Туркия ва Европа қочқинлар масаласида нима қилмоқчи!?

610
0

 Доктор Фараж Мамдуҳ қаламига мансуб

Рим конвенцияси талабига кўра, 1957 йилда Европа Иттифоқи ташкил топди. Унинг ташкил топиши Европа иқтисодий ҳамжамияти ёки Европа умум бозори номи остида бўлди. Ўшандан буён Туркия шу Европа Иттифоқига қўшилишга уриниб келади. 1959 йил тўлиқ аъзо бўлиш учун сўров тақдим этди. Бироқ Туркиянинг қўшилиши тўла шаклда бўлмади. 1963 йил Анқара билан Европа умумий бозори ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди. Бу иккала томон ўртасидаги Туркияни тўлиқ аъзо қилишга оид музокара асосида амалга оширилди. Бир бошланиб ва бир тўхтаб давом этган узоқ вақтли музокаралардан кейин 1984 йилга келиб Туркия яна тўлиқ аъзо бўлиш учун сўров тақдим этди. Бироқ Европа тизими Туркия сўровига ижобий жавоб қайтармади ва сўров жавобини маълум ҳолатгача кечиктирди. Бу ҳолат Туркиянинг тўла аъзо давлатга айланишга номзод бўлиш ҳолати эди. 1999 йил Туркия Европа Иттифоқига аъзо бўлишга номзод сифатида қабул қилинди, лекин бу хусусда музокаралар бошланмади. 2005 йил Адолат ва Тараққиёт партияси ҳукумати бу борада жиддий ғайрат қилганидан сўнг Европа Иттифоқи давлатлари Туркия билан унинг айни Иттифоққа тўлиқ аъзо бўлишга номзод сифатида музокара олиб боришга рози бўлишди. Бироқ бугунгача Туркия Европа Иттифоқига тўлиқ аъзолар қаторидан жой олишга муваффақ бўлолмаяпти. Туркия собиқ президенти Абдуллоҳ Гул ва бошқа бир неча турк масъуллари берган баёнотларга кўра, афтидан, Европа Иттифоқи 80 миллион мусулмони бор бир исломий юртни ўз сафига қабул қилгиси келмаётган кўринади.

Маълумки, қонун ва дастур низоми ўзаро ўхшаш нарса. Бироқ шунга қарамай, 1923 йил Туркия жумҳурияти ташкил топгандан буён турк қонун дастурларининг аксари Ғарб қонунларига, хусусан, Швеция ва Франция қонунларига таянадиган бўлиб қолди. Маълумки, Туркиянинг 14 миллиондан зиёд аҳолиси Европада яшайди, Туркиянинг баъзи қисми географик жиҳатдан Европа қитъалари ичкарисида жойлашган, Туркия дунёда кенг ёйилган «терроризм»га қарши курашда Европа билан ҳамкорлик қилиб келади, бу кураш эса Европа билан Туркия ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва маълумот алмашувни мустаҳкамлашни талаб қилади, Туркия Европа истаган илмоний мабдага асосан ташкил топди…, шуларнинг барчасига қарамасдан, Европа Иттифоқи мана шундай аҳоли сонига эга бўлган ва тарихида Исломий Усмоний Халифалик давлати бўлган бир давлатнинг Европага қадам қўйишини хоҳламаяпти. Дарҳақиқат, бу ҳол ҳатто Туркиядаги баъзи масъулларнинг ноумидларча баёнот беришга ундади. Мисол учун, Туркиянинг Европа Иттифоқидаги элчиси Селим Йенел Туркия «ҳеч қачон Европа Иттифоқининг доимий аъзоси бўлолмайди. Шунинг учун у ўзининг ҳамкорлик сиёсатида бошқа альтернатив қидирмоғи лозим», деди.

