Бир миллиондан ортиқ хитойликлар Уйғурларнинг уйларига жойлаштирилди

739
0

Бир миллиондан ортиқ хитойликлар Уйғурларнинг уйларига жойлаштирилди

Хитой ҳукумати бир миллиондан ортиқ этник хитойликларни Шинжонда истиқомат қиладиган уйғурларнинг уйларига жойлаштирди. Уларга уйғурлар турмуш тарзидаги Исломнинг ҳар қандай кўринишлари ҳақида маълумот тўплаш вазифаси юклатилди.

Хабарларда айтилишича, гўё Уйғурларнинг “қариндошлари” сифатида мусулмон оилалар ичига киритилган жосуслар ушбу оилаларнинг Ислом динига қанчалик мойиллигини кузатиб, бу ҳақида ҳукуматни хабардор қилиши лозим.

Америкалик антрополог Даррен Байлер томонидан тайёрланган ҳисоботда билдирилишича, “хитойлик қариндошлар” Уйғурларнинг намоз ўқиш-ўқимаслиги, Рамазон ойида рўза тутиш-тутмаслиги ва аёлларнинг кийинишлари ҳамда оилада  исломий сўзлар ишлатилиши, ҳатто қўшниси билан “ассалому алайкум” деб саломлашуви ҳақидаги маълумотларни дарҳол ёндафтарчасига қайд этиб боради. Оила вакилларининг қарта ўйинлари ва кино дастурларига бўлган муносабатлари ҳам эътибордан четда қолдирилмайди.

Шунингдек ушбу хонадонда хитойликлар тарафидан узатилган сигарет ёки спиртли ичимликларни рад этиш ва эркак-аёлларнинг қўл бериб кўришмасликлари ҳам қайд остига олинадиган ҳолатлардан ҳисобланади.

Мақсад, улар орасидаги концентрацион лагерларга юбориладиган мусулмонларни аниқлашдир. Осиё Жамиятлари Маркази томонидан чоп этилган ҳисоботга кўра, ушбу маълумотлар лагерга жўнатиладиган уйғур туркларини аниқлаш учун тўпланмоқда.

Ҳисоботда айтилишича, 2014 йилда 200 минг, 2016 йилда 110 минг, 2017 йилда эса бир миллиондан зиёд этник хитойликлар мусулмонларининг оилаларига суқулиб кириш учун уйғур қишлоқларига юборилган.

Хитой ҳукуматининг ўзи ҳам бу хабарни расман тасдиқлади. Бироқ бу ҳолат Хитой матбуотида турли этник гуруҳлар ўртасида ўзаро дўстона алоқалар ўрнатиш ва бир-бирига кўмаклашиш ҳамда фуқаролар ва амалдорлар ўртасида «жуфтлашиш» тизимини яратиш сифатида талқин қилинди.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here