Тарих ва тавқит (вақт белгилаш) ва уларнинг шаръий ҳукмларга алоқаси

611
0

Тарих ва тавқит (вақт белгилаш) ва уларнинг шаръий ҳукмларга алоқаси

Саҳл ибн Саҳдан ривоят қилинади, у киши дейди: «Тарих Набий с.а.в пайғамбар қилиб юборилишларидан ҳам, вафотларидан ҳам ҳисобланмади, балки ул зот с.а.внинг Мадинага келишларидан бошлаб ҳисобланди» (Бухорий ривояти). Ҳоким Муслимиинг шартига кўра саҳиҳ деб, Ибн Аббос р.адан чиқарган ҳадисида айтилади: «Тарих Расулуллоҳ с.а.в Мадинага келган йилларидан бошланди ва шу йили Абдуллоҳ ибн Зубайр туғилди».

Жавҳарий дейди: «Тарих вақт таърифидир». «Лисон»да «Тавқит – вақтни белгиламоқ» дейилади. Шофеъий «Ал Умм»да: «Мавқут – валлоҳу аълам – вақтдир, Хилофат давлатининг тарихи ҳижрий тарихдир. У Пайғамбар с.а.в Мадинага келган йилдан бошланади. Бунга, шунингдек, Саҳл ва ибн Аббоснинг ҳадислари далолат қилади».

Дарҳақиқат, саҳобалар ҳам шунга ижмо қилишган. Бу ижмони ҳикоя қилганлардан бири бўлмиш имом Нававий «Исмлар ва сифатлар таҳзиби»да шундай дейди:

«Ҳижрий тарихнинг бошланиши ҳақида: Исломда тарих Расулуллоҳ с.а.внинг Маккадан Мадинага қилган ҳижратларидан бошланди ва саҳобаларнинг барчаси шунга ижмо қилган». Ушбу ижмони ҳикоя қилганлардан яна бири бўлмиш Абуз-Занод уни Воқидийдан нақл қилган. Ибн Касир «Ал-Бидоя ван-Ниҳоя» китобида шундай зикр қилган: Воқидий айтади: «Бизга ибн Абуз-Занод отасидан ривоят қилиб деди: Умар р.а тарих тўғрисида машварат қилди. Улар тарихни ҳижратдан бошлашга ижмо қилишди». Ижмони ҳикоя қилганлардан яна бири Муҳаммад ибн Сириндир. Ибн Касир мазкур манбада Муҳаммад ибн Сириндан, ундан Қурра ибн Холуддусий, ундан эса Абу Довуд Таёлисий қилган ривоятни зикр этган. Дедилар: «Бир киши туриб Умарга қарата: «Тарих қилинглар», деди. Умар: «Тарих қилинглар нима дегани?» деб сўради. «У ажамлар қиладиган нарса. Улар фалон йилнинг фалон ойида деб ёзиб қўйишади», дейилди. Шунда Умар: «Бу иш яхши, демак тарих қилинглар», деди. Шунда атрофдагилар: «Қайси йилдан бошлаймиз?» дейишди. Бир пайғамбар қилиб юборилишларидан дейишса, бир вафотларидан дейишди, сўнгра ҳижратга келишишди. Шундан кейин: «Ҳижратнинг қайси ойидан?» деб сўрашди. Шунда аввал Рамазон таклиф қилинди, кейин Муҳаррам таклиф қилинди, зеро у одамларнинг ҳаждан қайтиш вақти ҳамда ҳаром ой деб, тарих ундан саналишига келишишди».

Саъид ибн Мусайябнинг ривоятини Ҳоким саҳиҳ деб келтиради, Саъид дейди: «Умар одамларни тўпладилар-да: «Тарих қайси кундан бошлаб ёзилади?» деб сўрадилар. Алий ибн Абу Толиб: «Расулуллоҳ ҳижрат қилган ва ширк ерини тарк этган кундан бошлаб», дедилар. Умар р.а шундай қилдилар».

Бир йил шаръан ўн икки ойдир. Аллоҳ Таоло айтади:

إِنَّ عِدَّةَ الشُّهُورِ عِنْدَ اللَّهِ اثْنَا عَشَرَ شَهْراً فِي كِتَابِ اللَّهِ يَوْمَ خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ مِنْهَا أَرْبَعَةٌ حُرُمٌ ذَلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ فَلا تَظْلِمُوا فِيهِنَّ أَنْفُسَكُمْ وَقَاتِلُوا الْمُشْرِكِينَ كَافَّةً كَمَا يُقَاتِلُونَكُمْ كَافَّةً وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ مَعَ الْمُتَّقِينَ

