“Свет” нархини арзонлатишни ваъда қилган Жапаров тарифни ўзгартиришни таклиф қилди

714
0

“Свет” нархини арзонлатишни ваъда қилган Жапаров тарифни ўзгартиришни таклиф қилди

 Мамлакат президенти Жапаров энергетика соҳаси мутахассислари билан йиғилиш ўтказиб, соҳадаги муаммоларни муҳокама қилди. Бу ҳақда Жапаров ўзининг “Фейсбук” саҳифасида ёзди ва сўзлаган нутқини тўлиқ эълон қилди.

 Жапаров ўз сўзида энергетика тизими чуқур инқирозда эканлигини таъкидлаб, ушбу соҳада олиб борилаётган ишлар, ислоҳотлар ва тарифлар ҳақида гапирди. У вазиятни яхшилаш учун шошилинч чоралар кўриш зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, қирғиз энергетикасининг қарзи 129 миллиард сомга етган.

 Садир Жапаров муаммони ҳал қилиш учун биринчи навбатда электр энергияси тарифларини ошириш зарурлигини ва бунинг учун бир неча босқичли таклифлар борлигини айтиб ўтди. Унинг таъкилдалишича, электрдан фойдаланувчиларни бир неча гуруҳларга бўлиш, нархлар шунга қараб белгиланиши керак.

 Жапаров амалдаги 700 КВт соатлик чекловни олиб ташлаш тўғрисида кўрсатма берган.

 Давлат раҳбари “кам таъминланган оилалар учун 74 тийин қилиб, чекловни олиб ташлаш” керак деди. Унинг сўзларига кўра, Қирғизистонда расман 110 минг кам таъминланган оилалар мавжуд.

 “Тоғли ва турмуш шароити оғир бўлган олис ҳудудларга 1 сом 04 тийин қилиб белгилаб, чекловни тўлиқ олиб ташлаш бўйича таклифлар бор. Яшаш шароити яхши бўлган оилаларга 1 сом 48 тийиндан сотиш таклиф қилинмоқда. Бироқ, сув танқислиги сабабли ушбу тоифага қиш мавсумида 1000 кВт соатдан ошиғи учун 2 сом 29 тийиндан бўлсин деган таклифлар бор. Бу бугунги кундаги электр энергиясининг тан нархи. Худо хоҳласа, сувни тўлдириб олсак, кейин чекловни олиб ташлаймиз. Айни пайтда сув хажми кўтарила бошлади. Ушбу қадамларни қўйганимиздагина, биз 2025-йилга бориб энергетик инқироздан чиқа оламиз”, – деди Жапаров.

 Изоҳ: Президент ва бош вазир вазифасини бажарувчи Садир Жапаров халқ билан бўлган учрашувларида халқнинг ундан илтимос қилган асосий сўрови электр энергиясидаги чекловларни бекор қилиш ва нархларни туширишдан иборат бўлган эди. Жапаров Норин вилоятига бўлган иш сафарида маҳаллий яшовчилар учун электр энергиясидаги чекловлар 2021 йилнинг баҳор ойларида бекор қилинишини ваъда қилган эди.

 “Бу қишда эмас, баҳордан бошлаб олса бўлади. Ҳозир ҳам бекор қилсак бўлади. Бироқ халқ бу халқ. Чекловлар олинди деса, электр энергиясини тежаган халқ кўмирни ташлаб, ҳаммангиз электр энергиясига ўтиб кетасизлар. Унда трансформаторларнинг барчаси ёрилиб, базўр ишлаётган электр симлари куйиб кетади”, – деган эди Жапаров.

