Халифалик… айни пайтда мавжуд бўлмаган ва уни барпо қилиш вожиб бўлган Ислом давлатидир

530
0

Ҳизб ут-Таҳрир – Судан вилояти расмий нотиғининг сўзлаган нутқи

Халифалик… айни пайтда мавжуд бўлмаган ва уни барпо қилиш вожиб бўлган Ислом давлатидир

Халифалик Ислом давлати бўлиб, у бутун дунёдаги барча мусулмонларга бошчилик қилишдир. У Ислом аҳкомларини татбиқ қилиш ва исломий даъватни кўтариб, бутун дунёга даъват ва жиҳод орқали етказувчи ижроий вужуддир.

Халифалик бутун дунёдаги барча бошқарув тузумларидан алоҳида ажралиб турувчи мумтоз тузумдир. У исломий ақидага асосланади ҳамда фуқароларнинг ички ва ташқи ишларини шаръий аҳкомлар билан бошқаради. Исломда халифа ҳам, Уммат ҳам қонун чиқариш ҳуқуқига эга эмас. Бироқ, халифани сайловчи ҳам, халифага Аллоҳнинг Китоби ва Росулининг суннати, саҳобалар ижмоси ва қиёс билан ҳукм юритиши шарти билан байъат берувчи ҳам Умматдир. Халифалик давлати инсоният давлатидир, уни инсон бошқаради. Инсонлар бошқарувда фақат шариат аҳкомларига чеклансалар-да, бироқ, худди ўрта асрларда Европада давлатни бошқариш илоҳий ҳуқуқдир, дея бошқарилгани каби, Халифалик диний давлат эмас.

Халифаликни барпо қилиш ва халифани тайинлаш бутун ер юзидаги барча мусулмонларга фарздир. Бу фарз муқаррар буйруқ бўлиб, унда ихтиёр йўқ. Қолаверса, бу фарзни бажаришга эътиборсизлик қилиш энг оғир маъсиятдир. Чунки, худди мусулмонларнинг бугунги воқелигидагидек Халифалик низоми мавжуд бўлмаслигининг маъноси аҳкомларнинг зое бўлиши ва худди бугунги кундаги каби, Аллоҳ нозил қилган аҳкомлардан бошқа нарсалар билан ҳукм юритиш демакдир. Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло айтади:

وَمَنْ لَمْ يَحْكُمْ بِمَا أَنْزَلَ اللَّهُ فَأُولَئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ

«Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган аҳкомлар билан ҳукм юритмас экан, бас, улар золимлардир» [Моида 45]

Аллоҳ Таолонинг Аллоҳ нозил қилган аҳкомлар билан бошқаришга қатъий шаклда буюриши Халифаликнинг фарзлигини ифодаловчи далиллардандир. Аллоҳ Азза ва Жалла яна бундай дейди:

فَاحْكُمْ بَيْنَهُمْ بِمَا أَنْزَلَ اللَّهُ وَلَا تَتَّبِعْ أَهْوَاءَهُمْ عَمَّا جَاءَكَ مِنَ الْحَقّ

«Бас, улар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм юритинг ва сизга келган ҳақдан юз ўгириб, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг!» [Моида 48]

Аллоҳ Таоло яна бундай дейди:

وَأَنِ احْكُمْ بَيْنَهُمْ بِمَا أَنْزَلَ اللَّهُ وَلَا تَتَّبِعْ أَهْوَاءَهُمْ وَاحْذَرْهُمْ أَنْ يَفْتِنُوكَ عَنْ بَعْضِ مَا أَنْزَلَ اللَّهُ إِلَيْكَ

«Улар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм юритинг, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг ва Аллоҳ сизга нозил қилган аҳкомларнинг айримларидан сизни буриб фитнага солиб қўйишларидан эҳтиёт бўлинг!» [Моида 49]

Набий ﷺ Аллоҳ нозил қилган аҳкомлар билан ҳукм юритишнинг қандай бўлишини баён қилиб, бундай дедилар:

«كَانَتْ بَنُو إِسْرَائِيلَ تَسُوسُهُمُ الأَنْبِيَاءُ، كُلَّمَا هَلَكَ نَبِيٌّ خَلَفَهُ نَبِيٌّ، وَإِنَّهُ لاَ نَبِيَّ بَعْدِي، وَسَتَكُونُ خُلَفَاءُ فَتَكْثُرُ، قَالُوا: فَمَا تَأْمُرُنَا؟ قَالَ: فُوا بِبَيْعَةِ الأَوَّلِ فَالأَوَّلِ، وَأَعْطُوهُمْ حَقَّهُمْ فَإِنَّ اللَّهَ سَائِلُهُمْ عَمَّا اسْتَرْعَاهُمْ»