– „Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг саноғи Аллоҳ осмонлар ва ерни яратган кунида белгилаб қўйганидек ўн икки ойдир. Улардан тўрти уруш ҳаром қилинган (ойлар)дир. Мана шу ҳақ диндир (яъни, ҳақ ҳукмдир). Бас, у ойларда (урушни ҳалол деб жангга кириб) ўзларингизга зулм қилмангиз! Барча мушриклар (бу ҳукмга қарамай) сизларга қарши жанг қилгани каби (биринчи бўлиб жанг бошласалар), сизлар ҳам барчангиз уларга қарши жанг қилингиз! Ва билингизким, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир“.   [9:36]

Бухорий Абу Бакрадан, у киши Пайғамбар с.а.вдан ривоят қилади, Набий с.а.в дедилар: «Замон Аллоҳ еру осмонларни яратган кундаги ҳолатидек айланиб келди. Бир йил уни икки ойдир, ундан тўрттаси ҳаром, учтаси кетма-кет келади: Зулқаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам ҳамда Жумоди ва Шаъбон орасидаги Ражабдир».

Ҳижрий йилнинг ойлари юқорида зикр қилинган Муҳаммад ибн Сириндан Таёлисий нақл қилган ижмо далилига асосан Муҳаррамдан бошланади, зеро ривоятда «Муҳаррамга келишдилар» дейилган. Шаъбий буни «иттифоқ» деб атаган. Ибн Ҳажар «Фатҳ» китобида Шаъбийдан Ҳокимнинг ривоятини келтиради. Абу Мусо Умарга: «Сиздан бизга тарихи (санаси) бўлмаган мактублар келяпти», деб ёздилар. Шунда Умар одамларни тўпладилар, айрим кишилар тарихни «мабъас»дан бошланг дейишса, баъзилар ҳижратдан бошланг, дейишди. Шунда Умар: «Ҳижрат ҳақ билан ботил орасини ажратди, демак тарих (сана)ни ундан бошлаб ёзинглар», дедилар. Бу ҳодиса ўн еттинчи йил юз берди. Улар бунга келишгач, баъзилар тарихни Рамазон ойидан бошланг, дейишди. Умар: «Йўқ, Муҳаррам ойидан бошлаймиз, чунки у одамлар ҳажларидан қайтадиган вақт», дедилар ва барча шунга иттифоқ қилди». Ибн Аббос Аллоҳ Таолонинг «وَالفَجْرِ» сўзини тафсир қилдилар, уни Байҳақий «Шаъб» китобида ва Саид ибн Мансур «Сунан» китобида ривоят қилишади. Бу тўғрисида Суютий «Тадриб-ар-ровий» китобида Аллоҳ Таолонинг «وَالفَجْرِ» ояти ҳақидаги ибн Аббосдан Саид ибн Мансурнинг лафзи ва гўзал санади билан бўлган ривоятни айтганлар: «Фажр Муҳаррам ойи ва йилнинг бошидир», дедилар. Қуртубий Қатодадан ривоят қиладиларки, у киши дедилар: «У Муҳаррамнинг биринчи кунининг тонгидир, йил ўша кундан бошланади».

Ҳижрий ойлар қуйидагилардир: Муҳаррам, Сафар, Рабиул-аввал, Рабиус-соний, Жумодул-увло, Жумодус-соний, Ражаб, Шаъбон, Рамазон, Шаввол, Зулқаъда ва Зулҳижжа.

Бир ой йигирма тўққиз ёки ўттиз кеча бўлади, ундан ошмайди. Бунга Бухорий келтирган Ибн Умар р.анинг ҳадислари далилдир. Расулуллоҳ с.а.в дедилар: «Ой йигирма тўққиз кечадир. Уни кўрмасдан туриб рўза тутманглар. Агар ой сизларга яхши кўринмаса, кунини ўттиз қилиб тўлдиринглар». Ойнинг бошланиши бўлмиш ҳилол (янги туғилган ой) фақат кўз билан кўриш билан билинади, зеро ул зот с.а.в «Кўрмасдан рўза тутманглар», деганлар. Муслимнинг ривоятида «Расулуллоҳ с.а.в Рамазонни зикр этиб, икки қўлларига уриб бунча, бунча, бунча дедилар, учинчисида бош бармоқларини букдилар», дейилади. «Ойни кўриб рўза тутинглар ва уни кўриб рўзани очинглар, агар осмон булутли бўлиб ой сизларга кўринмаса, рўзани ўттиз кун қилиб белгиланглар», деган ҳадис бор.

