Сооронбай Жээнбеков Имомали Раҳмон билан учрашди

602
0

Сооронбай Жээнбеков Имомали Раҳмон билан учрашди

 Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков 1-феврал куни Тожикистонга расмий ташриф билан келди. Душанбеда у Имомали Раҳмон билан учрашди ва тор ҳамда кенгайтирилган шаклда музокара ўтказди.

 Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбековнинг музокараларда маълум қилишича, Қирғизистон ва Тожикистон халқлари чегара делимитация қилиниши якунланишини кутмоқда.

 “Кўплаб муҳим масалалар бўйича қарашларимиз ва позициямиз бир хил экани қувонарли. Ҳамкорликнинг барча йўналишларини фаоллаштириш учун икки томонлама механизмлар фаолияти самарадорлигини ошириш керак. Шу муносабат билан, давлатлараро мувофиқлаштирувчи кенгаш, давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш ҳамда масалаларни ҳар томонлама кўриб чиқиш бўйича Қирғизистон-Тожикистон ҳукуматлараро комиссияси мунтазам асосда ишлаши керак. Бизнинг халқлар узоқ вақт давомида давлат чегараси делимитация қилинишини кутишмоқда. Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасининг делимитацияси ва битимни имзолаш қанча тез амалга ошса, бу чегара ҳудудида »хавфсизлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлади”, – дея таъкидлаб ўтди Сооронбай Жээнбеков.

 Унинг қайд этишича, шу сабабдан ҳукумат ишчи гуруҳлари фаолиятини жадаллаштириш ва яқин вақт ичида Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасини тавсифлаш ҳамда белгилашнинг ҳуқуқий асосларини якуний тарзда мувофиқлаштириш учун учрашув ўтказиш лозим.

 Президентнинг фикрича, давлат чегараларини қўриқлаш, терроризм ва экстремизм, наркотрафикка қарши биргаликда курашиш бўйича самарали чоралар кўриш зарур.

 Бундан ташқари, Жээнбековнинг хабар беришича, Қирғизистон Тожикистон билан товар айланмасини ошириш ниятида.

 Унинг сўзларига қараганда, савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш ва Қирғизистон ҳамда Тожикистон ўртасидаги товар айланмаси ҳажмини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш зарур.

 “Мен ҳукуматларга, Қирғизистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзолиги ва ВСП+ мақомининг мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, товарлар экспорти, импорти ҳамда реэкспорти соҳасида ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқишни таклиф қиламан”, – деди Жээнбеков.

 Қирғизистон раҳбари яқин келажакда Тожикистон тадбиркорлари иштирокида Бишкекда бизнес-форум ўтказиш таклифини илгари сурди.

 Бундан ташқари, фуқароларнинг ўзаро сафарлари ва туризмни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида, Бишкек-Душанбе-Бишкек йўналиши бўйича мамлакатлар ўртасидаги парвозлар сони кўпайтирилади.

 Имомали Раҳмон эса Қирғизистон ҳамда Тожикистон музокараларида энергетика, иқтисодиёт, чегаралар делимитацияси, Марказий Осиё минтақасидаги хавфсизлик масалаларига катта эътибор қаратилганини хабар берди.

 Унинг сўзларига кўра, музокаралар ўзаро тушуниш шароитларида ўтказилди. “Ўтган 25 йил давомида муносабатларимиз ижобий кўриниш олди, ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун захира шаклланди. Катта ҳуқуқий асос бор. Ўзаро ҳамкорликнинг икки томонлама механизмлари яратилди”, – деди Имомали Раҳмон.

 “Биз барча даражаларда доимий мулоқот муҳимлигини таъкидладик. Шу билан бирга, иқтисодий жиҳатнинг аҳамияти қайд этилди. Сўнгги йилларда товар айланмаси деярли икки баробарга ошди. Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, CASA-1000 лойиҳасини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Ишончим комилки, у бошқа соҳаларда ҳам ҳамкорликни мустаҳкамлайди”, – дея таъкидлаб ўтди Имомали Раҳмон.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here