Анқара Европага аъзо бўлишга ҳаракат қилар экан, айни ҳаракатини фаоллаштириш учун кўплаб кризислардан фойдаланмоқда. Уларнинг асосийси, Суриядан келган қочқинлар ва Европа давлатларига ноқонуний ҳижрат қилиш кризиси бўлмоқда. Чунки Туркия юз минглаб суриялик муҳожирларга Европага ўтиб олишлари учун ўз ерларини қулай транзитга айлантириб берди. Бу эса Европа Иттифоқи давлатлари ичкарисида улкан кризис келтириб чиқарди. Гап шундаки, муҳожирларнинг аксари мусулмонлардир, улар Иордания, Туркия ва Миср каби Сурияга «дўст» қўшни давлатларда дуч келаётган вазиятларга нисбатан Европада яхши яшашни афзал кўрмоқдалар ва бу табиий, албатта. Бу эса Европани у бир неча йиллардан бери азият чекиб келаётган халқаро иқтисодий кризисдан ҳам бошқача бўлган бир ахлоқий ва иқтисодий кризисга киритиб қўйди. Шунинг учун Европа Иттифоқининг Сурияга қўшни давлатлар билан жорий йилда ўтказган навбатдаги учрашувида ўртага ташлаган ечимларидан бири ноқонуний ҳижратга чек қўйиш ечими бўлди. Яъни қўшни давлатлардаги, шу жумладан, Туркиядаги суриялик қочқинларнинг истиқомат ва кутиб олиш шарт-шароитларини яхшилаш орқали чек қўядиган бўлди. Бироқ Туркия айни масаладан кузир қарта сифатида фойдаланиб, ўзининг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши масаласини фаоллаштиришга уринмоқда.

Европа Иттифоқи муҳожирлар масаласида узил-кесил келишувга эришиш мақсадида Туркия билан саммит ўтказиш учун жорий ойнинг 17-18 кунларини белгилади. Европа Иттифоқи комиссияси раиси Жан-Клод Юнкер икки томон «асосий принциплар орқали қочқинлар кризисига ҳамкорликда ечим беришга» келишиб олганларини таъкидлади. Бир вақтнинг ўзида, европаликлар Туркиянинг навбатдаги талабларидан гангиб қолишди. Чунки Анқара Брюссель саммитида Анқаранинг Европа Иттифоқига аъзолиги масаласини муҳокама қилиш учун Европа-Туркия музокараларининг навбатдаги қисмини очишга замин тайёрлашни ҳамда Европа Иттифоқидан келаси июн ойидан эътиборан туркияликлардан визани бекор қилишни талаб қилганди. Шунингдек, Европа Иттифоқи томонидан ажратилган 3 миллиард доллар қийматидаги ёрдамни 6 миллиардга кўтариш шартини қўйганди. Европа Иттифоқи суриялик қочқинларни маблағ билан таъминлаш учун 2018 йилга қадар бериладиган бу маблағни Туркияга ўз ерларидан ноқонуний муҳожирларнинг ўтишини таъқиқлаши эвазига ваъда қилганди.

Шубҳасиз, Европа Иттифоқи давлатлари Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши масаласига жуда эҳтиёткорлик билан қарамоқда. Чунки бу тарихий ва диний жиҳатдан нозик мавзу ҳисобланади. Шу билан бирга, Европа давлатлари бугун Туркиянинг ўз сиёсатида Америка чизган чизиқ бўйлаб ҳаракат қилаётганини ҳамда бу давлатлар олдидаги кризиснинг бир қисми Туркия эканини тушуниб турибди. Чунки Туркия америкапараст Асад режимининг қолишини қўллаб-қувватлашда Американинг ёнини олмоқда. Туркларнинг оммавий аъборот воситаларида бунинг аксича баёнот бераётганларига келсак, бу бузилган ҳуқуқини ҳимоя қилиш сиёсати ҳисобланади. Шунинг учун Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши масаласининг фаоллашишида яна айрим ваъдаларни кутиш мумкин, холос, бундан ортиқ нарса кутилмайди. Албатта, турк томони ҳам буни тушуниб турибди. Шунинг учун Туркия туркларга Европадаги визаларини бекор қилиш ва суриялик қочқинларга ажратилган ёрдам маблағини оширишдан иборат икки шартни ҳам қўйди. Яъни узоқдаги арпадан яқиндаги сомон яхши қабилида иш тутиб, оз бўлса ҳам иккита шартни қўйди.

Роя газетасининг 2016 йил 16 март чоршанба кунги 69-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here