АҚШ “Россияни босиб туриш”га 4,3 миллиард доллар ажратади

460
0

АҚШ “Россияни босиб туриш”га 4,3 миллиард доллар ажратади

 АҚШ президенти Барак Обама жума куни мамлакатнинг 2017-молия йили учун ҳарбий бюджет қонунини имзолади. Баёнотда таъкидланишича, ушбу ҳужжат “биринчи навбатда мудофаа вазирлиги дастури ва ҳарбий қурилиш билан боғлиқ лойиҳалар бўйича сарф-харажатларни назарда тутади. Шунингдек, энергетика вазирлигининг миллий хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ лойиҳаларини ҳам ўз ичига қамраб олади”.

 Бюджетда 4,3 миллиард доллар “Россияни босиб туриш” учун ажратилди. Шу билан бир қаторда, Пентагонга Украина можароси ҳал этилмагунга қадар Москва билан ҳамкорлик учун маблағларни ишлатиш тақиқланди. Шунингдек, Россиянинг Қрим устидан бошқарувини тан олувчи барча кўринишдаги ҳаракатлар ҳам ман этилди.

 Қабул қилинган қонун президентга инсон ҳуқуқлари ва коррупция билан боғлиқ исталган давлат фуқароларига нисбатан санкция киритиш имконини беради. Қўшма Штатлардаги мол-мулки ҳам мусодара этилади.

 Бундан ташқари, ҳужжат Суриядаги мухолифатга қуроллар, хусусан зенит-ракета мажмуаларини етказиб беришни ҳам кўзда тутган. Ҳарбий бюджетда Украинага 350 миллион доллар миқдорида ёрдам бериш ҳам белгиланди.

 Мамлакатнинг мудофаа соҳасига сарф-харажатлари НАТОни Шарқий Европада қўллаб-қувватлаш ва Яқин Шарқдаги ҳарбий амалиётларни ўтказишни маъқуллашга ҳам мўлжалланган.

 Шунингдек, тасдиқланган харажатлар ракетага қарши мудофаа глобал тизимини ҳам назарда тутади.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here