БМТ Россиянинг Украинага “энг шафқатсиз ҳужуми”га муносабат билдирди

3008
0

БМТ Россиянинг Украинага энг шафқатсиз ҳужумига муносабат билдирди

 Хабар: БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Россия ҳарбий кучлари томонидан Украинанинг Днепр шаҳридаги тураржойга ракета зарбаси берилганини кескин қоралади. Бу ҳақда бош котибнинг расмий вакили Стефани Трембле маълум қилган. 14 январ куни 9 қаватли уйга бомба ташлангани оқибатида камида 41 киши ҳалок бўлган.

 “Шанба куни тунда Днепрдаги тураржойга ракета зарбаси берилди. Бу ўтган йил февраль ойида Россиянинг Украинага босқини бошланган вақтдан буён кузатилган энг шафқатсиз ҳужумлардан бири саналади”, – дейди Стефани Трембле.

 БМТ раҳбари Днепрга ҳужум уруш жинояти эканини таъкидлар экан, айбдорларга тегишли жазо берилиши кераклигини уқтирган.

 Европа Иттифоқи ташқи сиёсат маҳкамаси ҳам тинч аҳоли яшаётган уйга уюштирилган ҳужумни “инсонийликдан йироқ тажовуз” деб атаган ва жазо муқаррарлиги таъминланишини қайд этган.

 Маълумотларга кўра, Днепрдаги уйга ҳужум оқибатида 41 киши (улардан тўрт нафари болалар) ҳалок бўлган, 77 киши (улардан 14 нафари болалар) жароҳатланган, 46 киши бедарак йўқолган. Вайроналар орасидан ўнлаб одам қутқариб қолинган. Қутқарув амалиёти давом эттирилмоқда. Қутқарув амалиётига юзлаб одам ва ўнлаб техника жалб қилинган.

 Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Днепр ўққа тутилганидан кейин G7 давлатлари ва Европа Иттифоқини Россияга қарши янги санкциялар жорий этишга чақирди.

 БМТ эълон қилган сўнгги маълумотларга қараганда, Россия армияси Украинага бостириб кирган 2022 йил 24 февралдан буён 7031 нафар тинч аҳоли, жумладан, 433 нафар бола ҳаётдан бевақт кўз юмган. 11300 дан зиёд киши, жумладан, 830 га яқин бола жароҳатланган.

 Изоҳ: Россиянинг Чеченистон мусулмонларига қарши олиб борган босқинчилик уруши давомида содир этган жиноятларига БМТ ҳам, дунё ҳамжамият ҳам кўзини юмиб олган эди. 10 йилдан ортиқ вақт давом этган хунрезликлар давомида ўн минглаб тинч аҳоли вакиллари, жумладан, ёш болалар қурбон бўлган эди. Ушбу ушур давомида, Чеченистон мухолифатига кўра, тинч аҳоли орасида 250 минг киши, жумладан 40 минг бола ҳалок бўлганини маълум қилган, “Мемориал” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти тинч аҳоли қурбонлари сони эса 50 минг кишига етганини хабар қилган эди. Бошқа манбаларда келишича, 1990 ва 2000-йиллардаги биринчи ва иккинчи чечен урушларида камида 60 минг тинч аҳоли ҳалок бўлган. Чеченистон муваққат парламенти раҳбари Товус Жабраилов эса бу икки урушда 150 мингдан 160 мингтагача одам қурбон бўлганини айтган эди. Аммо, на БМТ, на АҚШ бошчилигидаги ғарб давлатлари Россияга қарши бирор жазо чораси кўришди.

 Сурия қўзғолони мақсадига яқинлашиб, қонхўр Башар Асад режими қулаш арафасига келиб қолган вақтда АҚШнинг таклифи билан Россия Сурияда “махсус амалиёт” бошлади. 2015-йил 30-сентябр куни бошланган ва ҳозирга қадар давом этаётган “махсус амалиёти” давомида ўн минглаб тинч аҳоли вакиллари Россиянинг “замонавий” қуроллари билан бомбабўрон қилинди. Путин таърифи билан айтганда “рус қўшинлари машғулотларида” мадрасалар, шифохоналар, мактаб ва аҳоли пунктлар вайрон қилинди. Ҳатто, рус жаллодлари тинч аҳолига қарши тақиқланган қуролларнинг ҳаммасидан, фосфорли бомбалар, кассетали бомбалар ва ҳатто бункерларни вайрон қилувчи қудратли қуроллардан ҳам фойдаланди, бутун бошли квартал ва маҳалалар ер билан яксон қилинди. Одатдагидек, БМТ ва дунё ҳамжамияти бу қирғинлардан кўз юмди… Чунки, бу жиноятлар Европадан узоқда ва мусулмонларга қарши содир этилаётган эди.

  Бугунга келиб Россия босқини Европа остонасига боргач, АҚШ ҳам, ЕИ ҳам бир бўлиб, бор имкониятлари билан Украинага ҳарбий ёрдам беришга киришдилар. Бутун дунё назари Россиянинг Украинага қарши урушига қаратилди. Россияга қарши мисли кўрилмаган санкциялар қўллашмоқда. БМТ, халқаро ҳамжамият Россия жиноятларини кунма-кун, соатма-соат қайд қилиб боришмоқда. Путинни халқаро судга тортиш масаласи ҳам кун тартибида турибди. Бу уларнинг уларнинг қанчалар иккиюзламачи ва қўш-стандартли сиёсатларининг айнан ўзи.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here