Икки қўлни уч бора уриш ўттизга тенг бўлади. Агар учинчисидан бош бормоқни камайтирсак, Бухорий келтирган ҳадис каби, ой йигирма тўққиз кунлиги аён бўлади. Рамазоннинг, Шаввол ва бошқа ҳар бир ойнинг кириб келганини аниқ қабул қилиш унинг ҳилолини кўрмоқ билан бўлади. Шунингдек, ҳилолни топмоқ ҳисоб орқали ёки асбоблар ёрдамида эмас, балки танҳо кўз билан бўлиши лозим. Ибн Таймия ҳам «Иқтизоус-сиротил-мустақим»да юқоридагидек кўришга бўлган ижмони зикр қилиб шундай деган ва ижмодан кейин чиққан баъзи бир мухолиф мутааххирийн (камдан-кам учрайдиган шахс)ларни ҳисобга олмаганда, бу мусулмонлар ижмо қилган нарсага далилдир.

Яъни, рўза, фитр, нусук (шаръий маросим)лар вақтлари Рум, Форс, Қибт, Ҳинд бўлган ажамлар ва яҳуду насоро бўлган аҳли китоблар йўл тутган ҳисоб-китоб билан эмас, балки имкон бўлганда ойни кўрмоқ билан бажарилади. Ибн Таймия ҳикоя қилган ушбу ижмо саҳобалар ижмосини ўз ичига олиб, шаръий ҳужжат деб эътибор қилинади.

Ойнинг бошини билмоқ рўза, ҳаж, жизя каби ҳукмлар унга тааллуқли бўлганлиги боис фарздир. Унинг рўза ва ҳажга алоқаси аниқ-равшандир. Жизяга келсак, агар омонлик олган бир кофир Ислом диёрига Муҳаррамнинг биринчи куни кириб келиб, кейинги Муҳаррамнинг бошигача турса, унга жизя солинади. Муҳаррамнинг ҳилолини кўрмай, зилҳижжа ойининг охирида чиқиб кетса бундай бўлмайди.

Шунингдек, ҳафта кунларини билмоқ ҳам фарздир. Чунки бунга баъзиси вожиб, баъзиси мандуб бўлган бир неча ҳукмлар тааллуқли, масалан: жума намози, шу кундаги дуо ижобат бўладиган соатларни қасд қилиш, Набий с.а.вга салавот, Дажжол фитнасидан нажот топиш учун сураи «Каҳф»ни ўқиш, душанба, пайшанба рўзаси ва бошқалар. Шу боис ҳафта кунларини билиш худди йил ойларини билиш каби – уларга баъзилари вожиб бўлган бир қанча ҳукмлар тааллуқли бўлганлиги учун – вожибдир. Демак, буларни билиш «Вожиб у орқали амалга ошадиган нарса ҳам вожибдир» жумласига кирадиган вожибдур.

Кеча ва кундузни билиш – унга бир неча ҳукмлар тааллуқли бўлгани туфайли – вожибдир. Мазкур қоидага кўра бу аҳкомларнинг айримлари – худди Рамазон рўзаси, Арафада туриш, Наҳр (қурбонлик) кунидаги баъзи амаллар каби – вожибдир.

Кун деб – «Лисонул-араб» луғатида айтилганидек – «кун чиққандан ботгунча» давом этадиган вақт миқдорига айтилади. Шариатда эса кун деб тонг отишидан кун ботгунча давом этган вақтга айтилади, чунки у нақл қилинган нарсалар жумласидандир. Яъни, кун (кундуз)нинг бошланиши кун чиқишдан тонг отишга кўчирилган. Аммо унинг тугаши луғатда ҳам, шариатда ҳам куннинг ботишидир. Тун эса кун ботишидан бошлаб тонг отишигача давом этади.

Куннинг кечаси унинг кундузидан олдин бўлади. Ҳузайфадан келтирилган муттафақун алайҳ ҳадис бунинг далилидир. Унда: «… Ҳузайфага «Умар эшик (фитна эшиги)ни билар эдими?» дедик. У: «Ҳа, эртадан олдин унинг кечаси келишини билгандек», деди». Ва Абдурраззоқ Алийдан ривоят қилган ҳадис ҳам бунга далилдир. Унда: «… Агар сен у иккисининг шу ишни қилганини кўрган бўлсанг эди, чунки улар фитна орқасида юрган кишининг фитна олдида юрган кишидан афзаллигини, бу фарз намоз нафл намоздан афзаллиги каби эканлигини, эрта олдидан кечаси бўлишини билганларидек билардилар». «Лайлаҳу» калимаси музоф, музофун илайҳ ва «эрта» сўзига борадиган замир бўлиб, бу «ة» эмас. Ҳар бир эртанинг олдида кечаси бор ва бу Аллоҳ Таолонинг қуйидаги:

وَلاَ اللَّيْلُ سَابِقُ النَّهَارِ

– „Ва на кеча кундуздан ўзгувчидир“,                                       [36:40]

сўзига зид келмайди. Чунки оятнинг маъноси кеча кундузга етиб олиш учун ундан ўтиб кета олмайди, ҳар бирининг олдинга ўтиб ҳам кетмайдиган, орқада қолиб ҳам кетмайдиган чегараси бор, деганидир. Демак, кундуз тугамай кечаси бўлмайди. Ҳар куннинг кечасини билишга ҳам бир неча ҳукмлар тааллуқлидир, масалан ойдин (ойнинг ўн уч, ўн тўрт ва ўн бешинчи) кечалари, Шаъбоннинг ярмидаги кеча, таровиҳ ва жума кечаси «Каҳф» сурасини тиловат қилиш кабилар. Жума кечаси деб жума кунидан олдинги кечага айтилади. Ийд кечаси ҳам ийддан олдинги кечадир. Ғарбликларда эса куннинг кечаси ундан олдинги эмас, кейинги кечадир. Улардаги жума кечаси биздаги шанба кечасига тўғри келади ва ҳоказо.

