МХДҚ: Қирғизистонда терроризм ва экстремизм хавфи ошиб бормоқда

577
0

10 сентябр куни бўлиб ўтган Мудофаа кенгаши йиғилишида Қирғизистонда терроризм ва экстремизм хавфи ошиб бораётгани алоҳида белгилаб ўтилди.

 Хабар қилинишича, йиғилишда диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари мухокама қилинди. МХДҚ раиси ўринбосари Рустам Мамасадиқовнинг сўзларига кўра, Қирғизистонда давлат, жамият ва шахсга нисбатан терроризм ва экстремизм таҳдиди ортиб бормоқда. У бундай жиноятларни аниқлаш ва олдини олиш, терроризм ва экстремизмга қарши курашни фаоллаштиришда МХДҚ кўраётган чора-тадбирларга тўхталиб ўтди.

 Рустам Мамасадиқовга кўра, ишлар Яқин Шарқда вужудга келган вазият ҳамда Марказий Осиё ва Афғонистонда бир қатор террорчи ва экстремист ташкилотлар фаоллашганини ҳисобга олиб амалга оширилмоқда.

 Йиғилишда иштирок этган президент Алмазбек Атамбаевнинг қайд қилишича, сўнгги йилларда ҳукумат терроризм ва экстремизм, фуқароларни радикал ташкилотлар сафига жалб қилишни олдини олиш учун диний сиёсатга алоҳида эътибор қаратмоқда.

 Президентнинг фикрича, комплекс чора-тадбирлар зарур ва барча ҳукумат идоралари бу таҳдидларга қарши ҳамкорликда курашишлари керак.

 Йиғилиш якунида терроризм ва экстремизмга қарши кураш самарадорлигини ошириш учун меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ҳукуматга эса, бундай жиноятларга қарши курашда ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари самарадорлигини ошириш ва давлат бошқарув идоралари самарали ишлашини таъминлаш учун маблағ излаб топиш вазифаси юклатилди.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here