“Пулинг бўлса чангалда шўрва”

697
0

000

Нафақат вилоятлар, балки пойтахт Тошкентни ҳам қамраб олган сурункали бензин  тақчиллиги Ўзбекистонда хизмат кўрсатишни янги турини пайдо қилди.

Бу хизмат шундан иборат, агар сиз автомобилларга ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида (АЁҚШ) асабни бузувчи ва кўп вақтни талаб қилувчи навбатда турмай бензин олишни хоҳласангиз, сизга телефон рақамини беришади, бу рақамга қўнғироқ қилиб шаҳарни исталган нуқтасига 20 литрдан 60 литргача бўлган бензин олиб келиб беришни буюришингиз мумкин, аммо расмий нархи бир литрига 1650 сўм бўлган бензинни 2500-3000 сўмдан олиб келиб беришади. Бунга қўшимча, олиб келиб берувчини транспорт чиқимини ҳам қўшиб тўлашингиз керак бўлади. Бу қўшимча хизмат ҳаққи буюртма берувчини узоқ ёки яқинда жойлашганига қараб белгиланади, аммо 15 минг сўмдан кам эмас.

Бироқ, Ўзбекистондаги аксар хусусий транспорт эгалари бундай “хизматдан” фойдаланиш имконига эга эмаслар. Чунки шундоқ ҳам иқтисодий қийинчилик ҳолатида, рўзғор тебратиш учун пул топиши муаммо бўлиб турган бир пайтда бунча пул оддий одамлар учун катта хисобланади. Шунинг учун ҳам кўпчилик ўз шахсий автомобилини уйида қолдириб, жамоат транспортидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.

Агар сизни ўз машинангиздан фойдалангиз келиб қолса ҳамда асабингизга ва вақтингизга ачинмасангиз, у ҳолда АЁҚШ олдида пайдо бўлган ва бир неча километрга чўзилиб кетган навбат ва ур-йиқитда соатлаб туришингиз керак бўлади. Шунда ҳам агар омадингиз чопиб сизга навбат етиб келгунча бензин тугаб қолмаса, 5 литр бензин олиш “бахтига” муяссар бўлишингиз мумкин.

Ўзбекистон ҳукумати бошқарувида турган, ўз шахсий манфаати ва ҳамёнинигина ўйлайдиган раҳбарлар  ва бу тузум маддоҳлари эса воқега умуман мос келмайдиган, “мамлакатимиз 1996 йилда тўлиқ энергетик мустақилликка ва кейинроқ ғалла мустақиллигига эришди. Бу эса ўз навбатида шу махсулотларни четдан келтиришга сарфланадиган валюта маблағларини тежаб қолишга имкон берди. Шу тежаб қолинган валюта маблағларини ишлаб чиқариш қувватларини қайта жиҳозлашга сарфланганлиги миллий иқтисодиётда тузилмавий ислоҳотларни анча илгари суриш имконини берди”,- каби хисобот ва хабарларни 22 йилдан буён қайтараверишдан чарашмайди ҳам.

Оддий халқ бўлса “тош келса кемириб, сув келса шимириб” амаллаб ўз кунини ўзи кўриб юраверади.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here