«Бани Исроилга пайғамбарлар сиёсат юргизарди. Қачон бир пайғамбар ҳалок бўлса, ортидан бошқа бир пайғамбар келарди. Мендан кейин эса пайғамбар йўқ. Халифалар бўлади ва улар кўпайиб кетади. Шунда: бизга нимани буюрасиз? – дейишган эди, айтдиларки: биринчисининг, фақатгина биринчисининг байъатига вафо қилинглар ва уларнинг ҳақларини беринглар, зеро Аллоҳ улардан фуқарони қандай бошқарганлари ҳақида сўрайди». (Муслим ривояти). Набий ﷺ яна айтадилар:

«مَنْ خَلَعَ يَدَاً مِنْ طَاعَةٍ لَقِيَ اللَّهَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ لاَ حُجَّةَ لَهُ، وَمَنْ مَاتَ وَلَيْسَ فِي عُنُقِهِ بَيْعَةٌ مَاتَ مِيتَةً جَاهِلِيَّةً»

«Кимки итоатдан бош тортса қиёмат куни Аллоҳга ҳужжати йўқ ҳолда йўлиқади. Кимки бўйнида байъат йўқ ҳолда ўлса жоҳилият ўлими билан ўлибди». (Муслим ривояти). Росулуллоҳ ﷺ халифанинг битта бўлиши ва ким мусулмонлар бирлигини парчалашга ҳаракат қилса ўлдирилиши лозимлигини таъкидлаб айтадилар:

«مَنْ أَتَاكُمْ وَأَمْرُكُمْ جَمِيعٌ عَلَى رَجُلٍ وَاحِدٍ يُرِيدُ أَنْ يَشُقَّ عَصَاكُمْ، أّوْ يُفَرِّقَ جَمَاعَتَكُمْ فَاقْتُلُوهُ»

«Кимки ишингиз битта кишида жамланиб турган пайтда келиб бирлигингизни бузмоқчи ёки жамоатингизни бўлмоқчи бўлса уни ўлдиринглар». Росулуллоҳ ﷺ яна айтадилар:

«إِذَا بُويِعَ لِخَلِيفَتَيْنِ فَاقْتُلُوا الآخَرَ مِنْهُمَا»

«Агар икки халифага байъат берилса, улардан иккинчисини ўлдиринглар».

Шунга кўра, ушбу фарзни, яъни Халифаликни барпо қилишни рад этишда ер юзидаги бирон бир мусулмон учун узр йўқ. Чунки, бугунги кунда Аллоҳнинг ҳадларини қоим қилувчи йўқ. Қолаверса ҳамма жойда бу ҳадлар бекор қилинган. Шунингдек, Аллоҳнинг тақиқлари эртаю кеч бузилмоқда ва мусулмонлар юртларидаги ҳокимият жилови кофирлар қўлида, улар куфр билан ҳукм юритишяпти. Бундан ташқари, мусулмон юртлари парчаланиб, Ислом байроғи ағдарилиб, Сайкс-Пико байроқлари юксак кўтарилмоқда… ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ.

Дарҳақиқат, Халифалик ўн уч асрдан кўпроқ вақт давомида дунёдаги биринчи давлат бўлиб келди. У мумтоз ҳазоратни яратди. Ҳалол ва ҳаром унинг ўлчови, шариат аҳкомларига чекланиш машъали ҳамда Росулуллоҳ ва саҳобалар сийрати йўлбошчиси бўлди. Халифалик шаҳарларни фатҳ қилиб, одамлар орасида ҳидоятни ёйди, халқларни буюк Ислом дошқозонида тоблаб, уларни ирқчилик ва қабилачиликдан холи ягона Умматга айлантирди. Лекин, Ислом ва мусулмонларга қарши макр-ҳийла қилишни бошлаган кофирлар Мадинаи Мунавварада мусулмонларнинг биринчи  давлати барпо бўлганда биринчи кунлари таажжубга тушишмади, балки Ислом майдони кенгайгани сари улар ҳам макр-ҳийлаларини ортиришиб борди. Ва ниҳоят, кофирлар айни шу ойда, аниқроғи, ҳижрий 1342 йил 28 ражаб, милодий 1924 йил 3 мартда айрим турк ва араб хоинлари ёрдами билан Ислом давлатини йўқ қилишга эришишди. Улар Ислом қасри бўлган Халифаликни қулатишди, мусулмонлар юртларини парчалашди, бу юртларни аввал бевосита кейин билвосита ўз қонун ва низомлари билан бошқаришди. Бу билан ер юзининг ҳамма жойида Аллоҳ нозил қилган аҳкомлар бошқаруви йўқ қилинди. Мусулмонлар аҳволи дўстни хурсанд қилмайдиган, душманни ачинтирмайдиган бўлиб қолди. Улар азизликдан кейин хорликка, илм-маърифатдан кейин жаҳолатга мубтало бўлдилар. Дунё етакчиси ва хўжайини бўлиб келган мусулмонлар дунё карвонидан ортда қолдилар.

