Ўзбекистон ва Тожикистон стратегик шерик давлатларга айланди

540
0

Ўзбекистон ва Тожикистон стратегик шерик давлатларга айланди

 Тожикистон президенти Имомали Раҳмон расмий ташриф билан Тошкентга келди. Шавкат Мирзиёев меҳмонни Тошкент аэропортида кутиб олди. Бу Тожикистон раҳбарининг сўнгги 17 йил давомида Ўзбекистонга биринчи давлат ташрифи.

 Кўксаройда бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон ўртасида давлатлараро стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома имзоланди.

 Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномада узоқ муддатли ва барқарор шериклик муносабатлари ўрнатиш мақсади, ўзаро ҳамкорликнинг стратегик йўналишлари белгиланган.

 Президентлар ўртасида қўшма баёнот ҳам имзоланган.

 Шунингдек, саноат, стандартлаш ва сертификатлаш, чегарадан ўтказиш, таълим ҳужжатларини тан олиш, геодезия ва геология, қишлоқ хўжалиги, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка доир 27 та ҳужжат имзоланди. Жумладан, Сурхондарё вилояти билан Хатлон вилояти, Самарқанд вилояти билан Сўғд вилояти ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик тўғрисида битимлар қабул қилинди.

 “Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларидаги катта ўзгаришлар ҳақида кўп гапириш мумкин. Лекин энг муҳим ютуқ – амалий ишларимиз миллионлаб одамларга наф келтираётгани, уларнинг қалбида илиқлик уйғотаётганидир. Биз бундан буён ҳам халқларимиз дўстлигининг бузилмас кўпригини ҳар томонлама мустаҳкамлашга ҳаракат қиламиз”,- деди Шавкат Мирзиёев.

Тожикистон Президентининг давлат ташрифи давом этмоқда.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here