Араб баҳори ҳали ҳам Ислом Каримовга тинчлик бермаяпти

538
0

каримов

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга кўра, ҳозирги кунда ёшларга кўпроқ эътибор бериш зарур. У 1 апрель куни Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзлаган нутқида бунга алоҳида урғу берди.

«Бугунги ёшлар ҳамма нарсани тушунади. Улар ҳозирги ахборот воситалари, айниқса Интернет орқали кўп нарсадан хабардор бўлмоқда. Интернет тармоғини қандайдир темир девор билан тўсиб, тақиқлаш – бу мутлақо ақлга сиқмайдиган иш (яъни буни иложи йўқ. Иложи бўлганда албатта амалга оширилган бўларди. Таҳр.). Мана, жаҳоннинг айрим минтақаларида, араб дунёсида турли нотинчлик ва қарама-қаршиликлар юз бермоқда. Бу ҳолатнинг сабаблари кўп, лекин уларнинг аксарияти ёшларга, уларнинг ҳаётий манфаатларини ҳал қилишга етарли эътибор бермаслик натижасида содир бўлаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Шунинг учун барчамиз, биринчи навбатда, вазифада ўтирган раҳбарлар ёшларнинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, уларга кенг йўл очиб бериш, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш бўйича олиб бораётган ишларимизни давр талаблари билан ҳамоҳанг бўлиб, янги босқичга кўтариш зарурлигини ҳеч қачон эсидан чиқармаслиги керак», деди ўз нутқида президент Ислом Каримов.

Араб баҳори ва ёшлар норозилиги Президент Ислом Каримовни хавотирга солаётганлиги унинг қуйидаги сўзларидан ошкор бўлиб турди: “Нима, ўйлайсизларки, болалар, бизларнинг фарзандларимиз, ҳаммаси бир хил ўйлайдими? Йўқ. Интернетни ёпиб бўлмайди. Шуни яхши, ҳаёлимизга, қулоғимизга муҳрлаб олишимиз керак, интернетни ёпиб бўлмайди, дунёдан темир девор қуриб ажратиб бўлмайди”, “Арабистонда нима бўлди? Нимада, Мирсда нима бўлаяпти? Ливияда нима бўлди? Тунисда нима бўлди? Бошқа-бошқа нималарни оладиган бўлсак, нима бўлаяпти у ерда? Ёшлар норозилиги ҳисобидан бўлаяпти ҳаммаси. Ёшларни ўйлаш керак. Эй, болам, нима ҳақида ўйлаяпсан, қанақа армонинг бор, нимадан норозисан, деб сўраш керак”.

У 2008 йилдан бери вилоят ҳокими лавозимида бўлиб келган Рустам Холматовни масъулиятсизлиги учун ишдан олар экан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш борасида Тошкент вилоятида камчиликлар борлигини таъкидлади.

«Вилоятдаги касб-ҳунар коллежларини битириб чиқаётган ёшларни ўз эгаллаган мутахассисликлари бўйича иш билан таъминлаш борасида жиддий муаммолар сақланиб қолмоқда. Масалан, 2012 йилда Оққўрғон, Чиноз, Юқоричирчиқ туманларида бу кўрсаткич республикадаги энг паст даражани ташкил этгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди», – деди Ислом Каримов.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here