Россия ҳарбий базаси Қирғизистонда яна 15 йилга қолдирилди

469
0

Россия ҳарбий базаси Қирғизистонда яна 15 йилга қолдирилди

 “Регнум” агентлиги, жорий йилнинг 29 январидан бошлаб Россия Федерацияси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида келишув кучга киргани тўғрисида хабар қилди. Мазкур келишувга кўра, республика ҳудудида жойлашган ҳарбий объектлар ягона юридик – Россия бирлашган ҳарбий базасига айлантирилди. Россия ҳарбий ташкилотининг мақсад ва вазифалари ўзгаришсиз қолган.

 Келишувда Россия объектининг тартиб-интизоми ва шарт-шароитлари, шахсий таркиб ва оила аъзоларининг мамлакат ҳудудида қолиш қоидалари маҳаллий қонунчиликдан келиб чиққан ҳолда қайта белгилаб берилди. Ҳужжатда ҳеч қандай сифат ва миқдорга оид катта ўзгаришлар йўқ.

 Россиянинг тўрт ҳарбий объекти – авиабаза, Иссиқкўлдаги синов базаси, сейсмостанция ва РФ ҲДФ (ҳарбий-денгиз флоти)нинг узоқ алоқа тармоғи аввалги ўринларида қолган. Мазкур келишув 15 йил давомида амалда бўлади ва томонлардан бири уни тўхтатишга қарор қилгунга қадар автоматик равишда 5 йиллик муддатларга чўзилади.

 Ҳужжатга кўра, “Кант” авиабазаси ўз фаолиятини бепул давом эттиради. Автоном сейсмик пункт жойлашган ер ҳудудидан фойдаланиш эвазига тўланадиган ижара ҳақи эвазига Фавқулодда вазиятлар бўйича ваколатли орган ва ҚР Фанлар академиясининг Сейсмология институтига мамлакатдаги зилзилалар кучи ва вақтига оид оператив маълумотлар тақдим этилади. Аслида йиллик ижара ҳақи 4,5 миллион доллардан зиёдни ташкил этади.

Туркистон:

Қирғизистон президенти ўзининг йил якунида халқ олдида берган матбуот баёнотида, “Россиянинг Қантдаги авиабазаси ҳам Қирғизистондан чиқарилади” деган эди. Президентнинг бу гапига экспертлар, “бу шунчаки популистик баёнот бўлди” деб баҳо беришган.

Қирғизистон сиёсий ва иқтисодий кризис ҳолатига тушиб қолди. Президент ва ҳукумат бу иқтисодий ва молиявий кризис ҳолатидан чиқа олишмаса, сиёсий бўҳрон рўй бериши кутиляпти. Яъни, иқтисодий ва молиявий муаммолар сиёсий кризисни кучайтириб юборади.

Шунинг учун қирғиз ҳокимияти давлат камомадларини вақтинча бўлса ҳам ёпиб туриш учун ўзига иқтисодий ҳомий қидиряпти. Шу билан бир қаторда сиёсий бўҳронни олдини олиш учун сиёсий ҳамкор ҳам излашяпти. Президентнинг Россия ҳарбий базаларини чиқариб юбориш ҳақидаги баёноти Ғарб инвесторларини қизиқтириб, улардан қарз олиш мақсадида айтилган гап эди. Лекин Ғарб давлатлари ҳам, халқаро молиявий ташкилотлар ҳам Қирғиз президентининг бу гапига унчалик эътибор беришмади. Яъни халқаро ташкилотлар Қирғизистонга қарз беришдан бош тортишаётгандек позицияда туришибди.

Шунинг учун президент ҳарбий гвардия тузиш мақсадида бир қатор реформалар бошлаб юборди. У Путиннинг изидан боряпти. Путин ҳам 2016 йили ўзига итоат қиладиган миллий гвардия тузиб, у орқали бутун ҳарбий структура кадр сиёсатини ўз назорати остига олган эди. Шу кунларда Путин юзлаган генералларни алмаштириб, уларнинг ўрнига ўзининг каллакесар ҳарбийларини тайинлай бошлади. Бу унинг Европага қарши ҳарбий юришига алоқадордир.

Лекин Атамбаевнинг ҳарбий реформалари ва Россиянинг ҳарбий базаларини Қирғизистонда янада кучайтириш ишлари фақат ички сиёсий вазиятларни кескинлашиб бораётганига бориб тақалади. Яъни ҳозирги сиёсий кескин ҳолатда Атамбаев Россиянинг хоҳиш истакларига тескари бора олмайди. Россия ҳам буни билади. Шунинг учун у вазиятдан максимал фойдаланиб олишга ҳаракат қилиши табиий ҳол.

Демак айтиш мумкинки, рус ҳарбий мустамлакасининг яна давом этиб бораверишига рухсат берилиши Қирғиз етакчилигининг ўз манфаатлари йўлида Қирғизистон манфаатларини қурбон қилаётган сиёсатларининг давомидир.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here