Олланд: Россияга қарши жорий қилинган жазо чоралари бекор қилиниши лозим

416
0

Франция президенти Француа Олланд Украина инқирозини ҳал қилишда олдинга силжиш юз берган тақдирда Россиядан жазо чоралари олиб ташлаш лозимлигини билдирди. Олландга кўра, Россия президенти Владимир Путин Украина Шарқини Қрим каби ўз ерига қўшиб олмоқчи эмас, балки унинг бирламчи мақсади Украинанинг НАТО ҳарбий блогига аъзо бўлишдан тўсишдир.

“Путин Украина Шарқини ўзига қўшиб олмоқчи эмас. Бу ҳақида унинг ўзи менга айтди. Мен уни тасдиқламаслигим мумкин, бироқ бу Қрим эмас. У Украинанинг НАТО ҳарбий блогига аъзо бўлишига қарши”, деди президент Олланд 5 январ куни Франциянинг “France inter” радиосига берган интервюсида.

Айни пайтда Франция президенти Россия ҳукумати Украина шарқидаги айирмачиларни қўллаб қувватлашни бас қилиши ва Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиши лозимлигини таъкидлади. Шунингдек Олланд Украина инқирози ҳал қилинишидан Европа ҳам манфаатдор эканлигига ишора қилди. Чунки унинг таъкидлашича, Россияга қарши жорий қилинган жазо чоралари Европа иқтисодига ҳам салбий таъсир қилади.

“Россияда инқироз юзага келса бу Европа учун яхшилик бўлишини англатмайди. Менимча, жазо чораларини бекор қилиш керак. Бу борада ижобий ўзгариш бўлса жазо чоралари тўхтатилиши лозим. Агар ижобий ўзгариш бўлмаса, жазо чоралари ҳам ўз кучида қолаверади”, деди Президент Олланд.

Франция президенти 15 январда можарони ҳал қилиш учун Қозоғистон пойтахти Остонада ўтказиладиган йиғилиш ҳақида ҳам гапириб ўтди. Олланд учрашувда музокара олиб бориш орқали бу борада олдинга силжишлар юзага келишига умид билдирди.

“15 январ куни Остонага битта шарт билан бораман. Бу шарт – янги ўзгаришларга эриша олишимиздир. Ўйлайманки, бу амалга ошади”, деди Француа Олланд.

Бироқ АҚШ бу йиғилишга иштирок этмайди. Бу ҳақида АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Жен Псаки 5 январда ташкил қилинган маълумот йиғнида маълум қилди. АҚШнинг ҳисоблашича, Москва ва Украина шарқидаги айирмачилар ўт очишни тухтатсагина жазо чораларининг айримлари бекор қилинади.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here