Европарламент резолюцияси ва “Озодлик” ҳақидаги суд қарори

1985
0

Европарламент резолюцияси ва “Озодлик” ҳақидаги суд қарори

13 июл куни Европарламент йиғилишида Қирғизистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи, сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситаларига ўтказилаётган босим бўйича резолюция қабул қилинди. Резолюцияни йиғилишда иштирок этган 469 депутатдан 320 нафари қўллаб-қувватлади. Ҳужжатда айтилишича, 2022 йилнинг январидан бошлаб Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашган. Шунингдек, Европарламент резолюцияда Қирғизистон ҳукуматини ҳозирда муҳокама қилинаётган тўртта қонун лойиҳасини, яъни “Оммавий ахборот воситалари”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари”, “Хорижий вакиллар” ва “Болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини муҳокамадан олиб ташлашга чақирди ва агар ушбу қонун лойиҳалари қабул қилинса, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари аҳволи учун жиддий оқибатларга сабаб бўлишидан огоҳлантирди.

Бундан ташқари, Европарламент “Озодлик радиоси”нинг фаолиятини тўхтатишга уринишни эркин оммавий ахборот воситаларига нисбатан цензура сифатида қоралади ва Қирғизистон омбудсмени Атир Абдраҳматованинг муддатидан олдин ишдан бўшатилишидан таафсусда эканлигини изҳор қилди. Шунингдек, мурожаатда терговчи журналист Болот Темировнинг Россияга депортация қилинишидан хавотир билдирилган ва Кампиробод иши бўйича айбланаётган ҳуқуқни ҳимоя қилувчи аёлларга қўйилган айбловларни зудлик билан бекор қилишга чақирилган.

Айни пайтда Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги 13 июл куни Европарламент томонидан қабул қилинган резолюциядан афсусда эканини билдирди. Шунингдек, резолюцияни тайёрлашда Қирғизистон томонидан аниқлик ва қўшимча маълумот сўрамагани қайд этилди. Вазирлик берган маълумотга кўра, “Азаттйк Медиа” билан боғлиқ масала суд орқали ҳал қилинган ва резолюцияда кўрсатилган қонун лойиҳалари муҳокама қилинмоқда.

Европарламент йиғилиши олдидан Маданият вазирлиги ва “Азаттйк Медиа” муассасаси ўртасида тузилган тинчлик битими Бишкек шаҳар суди тарафидан маъқулланди. Натижада Ленин туман судининг қарори бекор қилиниб, суд жараёни тўхтатилди. Бу ҳақида президент матбуот котиби Эрбол Султонбоев “Facebook”даги саҳифасида: “Суд даъвосига асос бўлган чегара можароси ҳақидаги материални “Озодлик” ўзининг барча манбаларидан ўчириб ташлайди. Масаланинг шу тарзда ҳал этилиши феврал ойида Президент Жапаров ва ўша пайтдаги “Озод Европа” радиоси бош директори Жейми Флайнинг учрашувида муҳокама қилинган”, деб ёзди. Аммо Маданият вазирлиги “Азаттйк Медиа” веб-сайтининг блокланишини олиб ташлаш бўйича Рақамли ривожланиш вазирлигига хат юборилиши ва шундан сўнг блокировка олиб ташланиши ҳақида маълум қилди.

Бундан аввал Европада ҳамкорлик ва хавфсизлик ташкилоти (ЕХҲТ) Парламент ассамблеясининг вакиллари ҳам Қирғизистон судининг “Азаттйк Медиа” фаолиятини тўхтатиб қўйиш қароридан хавотир билдирган эди. Ташкилотнинг оммавий ахборот воситалари эркинлиги бўйича вакили Тереза Рибейронинг айтишича, ЕХҲТнинг аксарият мамлакатларида, жумладан, Марказий Осиёда сўз эркинлиги ёмонлашган. Фреэдом Ҳоусе (ФҲ) халқаро ташкилоти “Дунёда эркинлик – 2023” номли янги ҳисоботида Қирғизистонни кетма-кет уч йил “эркин бўлмаган” давлатлар қаторига киритди. “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти эса, матбуот эркинлиги индексида Қирғизистонни ўтган йилгига қараганда 50 ўринга тушириб, 180 мамлакат ичида 122 ўринга қўйди. Буларнинг барчаси Қирғизистон ҳукумати учун сиёсий ва билвосита босим бўлиб, ҳукуматни Озодлик радиоси ҳақидаги қарорини ўзгартиришга мажбур қилди.

Юқоридаги воқеаларнинг ҳақиқатини аниқлаш учун унга чуқурроқ назар ташлаш талаб қилинади. Бунинг учун ички сиёсатга ва ташқи сиёсатга оид воқеаларни алоҳида-алоҳида ажратиб, кейин уларга баҳо бериш керак бўлади.

