Мирзиёев – Атамбаевга: “Ўртамиздаги чегараларни йўқ қилиш учун қўлимиздан келадиган бор ишларни қилишимиз керак”

429
0

Мирзиёев – Атамбаевга: “Ўртамиздаги чегараларни йўқ қилиш учун қўлимиздан келадиган бор ишларни қилишимиз керак”

 Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) 8-9 июнь кунлари Остонада ўтаётган саммити доирасида Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев билан учрашув ўтказди.

 Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти билан бу галги учрашуви икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорлик алоқаларни кенгайтиришда муҳим босқич бўлиши, Самарқанддаги учрашувда эришилган келишувларни мазмунан бойитишини таъкидлади.

 Қирғизистон президенти матбуот хизмати маълум қилишича, Мирзиёев суҳбатдошини Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф қила туриб, президент лавозимини эгаллаб турган олти ой давомида икки мамлакатда “олға қадам ташлаш учун етарли асослар борлигини” кўриб турганини айтган.

 “Агар биз тадбиркорлар ҳамжамиятини бирлаштирсак, жиддий муваффақиятларга эришамиз. Энг асосийси, биз ўртамизда чегаралар бўлмаслиги учун қўлимиздан келадиган бор ишларни қилмоғимиз керак, бизнинг чегараларимиз очиқ бўлиши керак”, – дея билдирди Мирзиёев.

 Алмазбек Атамбаев таклиф учун ҳамкасбига миннатдорчилик изҳор қилди ва барча асосий соҳаларда қирғиз-ўзбек муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги фаол ишларга тайёрлигини билдирди.

 Учрашув якунлари бўйича икки мамлакат раҳбарлари қирғиз-ўзбек давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича шартнома имзолашга оид масалаларни мувофиқлаштириш борасидаги ишларни тезлаштириш ҳақида тегишли идораларга топшириқ бердилар, дейилади матбуот хизматининг хабарида.

 Манба: “Фарғона” ахборот агентлиги

Туркистон:

Каримов режимининг репрессив даври энг чўққига чиққан вақтда Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасидаги чегара деярли ёпиб юборилган эди. Ўзбек режими бу ҳаракатларини Ўзбекистоннинг хавфсизлиги учун зарур бўлган чора-тадбирлардан бири деб изоҳлаган эди.

Мирзиёев айтаётган чегарани енгиллатиш ёки илгаригидек очиб юборишда йўлиқаётган муаммолар  аслида Ўзбекистоннинг ички сиёсий қарама қаршиликлардан келиб чиқяпти. Каримов бир неча йирик кланларни бир бирига бўйин сунмай, фақат унинг ўзига итоат қиладиган ҳолатда ушлаб, уларнинг вафодорликлари остида ўз авторитар режимини ўрнатишга муваффақ бўлган эди. Уларнинг ҳар бирига муайян тармоқларда эркин ҳаракатланиш имкониятини кафолатлаб берди. Натижада бу Ўзбек олигархлари йирик ва кучли кланлар атамаси остида, ҳар бири ўзлари учун йирик коррупциялашган системалар ўрнатиб олишди. Ҳозир бу йирик олигархлар эгаллаб турган тармоқларни Мирзияев  мамлакат назорати остига тортиб олмоқчи бўляпти. Чунки Ўзбек олигархлари ва клан етакчилари Мирзияевни давлат раҳбари деб тан олишганлари билан, уни режим вужуди деб тан олишмади.

Мирзияевнинг собиқ режим эгаларининг мамлакатдаги таъсир қувватларини заифлаштириш орқали уларни ўз таъсири остига олиш ёки уларни йўқ қилиб сўнг янгидан ўзининг режимини ўрнатишга ҳаракат қилишдан ўзга чораси йўқ. Ҳозир Ўбекистонда мамлакатни бир неча кучлар бошқараётгандек сиёсий бошбошдоқлик ҳолати мавжуддир. Бундан Мирзияев суд, прокуратура ва хавфсизлик тизими ходимларини ўзининг тўла назорати остига ола олмаётгани яққол кўриниб турибди. Чегарани енгиллатиб, савдо алоқаларини кучайтиришга қаратилган унинг барча ҳатти ҳаракатлари ҳам мувоффаққиятсизликка учради. Чунки Ўзбек режими бирор иш ҳаракатни амалга ошириш учун, давлатга мутлақ хавфсизлик тизимининг назорати, таъсири ва рухсати остидагина ҳаракатлана оладиган тизим тузиб берган. Ўзбек Қирғиз чегараларини очилиши учун ўзбек миллий хавфсизлик тизими Қирғизистонни хавфсиз мамлакат деб тан олиши керак.

Демак атамбаевнинг Ўзбекистонга бориши, ёки унинг истак хоҳиши ўртадаги чегарани очиб юборилиши учун асос бўла олмайди. Чегара фақат Ўзбекистон томонидан биртомонлама беркитилган. Қирғизистон томонидан ҳатто тиконли сим ҳам тортилган эмас. Демак чегаранинг очилишига ёки унинг ёпилганига Атамбаевнинг алоқаси ҳам, таъсири ҳам йўқ. Бу -Ўзбек миллатининг бойлигига зулукдек ёпишиб олиб, қонини сўриб турган бир начта кланлар деб номланган текинхўрларнинг манфаатларига ва уларнинг давлатдаги таъсир ўтказиш кучига боғлиқдир. Ҳозирча Мирзияевни уларга қуввати етмаяпти!

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here