Россия ва Ўзбекистон ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантирмоқчи

530
0

Россия ва Ўзбекистон ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантирмоқчи

 Россия ҳукумати мамлакат президенти Владимир Путинга Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш ҳақидаги келишувни имзолашни таклиф қилди.

 “Россия Федерацияси ҳукумати қарор қилади: Россия мудофаа вазирлиги томонидан тақдим қилинган ва Россия ташқи ишлар вазири ва ижрочилик ҳокимиятининг бошқа манфаатдор федерал органлари билан келишилган ҳамда аввалдан Ўзбекистон билан кўриб чиқилган, Россия ва Ўзбекистон ўртасида харбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш ҳақидаги келишув маъқуллансин. Россия президентига бу келишувни имзолаш таклифи берилсин”,- дейилади Россия ҳукуматининг 2016 йил 18 ноябрдаги қарорида.

 Келишувнинг мақсадлари ҳарбий-техник соҳада ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш; қурол ва ҳарбий техниканинг истиқболли намуналари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш; қуролли кучлар, ҳарбий бўлинмалар, ҳуқуқ-тартибот муассасалари ва махсус органларнинг манфаати йўлида ҳарбий мақсаддаги маҳсулотларни яратиш, ишлаб чиқариш, таъмирлаш, модернизация қилиш, уларга хизмат кўрсатиш ва утиллаштириш соҳасида илмий-техник ва ишлаб чиқариш-технологик салоҳиятларни қўллаб-қувватлаш; мамлакатнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашдан иборат.

 Келишув ҳарбий-техник ҳамкорлик соҳасидаги дастурларни яратиш, томонларнинг ваколатли идоралари ва ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, ҳарбий-техник ҳамкорликнинг аниқ масалалари бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиш ва мутахассисларни таклиф қилиш билан амалга оширилиши мумкин.

 Россиянинг ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича федерал хизмати ва Ўзбекистон мудофаа вазирлиги келишувни амалга ошириш бўйича ваколатли идоралар этиб тайинланди.

Туркистон:

Россия АҚШнинг бир неча маротаба Ўзбек армиясини тўла модрнизация қилиш, яъни бутун ҳарбий техникасини тубдан алмаштириб юбориш ҳаракатларини олдини олиб қолди. АҚШ ҳатто Афғонистондан чиқиб кетаётганидан фойдаланиб, бутун ҳарбий техника арсеналини Ўзбекистонга бепул ташлаб кетмоқчи бўлди. Бу техникалардан фойдаланишни ўргатиш мақсадида ҳарбий инструкторлар бериб, узлуксиз керакли ҳарбий техник мосламалари билан таъминлаб туриш механизмини таклиф қилди. Лекин Россиянинг бир қатор босимлари билан бу лоиҳа амалга ошмай қолган эди.

Энди АҚШ таклиф қилган амалиётни Россия давом эттирмоқчи бўляпти. Яъни Ўзбекистон армиясининг салмоқли қисмидаги муддати тугаган ҳарбий техникаларини йўқ қилиб, ўрнига янги сифатдаги ёки ўша эски русумдаги янги ишлаб чиқилган ҳарбий техника ва қуроллар билан таъминлаб олмоқчи бўляпти. Бу ҳаракат Россия учун қурол аслаҳа ва ҳарбий техника томондан муҳтож бўлган бир мамлакатни ўз қўлида ушлаб қолиш имконини беради. Яъни бу механизм Ўзбекистонни яна Россиянинг ҳарбий мустамлакаси сафида қолаётганидан дарак беради.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here