Эрдоған: Дўстим Путиннинг қўллаб қувватлашига муҳтожман

492
0

Эрдоған: Дўстим Путиннинг қўллаб қувватлашига муҳтожман

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Россия телеканалларининг бирида Михаил Гусман тарафидан олиб борилган “Формула власти” дастурининг меҳмони бўлди. Яқин Шарқда юз бераётган ҳодисаларга тўхталган Президент Эрдоған Россия билан ҳамкорлик қилиш учун ҳар қандай қадам ташлашга тайёрлигини билдирди.

“Ушбу минтақада терроризмга қарши умумий курашда ҳурматли ва қийматли дўстим Путиннинг қўллаб қувватлашига муҳтожман. Ушбу соҳада биз Россия билан ҳамкорлик қилиш учун керак бўлган ҳар бир қадамни ташлашга тайёрмиз”, деди Туркия президенти.

Эрдоған Россия самолётининг уриб туширилиши ҳодисасини ҳам эътибордан четда қолдирмади. Унинг таъкидлашича фожеанинг ҳақиқий айбдорлари жазосини олмоқда.

 “Бу мавзу ҳақида мактубимда ҳам ёзган эдим ва бунинг бизлар учун ҳам қайғули ҳодиса бўлганлигини билдирган эдим. Сурия ҳудудида юз берган бу воқеага алоқадор кишилар ҳозирда қўлга олиниб суд ҳукмига топширилган. Тергов давом этмоқда. Рус учувчисининг ўлимига сабаб бўлган шахс шу онда қамоқда ётибди”, деди у.

Эрдоған суҳбат чоғида денгиз соҳиллари рус сайёҳларига мунтазир эканлигини таъкидлар экан, турист сифатида россияликларнинг Туркияга кўпроқ келишига умид билдирди.

“Халқларимиз бир бири билан энг кўп алоқа қиладиган соҳа бу – туризм соҳасидир. Ўтган йили Россия сайёҳларининг сони энг юқори кўрсатгичга яқинлашган эди. Бу йил, эҳтимол, рус сайёҳларининг сони юқори кўрсатгичга етиб, немисларни ҳам ортда қолдириши мумкин эди… Лекин мен ишонаманки, келажакда туризм ҳамкорлигимиз янада кучаяди. Мана, оила ришталари ҳам ортиб бормоқда. Бугунги кунда Туркияда, айниқса, таътил минтақаларида ҳеч қандай муаммо йўқ. Хавфсизлик борасида барча зарур чоралар кўрилмоқда. Келажакда ҳам давом эттирамиз. Шунинг учун ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ. Айни пайтда денгиз соҳилларимиз хавфсиз ва сайёҳлар келишини кутмоқда. Нафақат денгиз туризми, балки маданият, соғлиқни сақлаш, голф, тоғ туризми ҳам мавжуд”, дея қўшимча қилди Эрдоған.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here