналар билан Хитой мустамлакасини оқловчи ҳаракатларга ўтишди.

Шундай пайтда сабр ила уларнинг ўз халқига ҳиёнат қилишаётганини сиёсий ишлар орқали етказиш керак.

Демак, ҳокимият ўз халқига қарши иш олиб бормасин ва мустамлакачиларнинг хийла-найрангларидан ҳимоя қилсин. Халқ буни каттиқ туриб талаб қилсин.

Сиёсий онг

1. Сиёсий онг – бу бутун дунёга маълум бир нуқтадан туриб қарашликдир. Мусулмонлар дунёга, ундаги воқеаларга фақат Ислом ақидасидан туриб қарашлари керак. Исломга кўра, мустамлакачиликнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш вожибдир. Мустамлакачиликдан ҳимоя қиладиган Исломий давлатимиз йўк пайтда, мустамлакачилар сиёсий-иқтисодий йўллар орқали кириб келаётган бўлса, бундай ҳолатда уларга қарши сиёсий кураш олиб боришимиз фарздир. Шунга кўра, мусулмонлар исломий сиёсий онгга эга бўлишлари учун, соф Исломимизни зудлик билан тиниқ ўрганишга ҳаракат қилишлари керак. Аслида, мусулмон фукароларимизнинг ўз Исломини ўрганишга интилишлари кучли. Аммо, мустамлакачи кофирлар ва уларнинг малайлари унга қарши ҳар хил тўсиқлар қўйишган. Мана шунинг учун, халқимиз улардан “сакраб ўтиш”лари шарт.

Демак, ҳокимият Исломни ўрганиб-ўргатиш ишларини йўлга қўйсин, шунингдек, даъватчилар билан халқ ўртасидаги тўсиқларни олиб ташласин. Бундай қилмаса, халқ талаб қилиб олсин.

2. Мусулмонлар учун бу кураш миллатчилик ёки ватанпарварлик шиорларига асосланиши жоиз эмас. Ҳа, бундай туйғулар ва улардан келиб чиқадиган фикрлар инсонлар орасида мавжуддир, аммо, кураш уларга асосланмаслиги керак. Чунки, Ислом уларни ҳаром қилади. Шунингдек, бундай нарсалар курашга асос бўла олмаслиги ҳаётда шундоқ кўриниб турибди. Ва бундай шиорлар Хитой босқинидан нажот топишликда зарур бўлган чораларни мукаммал белгилаб беролмайди.

Демак, ҳокимият халқни чалғитувчи фикрлар билан адаштирмасин ва кураш учун Исломий қарашни асос қилиб олсин. Бунга қарши ёки бепарво бўлса, халқ ундан буни талаб қилиши керак.

3. Шунингдек, кураш демократия ниқобидаги капитализмга асосланмаслиги керак.

Биринчидан, бугунги мустамлакачилик кўринишларининг ҳаммаси шу капитализмнинг “самаралари”дир. Капитализмни дунёга ҳукмдор қилишнинг тариқати – мустамлакачиликдир. Мана шу мустамлакачилик сабабли биз державалар ўртасида талашга тушиб турибмиз.

Демак, ҳокимият капитализм юзини яширмасин ва курашга уни асос қилиб олмасин.

Зарурий чора-тадбирлар

1. Давлат ичидаги муомалаларга оид чоралар

1) “Мустақиллик” давридан буён Қирғизистон ҳаёти Хитойга анчагина боғланиб қолди. Бунга етакчиларимизнинг кўрларча сиёсати сабаб бўлди. Энди, Хитойга қарши олиб борган сиёсатимиз Хитой билан муомаламиз кескинлашишига олиб боради. Бу албатта халқ ҳаётига таъсир қилмай қўймайди. Ана шунда халқ бундай ҳолатларга тайёр бўлиши керак. Қийинчиликларга сабр қилишлари даркор. Чунки, бунинг эвазига қулчиликдан қутулишни сотиб олишади. Масалан, ҳозирда етакчиларимиз халқ билан бирлашса ва Хитойга қарши курашни қўллаб-қувватлаб чиқишса, албатта ҳаётимизда қийинчиликлар бўлади. Ўша пайтда халқ ҳокимиятдагиларни айблаб чиқишлари мумкин. Эхтимол, шунинг учун ҳам айрим етакчилар бу сиёсатга етакчилик қилишни истамаётгандир. Эҳтимол, улар халқга ишонмаётгандир. Шунинг учун, ҳокимият халқ билан бирга ҳар қандай қийинчиликларга тайёр бўлишлари керак.