Қирғизистон СССР парчаланганидан кейин Россия таъсири остида қолган учинчи дунё давлатлари сафидан ўрин олди. Давлат бошига келган раҳбарларнинг айримлари Россияга тўлиқ бўйсуниб хизмат қилган бўлса, баъзилари Ғарб билан алоқа ўрнатишга ва Россиядан узоқлашишга ҳаракат қилди. Бу пайтда Ғарб давлатлари Қирғизистонда демократияни ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, сўз эркинлиги, аёллар тенглиги каби ғоялар асосида ўз таъсирини ёйишга муваффақ бўлди. Бугунги кунда эса, амалдаги президент Жапаров ҳукумати Ғарб билан муносабатларида масофани сақлаш позициясини тутмоқда. Бошқа томондан, Хитой ҳукуматни ўзига хўжайин қилиб танлаб олгани кўзга ташланмоқда. Буни сиёсий келишувлар билан бирга статистик маълумотлар ҳам тасдиқлаб турибди. Масалан, 2022 йилда Қирғизистон ташқи савдоси 11,8 миллиард долларни ташкил қилди. Бу савдода Хитой биринчи ўринни эгаллаб, унинг савдо алоқалари 4,1 миллиард долларга етди. Бироқ Хитой статистик маълумотларига кўра, бундан 4 баробар кўп товар Қирғизистонга импорт қилинган. Қирғизистонни Хитойга боғлаб турган яна бир омил – бу давлатнинг ташқи қарзидир. Қирғизистоннинг ташқи қарзи 4,5 миллиард доллар бўлиб, бундан 2 миллиардга яқини Хитойга тегишли. Шунингдек, грантлар бўйича ҳам Хитой биринчи ўринни эгаллади. Қирғизистонга бевосита ётқизилган сармоянинг 33 фоизи Хитойга тегишли. Бундай ҳолат Россиянинг ғазабини қўзғатмаслиги учун Қирғизистон расмийлари бироз бўлса-да, русларга ён босмоқда. Масалан, юқоридаги Европарламентда муҳокама қилинган қонун лойиҳалари Россия фойдасига таклиф қилинган. “Адилет” юридик клиникаси ҳам тадқиқот ўтказиб, қонуннинг 98 фоизи Россия қонунчилигидан кўчирилганини аниқлади. Шунингдек, жорий йилнинг апрел ойида Жогорку Кенеш раиси Нурланбек Шакиев Москвага борганида Россия давлат думасининг раиси Вячеслав Володин унга “хорижий агентлар” ҳақидаги қонунни тезроқ қабул қилиш кераклигини таъкидлаган эди.

Бошқа томондан, Ғарбнинг “бу қонунлар демократия қадриятларига зид”, деган гапидан у Қирғизистонни Россиядан узоқлаштиришни мақсад қилганини тушунишимиз мумкин. Буни Ғарб расмийларининг Қирғизистонга тез-тез ташриф буюришидан ҳам билиб олиш мумкин. Бироқ Европа ва Американинг юқори мартабали вакиллари Қирғизистонга ташриф буюришига қарамай, икки томонлама стратегик келишувлар имзоланмаган. Масалан, Қирғизистон Европа Иттифоқи билан шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани 1999 йилда имзолаган. Келишувни кенгайтирилган шаклда янгилаш ҳақидаги гап-сўзлар 2017 йилдан бери айтилиб келинади. Европа Иттифоқи ҳамкорлик бўйича янги шартнома тайёр эканлигини 2019 йилда эълон қилган бўлса-да, имзолаш жараёни ортга сурилмоқда. 2022 йил 27 октабр куни Остона шаҳрида президент Садир Жапаров Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишел билан учрашиб, келишувни имзолаш жараёнини муҳокама қилди. Бироқ бу масала Шарль Мишелнинг жорий йил Қирғизистонга расмий ташрифи чоғида охирига етмай қолди.

Қирғизистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларга келсак, Қирғизистон 2015 йил 21 июлда ҳамкорлик тўғрисидаги стратегик ҳужжатни бир томонлама равишда рад этди. Ўшандан буён бир неча марта икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказилган бўлса-да, келишувни янгилаш бўйича ҳеч қандай чора кўрилмади. Натижада Ғарб “Россия Қирғизистон орқали санкцияларни четлаб ўтмоқда” деган баҳона билан ҳукуматга босим ўтказа бошлади. Шу муносабат билан АҚШ, Англия ва Европанинг бир қатор вакиллари амалий ташриф билан Қирғизистонга келиб, санкциялар масалаларини муҳокама қилишди. Бу ишлар Қирғизистон ҳукуматининг Ғарбдан узоқлашишга ҳаракат қилаётганини кўрсатади. Бироқ ҳукумат қатъий тарзда Ғарбга қарши чиқа олмайди. Чунки Ғарб бошқа давлатлар қатори Қирғизистонни ҳам халқаро қонунлар ва ташкилотлар билан занжирбанд қилиб олган. Европарламент босими ва ҳукуматнинг “Озодлик” ҳақидаги қарори буни тасдиқлаб турибди.

