Қирғизистонда оилавий зўравонлик 32 фоизга ошди
2024 йил Қирғизистонда 17316та оилавий зўравонлик ҳолати қайд этилди. Бу эса, 2023 йилга нисбатан 32 фоиз ёки 4212 нафар кўп оилавий зўравонлик юз берганини кўрсатади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Хабарга кўра, зўравонлик қурбонларига 14362та вақтинчалик ҳимоя ордери берилган. Улардан 13663 таси аёлларга, 699таси эса эркакларга берилган. Оилавий зўравонлик ҳолатлари бўйича 555та жиноят иши қўзғатилган. Улардан 276таси судга юборилган, 133таси эса қисқартирилган. Яна 38та ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Рўйхатга олинган оилавий зўравонлик баъзан қотилликка сабаб бўлгани учун бу муаммо вақти-вақти билан жамоатчилик ичида муҳокамага сабаб бўлмоқда. Гарчи бу муаммони бартараф этиш давлатнинг вазифаси бўлса-да, расмий маълумотлар зўравонлик йил сайин ортиб бораётганини тасдиқлаб турибди. Бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича қатор таклифлар билдирилиб, хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳимояланмаётгани ҳақидаги фикр-мулоҳазалар кўп билдирилмоқда. Масалан, ноҳукумат ташкилотлар аёллар ҳуқуқлари етарли даражада ҳимояланмаганлигини таъкидлаб, Ғарбда синовдан ўтган қонунларни таклиф қилиб келади. Ғарбнинг ўзи бу муаммонинг гирдобида қолган бўлиб, ундан чиқиш йўлини топа олмай сарсон. Чунки Ғарб давлатлари ҳам Қирғизистон сингари инсон онгидан келиб чиқадиган демократик қонунлар асосида бошқарилади. Шу боис аёлларга нисбатан зўравонлик камайиш ўрнига ортиб бормоқда. Масалан, “The Diplomat” нашри дунёда аёлларнинг қарийб 35 фоизи жинсий ва бошқа зўравонлик турларини бошдан кечираётгани ҳақида ёзди.
Маълумки, аёлларга нисбатан зўравонликнинг асосий сабабчиси ҳозирги кунда қўлланилаётган капиталистик қонунлардир. Зеро, демократия аёлларни эркаклар билан тенглаштириш баҳонасида табиатан заиф бўлган аёлларга эркаклар билан бир хил масъулият юклайди. Аёлларни эркин қилиш ва эркаклардан мустақил (гендер тенглиги) баҳонасида уларни аёлларга мос бўлмаган соҳаларга жалб қилинди. Натижада оилада барқарорлик йўқолди. Эркаклар ҳам, аёллар ҳам ўз бурчларини унутишганлиги учун оилада низолар кучаймоқда. Демак, капиталистик тузум аёллар дуч келадиган зўравонликни бартараф эта олмайди. Аксинча, бу муаммолар ана шу мафкура туфайли юзага келмоқда ва аёллар Ғарбнинг бу “эркинлиги”дан ҳимоя қилинишга муҳтождир. Буни Ғарб расмийларининг баёнотлари ҳам тасдиқлайди. АҚШнинг собиқ давлат котиби Хиллари Клинтоннинг сўзларига кўра, “аёллар умумий ишчи кучининг 40 фоизини, қишлоқ хўжалигидаги ишчи кучининг 43 фоизини ва дунёдаги талабаларнинг ярмини ташкил қилади. Шундай экан, аёлларнинг иқтисодий салоҳиятини сиқувга олиш ҳар қандай давлат учун тайёр пулдан воз кечиш билан баробар”. Клинтоннинг бу сўзлари капитализм ҳақиқатини яққол акс эттириб турибди. Бошқача айтганда, капитализмнинг дунёқараши аёлларга уй бекаси сифатида эмас, балки ишчи кучи сифатида қарайди.