Кейин Ҳизб ут-Таҳрир вужудга келди. Натижада Умматга жон кириб, аламли воқеликни ҳис қилган Умматнинг холис фарзандлари ҳаракатга кела бошлади. Лекин, лаънати кофир барча ҳаракатларни кузатмоқда ва у Исломнинг давлати тикланмаслигини жуда истайди. Чунки мусулмонларни бирлаштирувчи давлати барпо бўлиши нимани англатишини у яхши билади, шунинг учун Умматнинг уйғониши олдига тўсиқ қўяди. Мустамлакачи кофирга боғланган ҳукмдорлар ва сиёсий доира ўзгартириш йўлидаги энг катта тўсиқдир. Мусулмонлар юртларидаги, шу жумладан юртимиз Судандаги сохта (ясама) режимлар қиличнинг зўри билан ҳукмронлик қиладиган бўлиб қолди. Қачон мустабид режим йўқолса, бизни айни шу йўл билан, яъни одамлар тузган низом билан бошқариш учун «демократик» дея номланган режимлар келмоқда.

Сўнгги ўн йилликда мусулмонлар юртларидаги халқлар золимларга қарши қўзғалди. Суданда ҳам одамлар Аллоҳ нозил қилган аҳкомлардан бошқа аҳкомлар билан бошқараётган мустабид режимларга қарши учинчи бор қўзғалди. Лекин бу қўзғолонларга сиёсий онг етишмади. Шунинг учун уларни бошқараётган низомда ҳам, одамларнинг турмушида ҳам ҳеч нарса ўзгармади. Ўзгарган нарса баъзи кўринишлар ва шахслар бўлди. Аммо низомнинг асл моҳияти динни ҳаётдан ажратган илмоний низом бўлиб қолаверди. Халқлар бутун сиёсий доиранинг бузғунчи эканини ва уйғонишни асло рўёбга чиқармаслигини англаб етганидан кейин, инша Аллоҳ бу тўсиқ йўқола бошлади. Қолаверса, бугун Уммат Ислом тонги отишини ва пайғамбарлик минҳожи асосидаги иккинчи рошид Халифалик давлати тикланишини орзиқиб кутмоқда. Исломни даъво қилаётган, лекин ҳокимиятга келгач илмоний низомлар билан бошқариб, одамларга зулм, хорлик ва қолоқлик олиб келаётган сиёсий ҳизбларнинг бўлиши ҳам тўсиқлардан биридир.

Бугунги ҳокимларга қарши чиқмасликка чақириб уларга итоат қилиш вожиб деб фатво бераётган айрим шайхлар, сарой уламолари ва исломий ҳаракатлар етакчилари ҳам тўсиқлардан биридир.

Яна тўсиқлик даражасига кўтарила олмайдиган, бироқ айрим одамлар кўтариб юрган баъзи беҳуда гаплар бор. Биз заиф ва иложсизмиз, Америкага бизнинг кучимиз етмайди каби гапларни бунга мисол қилиш мумкин… Бундай журъатсиз кишиларга айтамизки, Набий ﷺ барпо қилган биринчи Ислом давлати Қурайшнинг душманчилиги кучайиб турган ҳамда Форс ва Рум давлатлари бор бўлган бир пайтда барпо бўлди. Чунки ғалаба ёлғиз Аллоҳ ҳузуридан келади, деб билмоғимиз ва Аллоҳни ўзимиздан ҳам яхшироқ кўрмоғимиз даркор. Аллоҳ Таоло айтади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنْ تَنْصُرُوا اللَّهَ يَنْصُرْكُمْ وَيُثَبِّتْ أَقْدَامَكُمْ

