Ёрдам ўрнига қамоқ

545
0

Ёрдам ўрнига қамоқ

16 январ куни содир бўлган авиаҳалокат Дача-Су қишлоғидан 35 кишининг ҳаётдан кўз юмишига, 20 зиёд уй-жойни вайрон бўлишига олиб келган эди. Ҳалокат содир бўлиши ортидан Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги махсус ҳисоб очди. Бировнинг дардига бефарқ бўлмаган Қирғизистон фуқароларининг ҳиммати билан қисқа вақт ичида махсус ҳисобга 100 миллион сомдан зиёд маблағ келиб тушди. Бундан ташқари, оддий фуқаролар мусибат етган Дача-Су қишлоқ аҳлига озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа зарурий нарсалар билан ёрдам кўрсатишди.

Афсуски, оддий одамлар тушуниб етган қишлоқ аҳлининг мусибати расмий ҳукумат қулоғига етиб бормаяпти. Авиаҳалокатдан сўнг бу ерда яшашдан қўрқиб қолган қишлоқ аҳолиси ўзлари кўчиб ўтишлари учун бошқа ер ажратиш ва махсус ҳисобга келиб тушган маблағни бўлиштириб бериш талаби билан бир неча бор тинч намойиш ўтказишди. Расмий ҳукумат уларнинг дардига қулоқ солиш ўрнига, қишлоқ аҳолисини қўрқитиш орқали ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилмасликка мажбур қилмоқчи бўляпти.

 “Zanoza” сайтининг Дача-Су қишлоқ аҳолиси хабарига таянган ҳолда хабар қилишича, бундан уч кун олдин нотаниш машиналарда келган одамлар тинч намойиш ўтказиш ташкилотчиси бўлган икки кишини ушлаб олиб кетишган. Бу икки киши ўтказилган намойишда сўзга чиққан ва қишлоқнинг бошқа оламларига ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ёрдам бериб келишган.  17-апрел куни эса яна бир киши – мактаб автобуси хайдовчисини олиб кетишган.

 18-апрел эрта тонгда иккита машинада келган нотаниш одамлар яна иккита фаолни олиб кетмоқчи бўлишган. Бироқ қишлоқ аҳолиси уларни ҳимоя қилиб, олиб кетишларига йўл беришмаган. Бундан ташқари журналистларни ҳам чақиришган. Журналистларни кўрган нотаниш одамлар шошилинч машинага ўтириб жўнаб кетишган.

 “Машиналарнинг давлат рақами йўқ эди. Қора “Лексус”ни бизнинг кўчаларда биринчи кун юриши эмас. Ҳибсга олиш сабабларини ҳам, қаёққа олиб кетишаётганини айтишгани йўқ”,- деди воқеа гувоҳи Адил Кадирбеков.

 Қишлоқ аҳолисининг сўзларига кўра, давлат рақами бўлмаган қиммат машина ҳайдовчилари уйларга кириб, одамларни қўрқитиш орқали намойишга чиқмасликни талаб қилишмоқда.

 “Улар эримга одамларни тинчлантиришни айтишди. Токи улар ҳеч нарса талаб қилишмасин”, – деди ҳибсга олинган қишлоқ раисининг хотини Ажар.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here