 Баҳор келиб, кунлар исий бошлагач, Жапаров ўз ваъдасини “бажарди”, яъни чекловларни олиб ташлашни топширди, бироқ шу билан бир вақтда электр нархини икки баробар ошириш бўйича таклиф киритди. Жапаров ўз сўзида қирғиз энергетикасининг қарзи 129 миллиард сомга етганини айтиб ўтди. Бироқ, бу қарздорлик қандай пайдо бўлганига урғу бериб ўтирмади. Ҳолбуки, оддий халқ электрдан 100-150 сом қарз бўлса ҳам қишнинг совуқ ва изғиринли кунларига қарамай электрдан узиб кетилаётган ва бунинг ортидан одамлар вафот этаётган бўлса. Барчамизга маълумки, 2019-йилнинг 20 феврал куни Талас вилояти Талас тумани Қора-Суу қишлоғида электр энергиясидан 185 сом қарздор бўлган бир оила таъминотдан узиб қўйилган эди. Бунинг оқибатида электр таъминотидан узилган оила аъзолари уйнинг ўртасига челак ўрнатиб, унга исиниш учун ўт ёққан. Шундан сўнг ис газидан заҳарланган она ва унинг бир қизи вафот этган, яна икки бола эса касалхонага ётқизилган эди. Ушбу қарздорлик, тармоқда чуқур илдиз отган коррупция, ўртамчилар ва электр учун ҳақ тўламайдиган амалдорлар ҳисобидан вужудга келгани шубҳасиз.

 Бундан ташқари, Жапаров, гўёки “мархамат” кўрсатиб, “кам таъминланган оилалар” учун электр нархини 74 тийинга туширишни таклиф қилди. Бироқ, кам таъминланган оилалар қандай ажратиб олинади ва оила ўзини кам таъминланган эканлигини қандай исбот қилади? Бу ҳам худди болалар нафақасини олиш учун бир дунё қоғозбозлик ва текшурувлардан “эсон-омон” ўта олганлар учунгина бўладими? Маълумки, оилада бир бош хайвони, телевизори ёки кир ювиш машинаси борлар кам таъминланмаганлар сифатида баҳоланиб, уларга бола учун нафақа пули берилмайди.

 Қолаверса, Жапаров айнан электр энергияси нархини арзонлатишни сўраган тоғли ва олис ҳудуддаги Норинликлар учун свет нархини 1 сом 04 тийин қилиб белгилашни таклиф қилди. Бу эса ёз ойларида шундоқ ҳам 700 КВт соатлик чекловдан ошиқча сарфламайдиган аҳоли учун нархларни арзонлатишми ёки халқни гўл санаб улар устидан кулишми? “Яшаш шароити яхши бўлган” оилалар учун эса нархни 1 сом 48 тийин қилиб белгилаш ва бунинг устига 1000 кВт соатлик чеклов қўйилиши, ошиқчаси учун 2 сом 29 тийин нарх белгилаш эса ҳозиргига қараганда нархни икки баробар оширишдан бошқа нарса эмас. Бу оилалар ҳам ёз ойларида 700 КВт соатдан ортиқ электр сарфламаслиги кундек равшан-ку. Қишга борганда эса, сув омборларида сув камлигини баҳона қилиб ваъда қилинган чекловларни бекор қилинмаслиги аниқ.

 Абдулла Қодирий “Ўтган кунлар” ромонида Юсуфбек ҳожи тилидан “Яхши деб йўлида жон берганинг Азизбек, бу кун сенларга яхшилигингни ўттиз икки танга солиқ билан қайтармоқчи бўлди” деган эди. Жапаров ҳам ўзининг ҳокимиятга эришишида қўллаб-қувватлаган, кунлаб намойишларда юрган, “доконца” деб туриб берган қирғиз халқи яхшилигини электр энергияси нархини икки баробар ошириш йўли билан қайтармоқчи. Озиқ-овқат, бензин ва бошқа кунлик эҳтиёжлар нархининг кун сайин ошиб бораётгани эса халқ учун “бонус” бўлмоқда.

 Эй Қирғизистон халқи, ҳокимиятга келгунга қадар қўйниларингни пуч ёнғоққа тўлдириб келаётган президентларни алмаштиришдан чарчамадингларми? Шахсларни эмас, амалдаги бузуқ капиталистик-демократик тузумни ўзгартириш вақти келмадими?

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here