2) Хитой билан муомаланинг кескинлашишидан пайдо бўладиган қийинчиликлардан бири савдо соҳасида рўй беради. Чунки, импорт товарларимизнинг аксарият қисми Хитойдан келади (38%). Шунингдек Хитой сармоясининг узилиши сабабли ҳам қийинчиликлар келиб чиқади. Масалан, ишсизлик каби. Аммо, бу қийинчиликлардан қўрқиб, Хитой босқинига қарши чиқмай қўйиш бўлмайди. Курашда кутиладиган ҳар қандай қийинчиликларни ўзимиздаги яҳшиликлар билан енгиб ўтишимиз керак. Шунинг учун, биз манфаатпараст капитализмдаги бола отага қарамайдиган эгоизмни ташлаб, Ислом буюрган мехр-мухаббатни шакллантирмоғимиз зарур. Аввало бадавлат инсонлар закотни тўла-тўккис адо қилишлари фарз. Ундан кейин, ўзларининг асосий эҳтиёжлари қондирилишига каноат қилиб, қолган бойликларини бошқа хайр-эҳсонларга сарфлашлари зарур. Бу билан дунёю-охират азизлигига эришадилар. Агар ундай қилишмаса, Хитой босиб олганидан кейин бойликларини хитойликлар тортиб олишади. Бу якка шахсларга тегишли гап.

Давлат эса бойлик капиталистларнинг қўлида тўпланиб қоладиган ҳолатларни бартараф қилиб, ҳамма фукароларнинг асосий эҳтиёжлари қондириладиган сиёсат юритиши керак.

3) Давлатдаги бой-бадавлат инсонлар авваламбор саноатга сармоя солишлари керак. Зотан, Қирғизистон ҳалқи етуклик етишсизлигидан қийналиб келмоқда. Оддий мисол, шу кунгача Хитойдан гўшт маҳсулотлари импорт қилиниб келди. Масалан, 2017- йил Хитойдан энг кўп пулга гўшт маҳсулотлари импорт қилинган (&7 000 000). Аммо, 2018- йил бу импорт тақиқ қилинганди, ўзимизда гўшт етиштириш ўсиб кетди (бир йилда 140 минг тоннага ўсди).

4) Хитойдан олган қарзларимизнинг кўп қисми порахўрлар ҳамёнига кириб кетган. Шунингдек айрим зиёлилар хойинона шартномаларни имзолагани эвазига хитойликлардан пора олиш орқали бойишган. Улар бу пулларни иҳтиёрий тарзда топширишлари керак. Акс ҳолда халқ уларни мажбурий олиб қўйишга қудратлидир. Қайтарилган маблағлар Хитой қарзларидан қутулишга сарфланади (шунингдек, қарз хисоблашиш вақтида Хитой кредитларини ишлатишда Хитой корхоналари қайта ўзлари олиб қўйган маблағлар ҳам ҳисобга олиниши шарт).

5) Баъзи бир бой кишиларимизнинг бадавлат бўлишлик манбаи собиқ Иттифоқдан қолган бойликларни хусусийлаштириб олганига бориб тақалади. Аслида, у бойликлар халқники эди, аммо, улар капитализм сабабли бир ҳовуч инсонлар қўлига ўтиб кетган. Буни ўша бадавлат кишиларнинг ўзлари ҳис қилишлари ва халқга ўткизиб беришлари керак. Акс ҳолда халқ мажбурий “хис қилдириб” қўйиши мумкин.

6) Булардан ташқари, ўз ҳалол меҳнати билан бойлик орттирган инсонларимиз бор. Уларнинг баъзилари хорижда сармоядорлик қилиб юришибди. Уларни ўлкага қайтиб келишга ва саноатни тиклашга рағбатлантириш керак.

2. Ташқи муомаларга боғлик чоралар;

1) Қўшни мусулмон ўлкалардаги биродарларимизга Хитой Қирғизистоннигина эмас, балки бутун Ўрта Осиёни босиб олишга бел боғлаганини тушунтиришимиз зарур. Улар буни тушунишса, ҳокимларидан чегараларни очиб қўйишни талаб қилишади. Мусулмонлар орасига тортилган чегаралар очилиши билан ҳаётдаги қўпгина қийинчиликлар ечилиб кетади. Агар мусулмон биродарларимиз миллатчилик ёки ватанпарварлик васвасаларига алданишса, эртага улар ҳам хитойликларга қул бўлишади.