Бунинг муқобилида, Ислом жамиятида зўравонлик кам учрайдиган ҳодисадир. Хусусан ор-номус сифатида бизга берилган аёллар ва келажак авлод сифатида болаларга нисбатан зўравонлик қилиш қабул қилиб бўлмайдиган жиноятдир. Аллоҳ Таоло айтади:
وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ
“Улар билан тинч-тотув яшанглар” (Нисо: 19). Расулуллоҳ ﷺ мусулмонларни аёлларига зўравонлик қилишдан огоҳлантириб шундай дедилар:
لَا يَجْلِدُ أحدُكم امْرَأَتَهُ جَلْدَ الْعَبْدِ ثُمَّ يُجَامِعُهَا في آخِرِ الْيَوْمِ
— Сизларнинг орангиздан бирортангиз ўз хотинини қулдек уриб, сўнг кечки пайт у билан жинсий алоқа қилмасин! (Бухорий ривояти).
Ислом аёлларга уй бекаси ва ҳимоя қилиниши шарт бўлган номус сифатида қарайди. Ана шу дунёқарашга асосланиб, эркак ўз хотини ва маҳрамларини ҳимоя қилади. Шу билан бир қаторда, шариат оиладаги эркак ва аёлнинг табиатига кўра ҳуқуқ ва бурчларини белгилаб берган. Аёл оилада фарзанд дунёга келтириш, уни кўкрак сути билан боқиш, тарбиялаш каби ўзининг табиий вазифасини бажаради. Бу масъулиятни адо этиш учун вақтини, меҳнатини сарфлайди. У бу йўналишдаги ҳукмларни ўрганади ва қўлидан келганича уларга амал қилишга ҳаракат қилади. Бу ҳукмларни бажаришдаги синовларга сабр қилади. Эркак кишининг эса, табиати кучли ва меҳнатга бўлганлиги учун у оила аъзоларининг кундалик эҳтиёжларини таъминлашдан жавобгар. Шунингдек у ўз вазифасидан вақти ортса, уй ишларида хотинига ёрдам бериши суннатдир. Демак, гендер тенглиги баҳонасида эркаклар масъулиятини аёлларга юклаш бугунги кунда кўриб турганимиздек бошбошдоқлик ва муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Ислом бугунги кунда бўлаётганидек фойдани эмас, балки ҳалол ва ҳаромни ҳаёт учун ўлчов қилиб олади. Шу сабабли, ишлашни хоҳлайдиган аёлларга маълум соатларда ишлашлари учун шароит яратиб берилади. Масалан, Усмонли халифалиги даврида аёлларнинг иқтисодий соҳада фаол иштирок этгани маълум. Тарихий маълумотлар шуни кўрсатадики, аёллар деҳқончилик, боғдорчилик ерлари ва кўчмас мулкларга эга бўлиш орқали улардан тушган даромадни ўзлари ишлатган. 18 асрда Ҳалабдаги суд маълумотларига кўра, мулкни сотиш билан боғлиқ аёлларга оид ишлар 63 фоизни ташкил қилган. Маълумки, Исломнинг аёлларга нисбатан уй бекаси ва ҳимояланадиган номус сифатидаги дунё қараши уларнинг иқтисодий фаолиятига зарар етказмайди. Аксинча, ҳар қандай вазиятда ҳам, фаровон яшашини кафолатлайди. Шунингдек Ислом оила ҳаётини меҳр-муҳаббат устига қуради. Аллоҳ Таоло айтади:
وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُم مِّنْ أَنفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِّتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُم مَّوَدَّةً وَرَحْمَةً
“Унинг оятларидан (яна бири) У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир” (Рум: 21).
Хулоса қилиб айтганда, Ислом дини жамият фаровонлиги учун оиланинг мустаҳкамлигига ҳамиша алоҳида эътибор берган. Бинобарин, аёлларнинг ва умуман жамиятнинг фаровонлиги Ислом динини ҳаётга татбиқ этилишига боғлиқдир.
Мумтоз Мавароуннаҳрий