«Эй мўминлар, агар Аллоҳга ёрдам берсангиз, У ҳам сизга нусрат-ёрдам беради ва қадамларингизни собит қилади» [Муҳаммад 7]

Аллоҳ Таоло яна бундай дейди:

وَمَا النَّصْرُ إِلَّا مِنْ عِنْدِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ

«Нусрат фақат Аллоҳнинг даргоҳидан бўлур, ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир» [Анфол 10]

Бизнинг Аллоҳга бўлган имонимиз ер юзидаги ҳар қандай куч-қудратдан кучлидир. Жаббор Зотнинг қудрати билан на Американинг қудрати тенглаша олсин ва на бошқа куфр давлатларининг қудрати. Шунингдек, бизнинг кофирлар устидан нусрат қучишга бўлган ишончимиз куч-қудратга, тайёргарлик ва сонга боғлиқ эмас. Аллоҳ Субҳанаҳу бизга кофирлар қандай тайёргарлик кўрган бўлса шундай тайёргарлик кўришни буюрмади, балки, тоқатимиз етганича тайёргарлик кўришни буюрди:

وَأَعِدُّوا لَهُمْ مَا اسْتَطَعْتُمْ مِنْ قُوَّةٍ وَمِنْ رِبَاطِ الْخَيْلِ تُرْهِبُونَ بِهِ عَدُوَّ اللَّهِ وَعَدُوَّكُمْ

«(Эй мўминлар), улар учун имконингиз борича куч ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингизки, бу билан Аллоҳнинг ва ўзларингизнинг душманларингизни ҳамда улардан ташқари сизлар билмайдиган — Аллоҳ биладиган бошқа бировларни қўрқувга солурсиз» [Анфол 60]

Яна шундай кишилар борки, улар; ҳа, биз Ислом Халифалигини хоҳлаймиз, бироқ сизлар эргашган йўл узоқ ва у асло Халифаликка олиб бормайди, деб айтадилар. Биз уларга айтамиз: Биринчидан, Исломий давлатни барпо қилиш тариқати шаръий тариқатдир. Давлатни барпо қилиш тариқатида Росулуллоҳ ﷺга хилоф иш тутиш жоиз эмас. Чунки, у шаръий ҳукм бўлиб, бу йўлдан бошқа йўлга эргашиш мумкин эмас. Амалий тажрибада, Исломни ҳаёт воқелигида вужудга келтириш учун бошқа йўлга эргашганларга муваффақиятсизлик ҳамроҳ бўлди ва уларнинг кўпчилиги ноумидликка учради.

Халифалик давлатини барпо қилишнинг шаръий тариқатига келсак, бу тариқат Исломни фикрат ва тариқат сифатида тушунган ҳамда Уммат орасида фикрий ва сиёсий кураш олиб борадиган онгли ҳизбни ташкил қилишдир. Ушбу ҳизб фикрий курашда тўғри ҳукм ва фикрларни ҳамда асл воқеликни ва унинг Исломга зидлигини баён қилади. Сиёсий курашда эса, мустамлакачиларнинг Умматга қарши тил бириктирувларини ҳамда динини бошқасининг дунёси эвазига сотиб, мустамлакачи кофир манфаатларини ҳимоя қилаётган ўз юртдошларимиз бўлган малайларнинг малайлигини фош қилади, кейин қувват аҳлидан нусрат талаб қилади.

Ҳизб ут-Таҳрир мана шу асосда вужудга келди. У – Халифалик давлати қулатилганидан кейин узилиб қолган исломий ҳаётни қайта барпо қилиш учун Уммат орасида ва у билан бирга фаолият олиб бораётган бирдан-бир ҳизбдир. Исломий ҳаётнинг қайта барпо қилиш пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифаликни қайта барпо қилиш орқали амалга ошади. Биз ушбу буюк иш учун Аллоҳнинг Китоби ва Росулуллоҳ ﷺнинг суннатидан, шунингдек, уларнинг далил эканига Қуръон ва Суннат йўл кўрсатган саҳобалар ижмоси ва шаръий қиёсдан истинбот қилинган дастурни тайёрлаган. Шунингдек, Уммат биргаликда тикламоқчи бўлган давлатнинг аниқ суратини баён қилган. У йигитларга муракказ ҳалқаларда ўқитиладиган, ҳамма учун улар ҳақида маълумот олиш имконли бўлган китобларида бошқарувга, сиёсатга, иқтисодга, ижтимога, таълимга ва булардан бошқа соҳаларга алоқадор барча каттаю кичик масалаларни тушунтириб ўтган. Шу боис, Аллоҳ зулмга тўлган ер юзига адолатни ёйиш учун бизга ўз ҳузуридан ғалаба келтириб, ер юзида шариат барпо бўлгунига қадар Ҳизб ут Таҳрир билан бирга фаолият олиб борган кишидангина гуноҳ соқит бўлади.

