5 сентябрдан Ўзбекистон банкларида валюта эркин сотила бошланади

452
0

5 сентябрдан Ўзбекистон банкларида валюта эркин сотила бошланади

 Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 сентябр куни “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи галдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5177-сонли фармонни имзолади.

 Фармон матнига кўра, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон республикасини ривожлантиришнинг 5 асосий йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегиясига биноан, шунингдек, валютага оид тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий этиш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш, ички ва ташқи бозорларда миллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш, республикада инвестицион иқлим ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида қабул қилинмоқда.

 Фармонга кўра 2017 йилнинг 5 сентябридан бошлаб:

 Ўзбекистон республикаси юридик шахслари жорий халқаро операциялар (товарлар, меҳнатлар ва хизматлар импорти, фойдани репатриация қилиш, кредитларни сўндириш, сафар харажатларини тўлаш ва бошқа савдога оид бўлмаган ўтказмалар) бўйича хорижий валютани тижорат банкларидан чекланмаган миқдорда харид қилишлари мумкин.

 Ўзбекистон республикаси жисмоний шахслари – резидентлари тижорат банкларининг конверсион бўлимларида хорижий валютани эркин сотиш ва харид қилишлари мумкин. Бунда ўрнатилган қоидага кўра, сотиб олинган маблағлар халқаро тўлов карталарига ўтказиб берилади ва ундан хорижда ҳеч қандай чекловларсиз фойдаланиш мумкин бўлади.

 Юридик шахс мақомига эга бўлмаган, лекин хориждан истеъмол товарлари импорти билан шуғулланувчи хусусий тадбиркорларга валютани жисмоний шахслар учун ўрнатилган тартибда харид қилишга рухсат берилади.

 Мулкчилик шаклидан қатъи назар, экспорт билан шуғулланувчиларнинг хорижий валютадан тушумини мажбурий сотиш талаби бекор қилинади.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here