Ўзбекистон ҳукуматининг қарорига асосан 10 январдан бошлаб Ўзбекистонда бензин нархи 20 фоизга оширилган эди. Бу оширишлардан сўнг бир литр Аи-80 бензини ва ёқилғи дизелининг давлат белгилаган нархи 2005 сўмни ташкил этган ва бензиннинг ўртача нархи қарйиб 400 сўмга қимматлаган эди. Бу нарх аввал 1670 сўмни ташкил этар эди. Аи-91 бензини 1835 сўмдан 2210 сўмга, Аи-95 бензини эса 2020 сўмдан 2435 сўмга кўтарилган.
Бензин нархини кўтарилиши ортидан озиқ-овқат махсулотларини нархи ошиши табиийдир. Чунки бу махсулотларни ташиб келтириш, ишлаб чиқариш ва савдо дўконларига етказиш учун йўл ҳақини кўтарилиши махсулот таннархини кўтариб юборади. Бундан ташқари Ўзбекистон ҳукумати нақд пул айланмасини камайтириш учун иш ҳақи ва нафақаларни пластик карточкага ўтказилиши оддий аҳолини шундоқ ҳам қийин бўлган ахволини янада мушкуллаштириб юбормоқда. Чунки пластик карточка билан бозорда савдо қилиб бўлмаса, пластик карточкаларни ишлатиш мумкин бўлган магазин ва супермаркетларда эса нархлар бозордагидан анча қиммат. Шу кунларда Тошкентдаги супермаркетларда бир кило мол гўшти 29 минг сўмдан сотилмоқда.
Гарчи Марказий банк нақд пул тақчиллигини инкор этаётган бўлсада, аммо оддий фуқаролар пластик картага ўтказиладиган иш ҳақини ҳам ўз вақтида олиша олмаяпти. Бунинг натижасида одамлар ўзларининг асосий эҳтиёжларини қондиришни қисқартиришга ва камайтиришга мажбур бўлмоқдалар.
Фақатгина ўз шахсий манфаати ва даромадини ўйлайдиган ҳокимлар эса оддий халқнинг бундай ҳолати ва қийинчиликларига заррача парво қилмайдилар. Бу ҳокимлар ўзлари эгаллаб турган мансабдан фойдаланиб имкони борича кўпроқ бойлик тўплаб олиш пайидалар холос.