Кеча ва кундузни соат ва дақиқаларга бўлиш, гарчи ибодатларнинг шаръий вақтлари нассларда соат ва дақиқалар билан белгиланмай, ҳилол ва куннинг тонги, кун чиқиши, завол, соя, кун ботиши ва шафақ каби ҳолатлари билан белгиланса-да, мубоҳ амаллардан саналади. Лекин соат ва дақиқаларга баъзи идорий ишлар бевосита алоқадордир. Масалан, давоматни сақлаш учун ташкилотлар, муассасалар, мадраса ва корхоналарда вақтни белгилаш каби. Шунга кўра, кеча ва кундузни соатларга тақсимлаш жоиз ишлар жумласига киради. Бу ерда илм ва саноатга тааллуқли шундай нозик ишлар борки, улар жуда аниқ ўлчамларга муҳтож бўлади. Лекин уларнинг шариатга алоқаси йўқ бўлиб, илмий ёки идорий бўлишдан нарига ўтмайди ҳамда мубоҳлигича қолади. Зеро Кобул, Самарқанд, Кайравон ёки Ғарнота аҳолисининг ибодат ва муомалотларида – соат ва дақиқалар билан вақт белгилаш нуқтаи назаридан – Макка вақтини билишга ҳеч қандай эҳтиёжлари йўқ. Шунинг учун саҳиҳ ҳадисда шариат оғирлик ўлчовларини Макка аҳли ўлчовига, ҳажм ўлчовларини Мадина аҳли ўлчовига боғлиқ қилганини ва ойнинг бошланишини мутлақ кўришга боғлиқ қилганини кўрамиз. Лекин шариат вақтни соат ва дақиқаларга боғлиқ қилмаган ва бирлаштирмаган. Агар бирлаштиришга эҳтиёж бўлганда эди, унинг учун шаръий қоида яратган бўлар эди.

Анаснинг Расулуллоҳ с.а.вдан ривоят қилган «Кеча ва кундуз йигирма тўрт соатдир» деган ҳадислари ҳақида Ибн ал-Жавзий «Илал» китобида: «Бу ҳадис саҳиҳ эмас», деганлар. Мен айтаманки: Ҳадис санадларидан бирор санад бу каби гапдан саломат эмас. Бунинг устига биз агар биринчи, иккинчи, учинчи соатларни то йигирма тўртинчи соатгача аниқламоқчи бўлсак, биринчи бўладиган бошланиш соатига ва охирги бўладиган тугаш соатига муҳтож бўламиз. Бу инсонларнинг идорий ишлардаги эҳтиёжлари учун лозимдир. Юқорида айтилган кеча кундуздан олдин бўлишига қараб, кечанинг бошланиши вақт белгилашнинг бошланиши, кундузнинг охири эса унинг тугаши бўлиши мумкин.

Агар биз Гринвич вақт лабораторияси жойлашган маконни вақт андозаси деб аталмиш тахминий чизиқ қилиб белгиласак, бу Маккадан ўтган чизиқ бўлиши мумкин, чунки у биринчи сув тарқалган қуруқлик ва ер шу жойдан тортилган. Байҳақий «Шаъб» китобида ибн Аббосдан келтириб дейди, Расулуллоҳ с.а.в дедилар: «Ер юзига қўйилган биринчи жой Байтуллоҳ ўрнидир, бошқа ерлар ундан кейин тортилган…».

Ва уни Ҳоким ибн Аббосдан мавқуф ҳолда ривоят қилиб, иснодини саҳиҳ деган, аммо икки имом (Бухорий ва Муслим) уни келтиришмаган. Шундай қилиб, Макка вақт мезонининг чизиғи бўлиши ҳамда ер юзидаги ҳар бир шаҳар ўзининг жуғрофий жойлашишига биноан вақт тафовутига риоя қилиши мумкин бўлади. Чунки соат ва дақиқаларга тааллуқли бўлган ишларда вақтни белгилаб, уни битта вақтга келтириш мумкин эмас ва у шаръан талаб ҳам қилинмайди, лекин мубоҳ ишлар жумласидан бўлиб қолаверади.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here