Сўзимиз якунида айтамизки, Халифалик орзулар билан ўйнашадиган хаёл эмас, балки, дунёни ёритувчи зуҳро юлдузидир. У ўн уч аср давомида биринчи давлат бўлиб келди ва Аллоҳ ваъда қилганидек яна қайта тикланади. Аллоҳ Таоло айтади:

وَعَدَ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنْكُمْ وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَيَسْتَخْلِفَنَّهُمْ فِي الْأَرْضِ كَمَا اسْتَخْلَفَ الَّذِينَ مِنْ قَبْلِهِمْ وَلَيُمَكِّنَنَّ لَهُمْ دِينَهُمُ الَّذِي ارْتَضَى لَهُمْ وَلَيُبَدِّلَنَّهُمْ مِنْ بَعْدِ خَوْفِهِمْ أَمْناً يَعْبُدُونَنِي لَا يُشْرِكُونَ بِي شَيْئاً وَمَنْ كَفَرَ بَعْدَ ذَلِكَ فَأُولَئِكَ هُمُ الْفَاسِقُونَ

«Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган зотларни халифа қилганидек уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг (аҳволини) хавф-хатарларидан сўнг тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар. Ким мана шу (ваъда)дан кейин куфрони (неъмат) қилса, бас улар фосиқлардир» [Нур 55]

Халифалик Росулуллоҳ ﷺ башорат қилганларидек биз яшаб турган бугунги золим бошқарувдан кейин пайғамбарлик минҳожи асосида яна қайта тикланади. Росулуллоҳ ﷺ айтадилар:

«تَكُونُ النُّبُوَّةُ فِيكُمْ مَا شَاءَ اللهُ أَنْ تَكُونَ، ثُمَّ يَرْفَعُهَا إِذَا شَاءَ أَنْ يَرْفَعَهَا. ثُمَّ تَكُونُ خِلاَفَةٌ عَلَى مِنْهَاجِ النُّبُوَّةِ فَتَكُونُ مَا شَاءَ اللهُ أَنْ تَكُونَ، ثُمَّ يَرْفَعُهَا إِذَا شَاءَ اللهُ أَنْ يَرْفَعَهَا. ثُمَّ تَكُونُ مُلْكًا عَاضًّا، فَيَكُونُ مَا شَاءَ اللهُ أَنْ يَكُونَ، ثُمَّ يَرْفَعُهَا إِذَا شَاءَ أَنْ يَرْفَعَهَا. ثُمَّ تَكُونُ مُلْكًا جَبْرِيَّةً، فَتَكُونُ مَا شَاءَ اللهُ أَنْ تَكُونَ، ثُمَّ يَرْفَعُهَا إِذَا شَاءَ أَنْ يَرْفَعَهَا. ثُمَّ تَكُونُ خِلاَفَةً عَلَى مِنْهَاجِ النُّبُوَّةِ. ثُمَّ سَكَتَ».

«Сизларнинг орангизда Аллоҳ хоҳлаганича пайғамбарлик давом этади. Сўнг Аллоҳ хоҳлаган пайтда уни кўтаради. Сўнг пайғамбарлик минҳожи асосида Халифалик бўлади ва у Аллоҳ хоҳлаганча давом этади. Сўнг Аллоҳ Ўзи хоҳлаганда уни кўтаради. Сўнг раиятига зулм ва адолатсизликлар етадиган подшоҳлик бўлади ва у Аллоҳ хоҳлаганча давом этади. Сўнг Аллоҳ Ўзи хоҳлаганда уни кўтаради. Сўнг золимзўравон подшоҳлик бўлади ва у Аллоҳ хоҳлаганча давом этади. Сўнг Аллоҳ Ўзи хоҳлаганда уни кўтаради. Сўнг пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик бўлади. Кейин Пайғамбар ﷺ сукутга чўмдилар».

Бас, шундай экан, эй мусулмонлар, ҳаммамиз биргаликда дунёю охират яхшилигига эришишимиз учун қўлингизни қўлимизга беринг.

Ҳизб ут-Таҳрирнинг Судандаги матбуот бўлими

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here