Миллиардерларнинг умумий бойлиги уч баробар кўпайди
Дунёдаги миллиардерларнинг умумий бойлиги 2023 йилга нисбатан уч баробар кўпайди. Бу ҳақда “Оксфам” ташкилотининг 20 январдаги ҳисоботида маълум қилинди.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, инқироз даврида энг кўп фойдани ўта бой инсонлар кўради. Ўтган йили ўртача ҳисобда ҳар бир миллиардернинг бойлиги кунига 2 миллионга кўпайган. Энг бой 10 кишидаги бу кўрсаткич эса 100 миллион долларни ташкил қилган. Шунингдек ўтган йили дунёда ҳар ҳафта тўртадан миллиардер юзага келган. 2024 йилда миллиардерларнинг умумий сони 204 кишига ортиб, 2769 нафарга етди. Айни пайтда, дунёда очликдан азият чекаётганлар сони 733 млн. ташкил этмоқда.
Қирғизистонда уч йил аввал аҳоли орасидаги энг бой қатлам камбағалларга нисбатан 5 баробар кўп даромад олган бўлса, ҳозирда бу кўрсатгич 10 баробардан ошган.
Бунга муқобил равишда, Исломда бойлар ва камбағаллар ўртасидаги фарқни камайтирадиган иқтисодий сиёсат мавжуд. Ислом бойликни бир жойга жамламасликни ва унинг жамиятнинг барча табақалари ўртасида тақсимланишини таъминлашни мақсад қилади. Бу закот тизими орқали амалга ошади.
Закот – бу бойларнинг йиллик даромадидан бир қисмини (2,5%ни) камбағал ва муҳтожларга ажратиб бериш механизмидир. Бу механизм жамиятнинг энг заиф қатламларини қўллаб-қувватлайди ва бойликнинг бир ҳовуч одамлар қўлида тўпланиб қолишига йўл қўймайди. Зеро, закот фақат Қуръонда тилга олинган 8 тоифа кишиларга берилади. Бундай бевосита ёрдам бериш ижтимоий тенглик муҳитини пайдо қилади. Аллоҳ Таоло айтади:
إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاءِ وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللَّهِ وَاِبْنِ السَّبِيلِ
“Албатта, садақалар (яъни, закотлар) фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (Исломга) ошна қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни, жиҳодга ёки ҳажга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур”. (09:60).
Қолаверса, Исломда бойлар нафақат ўз манфаатларини кўзлаши, балки жамият ҳаётини яхшилаш учун жавобгар бўлиши керак. Улар ижтимоий дастурларни молиялаштириш, фақирларга ёрдам бериш ва инфратузилмани ривожлантириш орқали халқнинг турмуш шароитини яхшилаши мумкин.
Бундай сиёсат ҳозирда халқ мулкига эгалик қилиб, халқнинг елкасига оғир юклар юклаётган капиталистларнинг зулмига йўл қўймайди. Балки бу сиёсат туфайли закот юкланган карвонлар бутун юртни кезиб, закот оладиган биронта камбағални тополмаган жарчилар “Ким уйланишни истаса, келиннинг маҳрини биз берамиз”, “Кимнинг зиммасида қарзи бўлса, уни биз тўлаб берамиз”, “Ким ҳажга бормоқчи бўлса, харажатларини биз кўтарамиз”, дея кўчаларни айланиб, жар солади.
Мумтоз Мавароуннаҳрий