Ички сиёсатга келсак, Қирғизистон ҳукумати айни дамда диктаторлик режимини ўрнатиш йўлидан бормоқда. Чунки ҳукуматнинг Хитой билан яқин муносабатларига ҳеч ким қарши тура олмаслиги керак. Шу боис ҳукумат аввало ғарбпараст сиёсатчилар ва кадрларга ҳужум қила бошлади. “Кампиробод” иши бўйича ҳибсга олинган фаоллар ва ҳуқуқ ҳимоячилари ана шу сиёсат остида ҳибсга олинди. Сабаби, Ғарб Қирғизистон-Хитой муносабатларига зарба беришда ана шу кадрларга таяниб келаётган эди. Шунингдек Россия айрим мустамлакачилик кўринишларда Хитой олдида чекинаётган бўлса-да, Хитойнинг ҳокимиятни тўлиқ қўлга киритишини истамайди. Шунинг учун ички мухолифатни кўтариш каби ишлар билан ҳукуматга босим ўтказмоқда. Шу сабабдан ҳокимият иккинчи ўринда россияпараст сиёсатчилар ва кадрларни нишонга олди. Охирги пайтларда давлат тўнтариши баҳонасида қўлга олинаётган ҳибслар, Мадумаров ва унинг партиядошларига қарши олиб борилаётган амалиётлар ҳам ана шулар жумласидан.

Шунинг учун Қирғизистон ҳукумати диққатини Хитойга қаратган ҳолда диктаторлик режимини шакллантиришга ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун у Россияни хушнуд қиладиган қандайдир “совғалар” тортиқ қилишга ҳаракат қилди. Бироқ Ғарб “сўз эркинлиги” мавзусини асос қилиб олиб, Қирғизистон ҳукуматига босим ўтказишга муваффақ бўлди. Ҳукуматнинг “Озодлик” ҳақидаги қарорини ўзгартириши Ғарб олдида чекиниш ҳисобланади. Бироқ, Ғарб империалистлари бу билан қаноатланмайди. Улар ўз малайларидан тўлиқ бўйсунишни хоҳлаганлиги учун босим ўтказишни давом эттириш мақсадида кейинги мавзуни кўтаришади. Бу босимлардан қутулиш учун Қирғизистон ҳукумати “эркинлик қадриятлари”га қарши “миллий қадриятлар”ни амалга оширмоқда. Масалан, икки йилдан бери феминистларнинг ҳаракати миллий кийимдаги номаълум шахслар қаршилигига дуч келмоқда. Ҳукумат қўл остидаги ахборот кучидан фойдаланиб, жамиятда феминизм ва ЛГБТ тарафдорларига қарши бир руҳ шакллантиришга ҳаракат қилмоқда.

Аслини олганда, Ғарб мусулмонларга тиқиштираётган “сўз эркинлиги” ҳийла-найрангдан бошқа нарса эмас. Ғарб қачон мусулмонларни ҳақорат қилса, “сўз эркинлиги”ни рўкач қилади, ўзига келганда эса “сўз эркинлигини” унутади. Масалан, уларнинг даъвосича, бугунги кунда Швецияда Қуръони Каримни ёқиш ва уни ҳақорат қилиш, Францияда Расулуллоҳ (с.а.в.)ни карикатура қилиш “сўз эркинлиги”дир. Бироқ, француз файласуфи Рожер Гароди сионистларнинг сўзларини рад этгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ерда “сўз эркинлиги” ҳисобга олинмади. Демак, Исломга ҳужум қилиш ва уни ҳақорат қилиш юз берса, сўз эркинлиги бўлади. Аммо Ислом ҳукмларини ҳаётга татбиқ этишга даъват қилинса, бошқа динларни ҳақорат қилиш ҳисобланиб, дарҳол тақиқланади. Бундан маълум бўладики, сўз эркинлиги каби жимжимадор сўзлар ва халқаро қонунлар мустамлакачи Ғарб давлатлари манфаатларига хизмат қилиш учун қўлланиладиган воситалардир.

Мумтоз Мовароуннаҳрий

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here