Мисрда “Мусулмон биродарлар”га яшил чироқ ёқилди

550
0

Мисрнинг хунта президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси собиқ президент Муҳаммад Мурсий бошчилигидаги “Мусулмон биродарлар” ҳаракатини ҳокимиятдан четлатиб, террористик ташкилот дея эълон қилган ва барча аъзоларини қамоққа ташлаган эди. Бироқ бугунга келиб уларга нисбатан яшил чироқни ёқадиган юмшоқ гапларни айта бошлади.

Лондонга қилган сафари чоғида ББС телевидениясига интервью берган ас-Сиси агар Миср ҳалқи талаб қиладиган бўлса, террористик ташкилот деб эълон қилинган ҳаракат жамият ҳаётида такрор рол ўйнаши мумкинлигини билдирди.

“Бу мавзу ҳукуматга ёки менга боғлиқ эмас. Балки Миср жамияти, халқига боғлиқ. Мисрликлар тинчликпарвар инсонлардир, зўравонликни ёмон кўришади. “Мусулмон биродарлар”га қарши реакция билдиришди. Чунки улардан хавотирда эдилар. Бу давлат ҳаммамизга етадиган даражада буюк. Улар ҳам Мисрнинг бир парчасидир. Шундай экан, уларнинг қандай рол ўйнашлари борасида Миср халқи қарор қилади”, деди Миср президенти.

Айни пайтда Мисрда  “Мусулмон биродарлар” ҳаракатининг 18 нафар етакчиси давлат маҳкамаси қарорига биноан қора рўйхатдан чиқарилди. Улар орасида ҳаракатнинг муршиди Муҳаммад Бадиъ ҳам бор. Almesryoon.com сайти давлат маҳкамасида ишлайдиган мутахассисга таяниб хабар қилишича, маҳкаманинг мазкур қароридан сўнг “Мусулмон биродарлар” ҳаракати ўзининг сиёсий фаолиятини янгидан бошлаши мумкин.

Қоҳирада жойлашган сиёсий ва ҳуқуқий тадқиқотлар марказининг раҳбари Аҳмад Миҳран ҳам маҳкаманинг қарорини ижобий баҳолади. Миҳраннинг  билдиришича, “Мусулмон биродарлар” маҳкаманинг қарорига билан қонуний ҳолга келган ва у энди яна сиёсий ҳаётини қайта бошлаши мумкин.

Шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, Мурсий тахтдан қулатилганидан сўнг “Мусулмон биродарлар” ҳаракатининг жуда кўп аъзолари террорчиликда айбланиб қамоққа олинди. Улардан аксарияти қамоқхоналарда қийноқлар остида жон таслим қилди. Маркази Женевада жойлашган инсон ҳуқуқлари ташкилоти тарафидан эълон қилинган ҳисоботга кўра, Мисрдаги турли қамоқхоналарда 2013 йил август ойидан 2015 йил сентябр ойигача 323 киши ҳаётдан кўз юмган. Булардан 121 нафари қийноққа солиш, медицина ёрдамидан маҳрум қилиш ва ёмон шароитлар туфайли ҳаётдан кўз юмганлиги аниқланган.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here