Трамп Афғонистон бўйича янги қарор қабул қилди
“РИА Новости” хабарига кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп муҳим қарорлар, жумладан, Афғонистон бўйича ҳам қарор қабул қилганини маълум қилган. Маълумки, АҚШ сўнгги вақтларда Афғонистонда кейинги стратегиясини аниқлаштириб олишга ҳаракат қилиб келмоқда.
“Кэмп-Дэвидда истеъдодли генералларимиз ва ҳарбий етакчиларимиз билан муҳим кунни ўтказдим. Кўплаб қарорлар қабул қилдик, шу жумладан, Афғонистон бўйича ҳам”,- деб ёзган Трамп Twitterда. Шу билан бирга, АҚШ президенти қандай қарорлар қабул қилингани ҳақида айтиб ўтмаган .
АҚШ президенти куни кеча Афғонистон ва бошқа масалалар юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказди.
Охирги вақтларда Трамп мамлакатнинг Афғонистон бўйича кейинги стратегиясини аниқлаштириб олишга ҳаракат қилмоқда. Америка Афғонистонда бир неча минг кишидан иборат контингентни қўллаб-қувватлаб келади. Илгарироқ АҚШ ҳарбий ролини ошириш, Афғонистондан қўшинларни тўлиқ олиб чиқиб кетиш ёхуд ҳарбий масалаларни хусусий компанияларга ўтказиш сингари вариантлар кўриб чиқилаётгани ҳақида хабар берилган эди.