بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Ҳадиси Шариф билан
Киши суйгани билан биргадир
Азиз мухлислар, “Ҳадиси Шариф билан” номли рукнимизнинг янги сонини самимий саломлар билан бошлаймиз. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.
عن أنس رضي الله عنه أن رجلا سأل النبي ” صلى الله عليه وسلم عن الساعة فقال: متى الساعة؟ قال: وماذا أعددت لها؟ قال: لا شيء إلا أني أحب الله ورسوله صلى الله عليه وسلم فقال: “أنت مع من أحببت”. قال أنس: فما فَرِحْنا بشيءٍ فَرَحَنا بقولِ النبي صلى الله عليه وسلم:”أنت مع من أحببت“، قال أنس: فأنا أحب النبي صلى الله عليه وسلم وأبا بكر وعمر، وأرجو أن أكون معهم بحبي إياهم وإن أعمل بمثل أعمالهم.
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда бир киши Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қиёмат қачон бўлади?”, деб сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У учун нима тайёрлаб қўйгансан? дедилар. У “Ҳеч нарса. Лекин мен Аллоҳ ва Росули соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўраман”, деди. Шунда У зот: “Яхши кўрган кишинг билан бирга бўласан”, дедилар. Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Биз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Яхши кўрган кишинг билан бирга бўласан” деган сўзларидан қувонганчалик бирор нарсадан қувонмаган эдик. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умарни яхши кўраман. Мен гарчи улардек амал қилмаган бўлсам ҳам, уларни яхши кўрганим учун улар билан бирга бўлишни умид қиламан”.
“У учун нима тайёрлаб қўйгансан?” Яъни, “қиёмат куни мукофот олиш учун қандай хайрли ишларни тайёрлаб қўйгансан?” деган маънода.
Кармоний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ерда савол берган киши билан ҳикматли тарзда гаплашдилар. Савол берувчидан ўзини қизиқтирган ёки муҳимроқ нарсани сўрамасдан қабул қилдилар. Яъни, Аллоҳ ва Расулини севишини қабул қилди, бундан бошқа амалларни талаб қилмадилар.
“Яхши кўрган кишинг билан бирга бўласан” деганда улардан (яъни жаннатга кирувчи кишилардан) бири бўлиш назарда тутилмоқда. Бундан “Жаннатдаги даражалар ҳар хил бўлса, улар қандай қилиб бирга бўлиши мумкин?”, деган савол туғилиши табиий. Бирга бўлиш ҳамма нарсада бирга бўлишни англатмайди. Балки, бир нарсада бирга бўлишни англатади. Бошқача айтганда, жаннатдаги мартабани эмас, жаннатга бирга кириш маъносини англатади. Яъни, даражалар ҳар хил бўлса-да, жаннатга бирга кириш ва бирга бўлишни англатади.
Анас розияллоҳу анҳу: “Биз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Яхши кўрган кишинг билан бирга бўласан” деган сўзларидан қувонганчалик бирор нарсадан қувонмаган эдик”, дейди. “Саҳиҳи Муслим”да Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Биз иймон неъмати билан қувонганимиздан кейин Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Яхши кўрган кишинг билан бирга бўласан” деган сўзларидан қувонганчалик бирор нарсадан қувонмаган эдик”. У яна: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умарни яхши кўраман”, деди. Яъни, Анас розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва у зотнинг икки севикли саҳобасини яхши кўришини айтди. Уларни (Аллоҳ улардан рози бўлсин) яхши кўриш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўришнинг бир қисмидир. Чунки ҳақиқий яхши кўриш, яхши кўрган нарсасини севишда ва ёмон кўрган нарсасидан нафратланишда унинг ёнида бўлишни талаб қилади. Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳу У зотнинг севимли саҳобалари эди.
Аллоҳ Таоло айтади:
قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ
“Айтинг (эй Муҳаммад) Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади”.
Аллоҳ Таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг икки саҳобасини (Аллоҳ улардан рози болсин), дунёда ҳам, қабрда ҳам бирга қилди ва улар жаннатда бирга бўлурлар. Саҳобалар пайғамбарлардан кейин келганларнинг энг яхшиларидир. Уларнинг энг яхшиси Абу Бакр розияллоҳу анҳудир. Савоб борасида Умардан кейин Усмон, кейин Али ва ҳоказо давом этаверади (розияллоҳу анҳум).
Биз эса, азиз биродарлар! Охират ҳаёти учун нима тайёрладик?
Расулуллоҳга бадавийлардек жавоб қайтарсак, Аллоҳни ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламни қанчалик севган бўламиз? Ҳақиқий севги севгилиси севган нарсани севишни, ёмон кўрган нарсадан нафратланишни талаб қилади, дедик. Хўш, Аллоҳ ва Расули яхши кўрган нарсани биз ҳам севамизми? Аллоҳ Таолонинг муҳаббатига лойиқ бўлиш учун Расулуллоҳга эргашаяпмизми? Агар биз мана шу мартабага ва шу муҳаббатга сазовор бўлишни истасак, кечаю кундузимизни Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга таслим бўлиш билан ўтказишимиз керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом давлатини қурдилар, Исломни ҳаётга татбиқ қилдилар ва уни инсонларга етказдилар. Шунинг учун биз ҳам Исломни қайта тиклашга ҳаракат қилишимиз керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мероси бўлмиш пайғамбарлик минҳожи асосидаги халифалик давлатини қайта тиклаш учун ҳаракат қилиб, суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбон қилган нарсаларни биз ҳам қурбон қилишимиз лозим. Шундагина Аллоҳ Таолонинг ва Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатига муносиб бўламиз.
Азиз биродарлар, навбатдаги «Ҳадиси Шариф билан» номли рукнимизгача Аллоҳ Таолонинг паноҳида бўлинг. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.
30 Жуммадус Саани, 1446ҳ йил.
01 январ, 2024м йил.