Путин: АҚШ ва Исроил билан муштарак гуруҳ туздик

462
0

Россия президенти Владимир Путин Сурияда амалга оширилаётган ҳужумларда Исроил ва АҚШ билан ҳамкорлик қиладиган муштарак гуруҳ ташкил қилинганлигини маълум қилди. Путин бу ҳақида Россиянинг 24 каналига берган интервюсида тўхталиб ўтди.

“АҚШлик ва исроиллик дўстларимиз билан бирга ҳаракат олиб борадиган гуруҳ ташкил қилдик. Турк дўстларимиз билан ҳам боғлиқлигимиз мавжуд. Кутилмаган ҳодисалар юзага келишининг олдини олиш учун АҚШ ҳамкорликда ҳаракат олиб боришни таклиф қилди. Бундай пайтда ҳеч қандай мулоқот бўлмагандан кўра, шу ҳам бўлса яхшироқдир”, деди Россия президенти.

Суриядаги ҳаво ҳужумлари учун аввалдан таёргарлик кўрилганлигини билдирган Путин “Узоқ вақт мобайнида ҳаводан ва космосдан изланиш олиб бордик. Етарлича захира ва кучларни керакли жойда тўпладик. Булар бир вақтнинг ўзида бўлиб қолган ишлар эмас, балки аввалдан тайёрлаб қўйилган режаларнинг амалга оширилишидир”, дея қўшимча қилди.

Путиннинг таъкидлашича, Россиянинг ҳужумлари Сурияда сиёсий ечимга эришиш мақсадида олиб борилмоқда.

“Биз Сурия қуруқликларида олиб борилаётган ҳарбий амалиётларда иштирок этмаймиз. Бизнинг вазифамиз Сурияда қонуний бошқарувни барқарор ҳолга келтириш ва сиёсий ечимга эришиш учун шарт-шароитларни тайёрлашдир”, деди У.

Путин Сурия аҳолисининг қирғин қилинишини “сиёсий ечимга эришиш учун шарт-шароитларни тайёрлаш”, деб атади. Маркази Лондонда жойлашган “Сурия инсон ҳуқуқлари” ташкилоти эълон қилган ҳисоботга кўра, Россиянинг ҳужумлари оқибатида икки ҳафта ичида 104 нафар тинч фуқаро ҳалок бўлган. Улар орасида аёллар ва ёш болалар ҳам бор.

Ҳисоботда айтилишича, ИШИДга қарши ҳужум қилиш даъвоси билан Сурияга кирган Россия шу вақтгача 23 марта ҳужумни амалга оширган. Аммо бу ҳужумлардан 15 тасида Асадга қарши курашаётган мухолиф гуруҳлар, 5 тасида ИШИД назорати остидаги минтақаларда яшайдиган тинч аҳоли ва 3 тасида мухолифатга тегишли майдонлар нишонга олинган.

“Россия ИШИДга ҳужум қилаётганини ҳар қанча даъво қилаётган бўлса ҳам, бироқ воқелик бунинг аксини кўрсатмоқда. Тинч фуқароларни бомбардимон қилиш халқаро инсон ҳуқуқларини бузишдир”, дейилади ҳисоботда.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here