2) Узоқдаги мусулмон биродарларга мурожаат қилиш;

Туркия, араб давлатлари ва бошқа мусулмон давлатларидан қарз олиш керак. Саноат маҳсулотлари келишига шароитлар яратилиши зарур. Зотан, уларнинг айримлари ҳозир ҳам сармоядорлик қилиб, савдо қилишяпти. Умуман ҳалқаро сиёсатдан қараганда, Америка улар орқали ҳам кириб келмоқчи; хоссатан олганда, уларнинг бойлари бойликларини кўпайтириш учун ишбилармонлик қилишяпти. Агар шундай оғир пайтда уларнинг ҳокимлари ёрдам беришдан юз ўгирсалар, унда бутун мусулмонларга мурожаат қилишимиз керак, шунда у биродарларимиз ҳокимларидан ёрдам беришни талаб қилишади.

Демак, давлатнинг бу борада прогаммаси бўлиши даркор.

Бу нарсалар ўша пайтдаги фавқулодда ҳолатдан олиб чикувчи ечимлардир.

Муаммонинг туб ечим

1. Хитой мустамлакачилигидан қутулишнинг туб ечимини халқаро ташкилотлардан кутмаслик керак. Негаки, халқаро ташкилотлар шу мустамлакачи державаларнинг ҳукмронлигини таъминлаб бериш учун ташкил қилинган. Масалан, Хитойнинг уйғур ва бошқа миллатдаги мусулмонларга нисбатан қўллаётган зулмлари учун БМТ қандай чора қўллай олди? Ҳеч қандай чора кўра олмади, чунки, Хитой БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзосидир!

2. Америкага суяниш ҳам қутулишимиз учун туб ечим бўла олмайди. Чунки, у ҳам Хитой каби мустамлакачидир. Уни Афғонистон, Ироқда нималар қилганлигини ўз кўзимиз билан кўрдик. Бу нарса Трамп қабул қилган шиордан ҳам кўриниб турибди: “Энг аввало – Америка!”

3. Россияга таяниш ҳам туб ечим эмас. Чунки, унинг ўзи ҳам Ўрта Осиёнинг эски мустамлакачисидир. Аммо, у Хитой қаршисида заифлашиб бормоқда. Ҳитой билан бўлган алоқасидаги улкан манфаатлар сабабли, у Хитойга Қирғизистонни очиб қўйди. ЕОИИ орқали иқтисодий томондан, КХШТ орқали ҳарбий томондан билвосита тўсқинлик қилишга урунишига қарамасдан, Хитой ЖСТ, ШҲТ ва бошқа йўллар билан қириб бўлган. Бунинг устига, Россия Қирғизистонга ўз мулкидек қарайди. Агар эртага қандайдир манфаат талаб қилиб қолса, унда Қирғизистонни Ҳитойга бериб юбориши ҳеч гап эмас.

4. Аввал иш нима билан ўнгланган бўлса – бузилгандан кейин ҳам – қайта яна ўша билан ўнгланади. Набий саллоллаҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлиб келганда, араблар қабила-қабилага бўлинган халқ эди. У пайтда Византия биринчи мақомдаги давлат бўлиб, у билан Форс империяси рақобатлашар эди. Араблар уларга тобе бўлган. Расулуллоҳ с. а.в. Мадинада Исломий Давлатни тиклади. Ундан кейинги халифалари Исломни даъват ва жиҳод йўли билан ёйиб, Форс империясини қулатишди, Византия ерларини фатҳ қилишди. Мақсад, халқларни қул қилишлик эмас, балки уларни жоҳилият зулматларидан Имон нурига, золимлар зулмидан Ислом адолатига олиб чиқиш эди. Кейин ҳар хил миллатдаги халқлар Исломни қабул қилишди, улар ҳам Ислом билан азиз бўлишди.

Мусулмонлар қачонки, давлатда Исломни яҳши татбиқ қилишганда, азиз бўлишди. Оқибатда, ғарбдан Испаниягача, шарқдан Индонезиягача бўлган ерлар исломий диёрларга айланди. Мусулмонлар қачон Исломни бузиб қўллаганда эса, хор бўлишди (хоч юришлари, мўғуллар босқини каби)

Ундан кейинги усмонийлар Исломни яхши татбиқ этишганда, Константинопол фатх қилинди, ундан ўтиб, Австриягача етиб боришди. Исломни бузиб татбиқ қилишганда эса, Ғарб державалари томонидан босиб олинди. Мусулмонлар майда-майда давлатчаларга бўлиб ташланиб, мустамлакаларга айланишди.

Демак, мусулмонлар иши – уларни химоя қилувчи қалқон – Исломий давлатни тиклаш билан ечилади. Дунёдаги бир ярим миллиард мусулмонни бирлаштирувчи бу давлат – империалист державаларнинг зулмига барҳам бериб – қайтадан оламга ҳақиқат ва адолатни тарқатади.

Ҳизб ут-Таҳрир – Қирғизистон

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here